Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

14.05.2020


ЎТАМАЙЛИДА ҚОВУН ПИШДИ

Қишлоқ хўжалиги

Воҳамизда май ойининг бошида тарвуз пишган бўлса, эндиликда қовун ҳам аҳоли дастурхонига етиб борди. Таъми тилёрар ва харидоргир қовунлар Чироқчи туманининг Ўтамайли ҳудудида етиштирилмоқда. Бу борада чироқчиликларнинг лалми майдонлардан қўшимча ерлар ўзлаштириб, суғориш учун артезиан қудуқларидан фойдаланаётгани қўл келаяпти. Натижада полиз маҳсулотлари аҳолига кўникилган муддатлардан анча эрта тақдим этилмоқда.

- Уч йилдан бери қовун етиштириш сирларини ўзлаштираяпман, - дейди ўтамайлилик томорқа ер эгаси Руфат Бўриев. – Йилдан-йилга экин майдонини кенгайтириб, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошираяпмиз. Келгусидаги мақсадимиз – четга қовун экспортини йўлга қўйиш. Бу йил эртапишар қовуннинг “Дакара” навини эккандик, ҳосил майнинг ўртасига етмай тайёр бўлди.

Уста деҳқонларнинг билдиришича, туманда йилнинг февраль  ойиданоқ қовун парваришига киришилади. Бунда асосан “Жиян”, “Торпедо”, “Аэропорт” каби экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланади.

Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эрта ҳосил олиш имконияти ошади.

Вилоят божхона бошқармаси ходимлари ушбу ҳудудда бўлиб, фермер ва томорқа эгаларига юртимизда тадбиркорлик соҳасига кенг имкониятлар яратилганлиги, шунингдек, маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришда божхонада яратилган қулайликлар тўғрисида тушунтиришлар бериб, бу каби имкониятлардан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш нафақат тадбиркорнинг ўзига, балки давлатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хисса қўшиши юзасидан фикр алмашишди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo