Чироқчи тумани Ўтамайли қишлоғилик ёш тадбиркор Солиҳ Ражабовнинг томорқасида тарвуз пишди. Умумий майдони 10 сотихга тенг иссиқхоналарда етиштирилган полиз маҳсулотларининг дастлабки партияси Қарши шаҳридаги супермаркетлардан бирига етказиб берилди.
Маълумотларга кўра, Голландиянинг “Nunhems” компанияси томонидан яратилган тарвузнинг эртапишар “Dolby” дурагайи уруғлари ўтган йилнинг 20-25 декабрь кунлари кичик “парник”да экилган эди. Махсус стаканчаларда етиштирилган кўчатларнинг бир қисми январь ойининг охирида катта иссиқхоналарга кўчирилди.
- Бу йил тарвузларимиз олдинги йиллардан кўра бироз эртачироқ, яъни апрель ойининг ўрталарига келиб пишиб етила бошлади, - дейди Солиҳ Ражабов. – Уларни ҳозирча ички бозорда сотаяпмиз ва 10 сотих иссиқхонадан 4-5 тонна маҳсулот олишни мўлжаллаяпмиз. Февраль ойида яна икки гектар ерда плёнка остига тарвуз кўчатлари эккан эдик, насиб бўлса, уларнинг ҳосилини май ойининг бошида териб оламиз. У тарвузларни тўлиқ экспорт қилишга келишганмиз.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.