Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

23.02.2017


ТАНҚИДИЙ, ТАҲЛИЛИЙ РУҲДА ЎТДИ

Селектор тартибида ўтказилган мазкур тадбирда марказий ва жойлардаги студиялар орқали вилоят ташкилотлари ва йирик саноат корхоналари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, тегишли идора ва муассасалар мутасаддилари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Йиғилишни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқариб борди.

Унда 2016 йил 15 январдаги мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг прогноз параметрларини бажаришдаги камчиликлар сабаблари, инвестиция дастури бажарилишининг ҳолати ва бу борадаги муаммолар, истиқболли лойиҳалар ижроси, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этиш, коммунал соҳада юзага келган кредиторлик ва дебиторлик қарзларини тугатиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Бу галги фаоллар йиғилишида мутасадди ташкилот ва идоралар масъуллари 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини ўз вақтида амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот берди.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегиянинг изчил давом эттирилаётгани туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 триллион 710 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоиз ўсди.

Технологик жараёнларни модернизация қилиш ва янгилаш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда реал сектор корхоналарини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида шу йилнинг 3 ойида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион 74 миллиард сўмдан ошиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 3,5 фоиз ўсишга эришилди. Шунингдек, вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 фоизга, пудрат ишлари ҳажми 10,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, чакана савдо айланмаси ҳажми 13,4 фоизга ортди. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида 1 триллион 194 миллиард сўмдан зиёд инвестициялар жалб этилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоиз кўпайди. Инвестицияларнинг 77,4 фоизи бевосита ишлаб чиқаришга йўналтирилди.

Маҳаллийлаштириш дастурига асосан 16 та лойиҳа асосида 34,4 миллиард сўмликка яқин ҳажмда маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Натижада 11,6 миллион доллардан ортиқ эркин айирбошланадиган валюта иқтисод қилинди.

Кичик бизнесни ривожлантириш борасида қабул қилинган бир қатор муҳим ҳужжатлар асосида яратилган имконият ва имтиёзлар тегишли ҳисобот даврида 561 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилишига туртки бўлди ва уларнинг сони 15 минг 825 тага етди. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 42,3 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 бандга кўпайди.

Йиғилишда, шунингдек, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини бажаришда юзакилик ва совуққонликка йўл қўйиб бўлмаслиги, аммо жойларда баъзан шундай ҳолатлар кўзга ташланаётгани айтилди. Мисол учун, айрим шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда тижорат банклари раҳбарларининг сусткашлиги, вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган дастур ижросини таъминлашга бўлган эътиборсизлиги туфайли баъзи лойиҳалар ўз муддатида амалга ошмасдан қолмоқда. Ҳар бир лойиҳа ижроси бўйича мавжуд камчиликларни аниқлаш ва дарҳол бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Айрим мутасадди ва масъул шахсларнинг эътиборсизлиги сабабли биринчи чорак якунларига кўра, экспорт кўрсаткичининг белгиланган прогноз даражасида бажарилиши таъминланмагани қайд этилди. Хусусан, тегишли даврда Чироқчи, Касби, Қамаши ва бошқа бир қатор туманларда экспорт умуман амалга оширилмагани кескин танқид қилинди. Жаҳон бозорида харидоргир бўлган ҳамда вилоят шароитида ишлаб чиқариш ёки етиштириш мумкин бўлган маҳсулотларни аниқлаш, шу асосда экспорт қилинажак сифатли товарлар ва хизматлар турини кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу бўйича масъуллар олдига аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари йиғилишда тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришни яхшилаш, инвестиция дастуридан жой олган объектларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлаш, акциядорлик жамиятлари устав капиталларига ва корпоратив бошқарувга хорижий инвесторларни жалб этишни самарали ташкил этиш, коммунал соҳасидаги дебитор қарздорликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, жойларда тегишли ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурда белгилаб берилган энг муҳим вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов сўзга чиқди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo