200 нафардан ортиқ таниқли шахслар, жумладан, 100 нафар собиқ сиёсий лидер катта еттилик (G7) давлатлари раҳбарларини қашшоқ мамлакатларда коронавирусга қарши вакцинация ўтказиш учун маблағ ажратишга чақирди.
"Guardian" газетасининг ёзишича, 11-13 июнь кунлари Британиянинг Корнуолл ярим оролида бўлиб ўтадиган G7 гуруҳига кирувчи давлатлар саммити олдидан улар раҳбарларига йўлланган ва нашр ихтиёрига ҳам келиб тушган хатда кам даромадли мамлакатларда вакцинация ўтказиш учун зарур бўладиган 66 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг учдан икки қисмини молиялаштириш ҳамда 2021 йилни "ҳамкорликдаги туб бурилиш палласи"га айлантириш чақириғи битилган.
Хатда баён этилганидек, бундай инвестиция ҳамманинг қўлидан келади ва коронавируснинг мавжуд вакциналар таъсирига қарши тура олиши мумкин бўлган янги турлари тарқалишини тўхтатиш учун ҳаётий муҳим масала ҳисобланади.
"2020 йил - глобал ҳамкорлик пасайиши йили бўлди, бироқ 2021 йилда янги даврни бошлаш мумкин. Ваҳоланки, ҳаммаси хавфсиз бўлмагунча, ҳеч ким, ҳеч қаерда Covid-19 дан ишончли ҳимояланмайди", дея таъкидланади хатда.
Хабар қилинишича, хатни умумий ҳисобда 230 нафар кўзга кўринган арбоб ва сиёсатчилар, жумладан, Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари - Гордон Браун ва Тони Блэр; БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун; Африка давлатларининг 15 нафар собиқ раҳбари; британиялик бизнесмен ва Virgin Group асосчиси Ричард Брэнсон; иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреяти Бенгт Хольмстрём ва бошқа кўплар имзолаган.
"G7 ва G20 давлатлари ёрдами билан кам ёки ўрта даромадли мамлакатлар учун вакцина сотиб олишни енгиллаштириш инсонпарварлик ҳаракати эмас, аксинча, ҳар бир давлатнинг стратегик манфаатларига тезда жавоб берадиган тарихдаги энг яхши инвестиция ҳисобланади, дея изоҳлайди Халқаро валюта фонди", деган гаплар ҳам ёзилган хатда.
Унга имзо чекканларнинг тасдиқлашича, мазкур чақириқ жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланган. Шунингдек, Save the Children халқаро инсонпарварлик ташкилоти ўтказган сўровнома натижалари АҚШ, Франция, Германия, Канада ва Буюк Британия аҳолисининг катта қисми ушбу давлатлар қашшоқ мамлакатларда коронавирусга қарши вакцинация ўтказиш учун ўз улушларини тўлаб бериши керак деб ҳисоблашини кўрсатган.
Аввалроқ, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўтажак саммитда G7 гуруҳига кирувчи давлатлар раҳбарларини бутун дунёда 2022 йил охирига қадар коронавирусга қарши вакцинация ишларини якунлашга чақириши хабар қилинганди.