Чироқчи туманидаги тоғли маскан - ўзим туғилиб ўсган Тарағай қишлоғининг нега шундай номланишига қизиқиб, бу борадаги ривоятларни тинглаш, тарихий ҳужжатлар ва асарларни титкилаш асносида бунга яна бир маротаба амин бўлдим.
Аввало, Тарағай номли қишлоқ Ўзбекистонда яккаю ягона! Хўш, нега? Қишлоқ номи кўпчилик таъкидлагани каби Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодирнинг номига қўйилганми? Агар шундай бўлса, қишлоқнинг Тарағай Баҳодирга қандай алоқаси бор?
Хуллас, шу каби саволларга жавоб излаш асносида кўплаб қизиқарли маълумотларга дуч келдим.
Кўпни кўрган қишлоқ кайвониси, раҳматли Иброҳим ота Нурматов бу борада ўз вақтида шундай ҳикоя қилиб берганди: Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир бу ерда яшаган. Ўғли Темур ёшлигида қўй-қўзилари ва молларини шу қишлоқда боққан. Шунинг учун бўлса керак, бу ҳудудда Амур Темур моллари ва бузоқларини боққанлиги учун Говхона ва Бузовут номли қишлоқлар ҳам бор.
Ҳақиқатан ҳам Тарағай қишлоғида Темурийларга доир жой номлари, унга боғлиқ ривоятлар кўп. Улардан яна бири қишлоғимиздаги Амир Темур номи билан аталадиган ғор ҳақида.
Айтишларича, Темур вафотидан сўнг Шайбонийхон қўшинлари Китоб, Шаҳрисабз, Самарқанд, Чироқчи ҳудудларидаги тоғли жойларда истиқомат қилувчи барлос уруғидан бўлган барча кишиларни қиличдан ўтказа бошлаган. Омон қолганларнинг кўпчилиги тоғларга яширинган. Улар орасида Темурнинг яқин кишилари ҳам бўлган. Қочоқлар қишлоқнинг жанубий қисмида жойлашган баландликдаги улкан ғорда яшириниб жон сақлашади. Душман қўлига тушмай омон қолгач, бизларни буюк Темур руҳи қўллади, дейишади. Улар жон сақлаган ғор шу-шу Амир Темур ғори, деб ном олган экан…
Ғор ниҳоятда улкан. Ичкарига кириб 50 метр юрилгач, уч томонга йўл кетади. Бироқ ҳозиргача ҳеч ким бу йўлларнинг охиригача борган эмас. Ривоятларга қараганда, улардан бири Шоҳизиндадан, бири Шаҳрисабздан чиқади, бири эса борса келмас, дейишади.
Бугунги кунда бу ғорни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Тарағай маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуллажон Хушвақтовнинг бизга берган маълумотларига қараганда, шу қишлоқлик Жонқобил Норқобиловнинг уйида ҳар йили бир гуруҳ франциялик сайёҳлар меҳмон бўлиб кетишади. 2007-2015 йилларда Франциядан бу ғорни кўриш учун 100 дан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрибди. Шунингдек, дунёнинг бошқа давлатларидан ҳам ғорни кўришга келувчилар сони кўп экан.
Бунга эса қишлоқдаги саёҳатга арзигулик манзиллар билан бир қаторда, ундаги кўпгина жойлар, хусусан қишлоқ номининг ҳам буюк Соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқлиги сабаб бўлаётганлиги сир эмас.
Ўз ўрнида айтиш жоизки, қишлоқ номи аслида ҳам Тарағай бўлганми, деган мунозара ҳам йўқ эмас. Чунки, аҳоли тилида бу номнинг Турағай ёхуд Тўрғай каби вариантлари ҳам қўлланилади. Агар Турағай ёки Тўрғай бўлса, бу ном қандай келиб чиққан?! Хуллас, ўрганиш жараёнида қишлоқ номидаги кейинги икки вариантнинг пайдо бўлиши ҳам яна барибир Амир Темурнинг отасига бориб тақалишини англадик. Чунки Амур Темур ҳазратларининг падари бузрукворлари исмини билиб-билмай оғзаки нутқимизда, вақтли матбуотда, айрим тарихий асарларда ҳам турли шаклда ишлатиш ҳоллари учрамоқда.
Мисол учун, Ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи" асарида Тарағай, Салоҳиддин Тошкандийнинг "Темурнома"сида Турағай, можор олими Ҳерман Вамберининг "Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи" ҳамда Череванскийнинг "Амир Темур" романида эса Тўрғай ва Тўрағай тарзида тилга олинади.
Ҳатто шоир Тоҳир Қаҳҳор Ҳермон Вамберининг даъвосини қўллаб-қувватлаб, рус ва ўзбекча китобларда Темурнинг отаси исми Тарағай, деб нотўғри ёзилиб келинаётганлигини, унинг исми аслида Тўрғай эканини иддао қилади ва буни Вамберининг китобидаги муҳим маълумот сифатида келтиради. Ёзувчи Вамберининг фикри тўғрилигини эса ота-боболаримиз исломдан илгари исм қўйишда тотемлар, қушлар, ҳайвонлар номига кўп мурожаат этгани билан изоҳлайди.
Шунингдек, академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов ҳам ўзининг "Темур ва Темурийлар салтанати" номли тарихий очеркида Темурнинг отаси амир Тўрғай эканлигини айтиб, "...тарих китоблари ва дарсликларда Амир Темурнинг отаси Тарағай номи билан тилга олинади. Аммо бу исм ҳеч қандай маъно англатмайди. Фикримизча, унинг исми Тўрғай Баҳодир бўлган. Қадимги туркий удумга кўра, тўнғичига ўғил кўрган ота хушхабарни эшитгач, ташқарига шошилган. Атрофда илк бор кўзга ташланган нарса - хоҳ у жонзод, хоҳ буюм бўлсин фарзандининг исмини ўша ном билан атаган. Амир Темур отасининг исми ҳам тўрғай (қуш) номидан бўлса керак. Соҳибқирон Темурнинг набираси Улуғбекнинг исми-шарифи ҳам Муҳаммад Тўрғай бўлган. Шундай фикр Ҳерман Вамбери асарида ҳам қайд этилган" деб айтади.
Профессор Тўра Нафасов эса Тарағай топонимининг келиб чиқишини туркий тиллар билан қиёслаб, илмий ва лисоний хулосалар чиқаради.
Қирғизистоннинг Норин дарёси бошида Тарағай дараси бор. Мўғулистон ва Қозоғистонда Талағай - тоғ номи. Сўз ўзагида "р", "л" товушлари фарқланади, аслида иккаласи бир сўз. Қирғиз тилида Тарағай - тоғнинг дарахт ўсмаган жойи, қозоқ тилида талағай - тепа, баландлик, чўққи деган маъноларни билдиради. Ўзбек тилида эса ўтмишда тоғ маъносини англатиши аниқланган.
Бундан ташқари, ўтмишда Тарағай деган уруғ бўлганлиги, бу уруғ номи Шаҳрисабз шаҳридаги Бошқоп қишлоғининг кекса авлоди эканлигини айтади. Тарағай сўзи дастлаб тоғ номи бўлган, шу тоғ қуйисидаги қишлоқ - тоғ номи билан аталган. Тарағай - туркий ва мўғул тилларига мансуб қадимий сўз ва ном, исм, этноним деган хулосага келади.
Адабиётшунос олим Поён Равшанов эса "Темурнома"га ёзган сўз бошида Темурнинг отасининг исм-шарифи аслида Турағай эмасмикан, деган мулоҳазани илгари суради. Олим буни шундай асослайди: "Темурнома"да "т" ҳарфи билан "р" ҳарфи оралиғида "вов" ҳарфи келади. Демак, Турағай деб ўқилади. Одатда ўзбекларда баъзи оилаларда ёлғиз бола кўриш солув бўлади. Баёнқули амир Турағайдан "яна бошқа ўғлинг борми?" - деб сўрайди: Амир унга "йўқ" деб жавоб беради. Амир Турағайнинг ўзи ҳам ёлғиз ўғил эмасмикин? Турағай - турақол, яшайқол маъносида эмасмикин? Масалан Тўхтамиш, Тўхтасин сингари исмлар ҳам аслида шу мантиқдан келиб чиқиб қўйилади-ку?".
Хуллас, Тарағай, Турағай, Тўрғай тарзида келтирилган мулоҳазалари муаллифлари - Ҳерман Вамбери, Тоҳир Қаҳҳор, Абдулаҳад Муҳаммаджонов, Тўра Нафасов, Поён Равшановларнинг мушоҳадали ва қизиқарли, тортишувли мулоҳазалари бир-бирига ўхшамаса-да, алоҳида олинганда мутлақо шахсий кузатишлар эканлигини ва бу кузатишларнинг ҳар бири тарихий, жуғрофий, этнографик, лисоний далилларга асосланганлигини эътиборга олиш зарур.
Назаримизда, Ҳерман Вамбери ва Абдулаҳад Муҳаммаджоновларнинг китобларида Тарағай сўзининг Тўрғай деб кўрсатилишини араб ёзувида унли товушларнинг акс этмаслигидан, қолаверса, қисқа унлиларнинг талаффуз этилиши-ю, ёзувда тушиб қолиш қонуниятларидан келиб чиқиб изоҳлаш мантиққа тўғри келади. Чунки араб графикасида "Тарағай", "Турағай", "Тўрғай" сўзларининг барчасида "т", "р", "г" ундошлари ўртасида баъзан чўзиқ "у" ва "а" ҳарфларининг тушиб қолишини ҳисобга олсак, бу номларни турли шаклларда ўқиш мумкинлигини билиш қийин эмас. Вамбери ҳам шу сабабли Турғай, деб ўқиган бўлиши мумкин.
Шуни унутмаслик керакки, тилда ҳар қандай ном аввал сўз шаклида намоён бўлади. Хўп, "тўрғай" қандай сўз? Бу сўздан яралган номлар учрайдими? Бу сўзнинг маъноси нима? "Тўрғай" сўзининг маъноси "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да икки маънода:
1. Чумчуқсимонлар туркумининг бир оиласига мансуб кичкина сайроқи қушларининг умумий номи, Дала тўрғайи. Қора тўрғай.
2. Ўзбек халқ классик куйларидан бирининг номи".
Шу жиҳатдан қараганда бундай кичкинагина қуш номи, куй номининг Соҳибқироннинг отасига исм сифатида қуйилиши, яъни Тўрғай дейилиши ўзини оқламайди, яъни ўзлигимиз ва ўзбекона урф-одатларимизга тўғри келмайди. Иккинчидан эса исм қўйиш маданияти темурийлар даврида шарқона урф-одатларимиздан бири эканлигини, унга орзу-ҳавас, мақсад ҳамда эзгу ниятнинг намоён бўлишини ўйлаб кўрсак, Тўрғай эмаслиги ойдинлашади.
Атоқли ёзувчи Пиримқул Қодиров ҳам ўзининг "Амир Темур сиймоси" номли илмий-бадиа тарзида ёзган романида Амир Темурнинг отасининг исмини Тўрғай деб ёзиш ҳолларини танқид қилиб: "Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай Баҳодирнинг номини "Тўрғай" деб ёзиш ҳоллари учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Тўрғай - кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи "нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин" деган маъноларни билдиради. Тарихдан маълумки, бу тилак ижобат бўлади. Шунинг учун Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка даставвал Тарағай деб исм қўйган эди" деб ёзади.
Шу ўринда Турағай вариантига келсак, бунда ҳам янглишиш бор эмасмикин, деган мулоҳаза юзага чиқади. Чунки Тарағай номи ўзагини "тара" сўзи билан изоҳлаш мумкин. Бундай талқин ҳақиқатга тўғри келади. Чунки "тара" сўзининг маъноси "нур таратмоқ", "нурдай оламга таралсин" деган маъноларни англатади. Бу сўз ҳурмат юзасидан ёки улуғлаб кишиларнинг номига, унвонига, мансабига қўшиб ишлатилган бўлиши ҳам мумкин.
Хуллас, ўрганишлардан сўнг Амир Темур отасининг исми Тарағай Баҳодир эканлиги, қишлоғимиз номи ҳам унинг исми билан аталганлиги ойдинлашади. Балки бу борада бошқа мулоҳазалар ҳам бордир? Агар шундай бўлса фикрлашишга тайёрмиз.
Хўжамурод ЖАББОРОВ,
Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари доктори