Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зафар РЎЗИЕВ

10.01.2017


ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат  жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борадаги мақсадларнинг амалда тўлиқ рўёбга чиқишига янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятли бўлди.

Қайд этиш жоизки, бугун мамлакатимизда иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаяпти. Бу нимадан дарак беради? Албатта, одамларнинг мазкур соҳа истиқболига ишонч билдираётгани, бунга амалда ҳам эришиб, юқори даромад олаётганини кўрсатади.

Шу боис ҳам соҳани қўллаб-қувватлашга эътибор кучаяётгани бежиз эмас. Мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди. Ўз навбатида, тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳам таянч сифатида кўрилмоқда.

Халқимизнинг ҳар бир вакили бирор ютуқ, юқори  натижа ҳақида сўзларкан, бунга албатта тадбиркорлик ортидан эришаяпмиз, дейди. Ўзингиз ўйланг: даромади ҳам, бой бўлиши ҳам ўзига – меҳнатига боғлиқ эканлигини билган одам қандай ишлайди? Албатта, яхши ишлайди.

Бугун бозор ва савдо дўконларимиз “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида сотилаётган маҳсулотлар билан тўла. Сифати хорижникидан қолишмайди. Аксинча, баъзи жиҳатлари билан устун ҳам туради.

Юқорида номи келтирилган фармон эса хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилгани ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат бериши билан айниқса, аҳамиятли бўлди.

Юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шарт-шароитларнинг амалдаги натижасини мисолларда кўриб чиқайлик. Масалан, Китоб туманидаги “Китоб ип-йигирув” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш ускуналари эскиргани, маҳсулотларнинг жаҳон бозори талабларига жавоб бермаслиги туфайли фаолияти тўхтаб қолганди.

Ишлаб чиқаришнинг модернизация қилиниши, янги қувватларнинг ишга туширилиши натижасида корхона замонавий талабларга жавоб берадиган салоҳиятга эга бўлди. Корхона фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши самарасида жамиятда йилига 2700 тонна калава ип ишлаб чиқариш имконини берувчи умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларилик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Германиянинг “Truetzschler” фирмасидан қиймати 2 миллион 450 минг евролик замонавий ип йигириш дастгоҳлари сотиб олинди. Янги цех ишга тушиши билан қўшимча 128 та иш ўрни яратилди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг қарийб 80  фоизи экспортга йўналтирилмоқда.

Шу ўринда мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, инвестиция киритиш мажбурияти билан “ноль” харид қийматида танлов асосида тадбиркорларга сотиш амалиёти ўз самарасини бераётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бунинг самарасида юксак технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони ортаяпти. Бу эса сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва замонавий сервис хизматлари кўрсатилишига замин ҳозирлаяпти. Асосийси, аҳоли учун доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Хусусан, Қарши шаҳридаги фойдаланилмаётган “Автошоҳбекат” биноси “Гранд мебель дизайн” масъулияти чекланган жамияти томонидан “ноль” қийматида сотиб олинди. Мазкур тадбиркорлик субъекти 1 миллиард 600 миллион сўм сармоя йўналтириш ҳисобига бино негизида барча турдаги мебель буюмлари ишлаб чиқариш цехини ташкил қилди. Германия давлатидан қиймати 100 минг долларлик ускуналар келтирилди.

Мавжуд технологиялар барча интерьер ва дизайндаги мебель буюмларини ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ерда 50 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Чарм-пойабзал саноати Қашқадарё вилояти иқтисодиёти учун бироз янги, айни пайтда жадаллик билан ривожланаётган тармоқлардан бири. Бундан атиги 5 йил аввал ушбу йўналишда фаолият кўрсатадиган корхоналар сони ниҳоятда кам, мавжудлари ҳам эски ускуналар ёрдамида ва кўпроқ қўл меҳнати асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган эди. Айни вақтга келиб, вилоятда замонавий технологиялар асосида пойабзал ишлаб чиқаришни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари салмоғи анча кўпайиб қолди.

Қарши шаҳридаги “Premium capital group” масъулияти чекланган жамияти томонидан яқиндагина шундай лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилгани фикримизни тасдиқлайди.

Корхона йилига қарийб 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида 50 та янги иш ўрни яратилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2012 йилда Қашқадарёда жами 5 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилган. Бу катта рақам эмас, албатта. Қувонтирадиган томони шундаки, жорий йил якунларига кўра ушбу кўрсаткич рекорд натижа – 200 баробардан кўпроқ ошиши кутилаяпти.

Албатта, тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бораётгани,  иқтисодиётдаги ҳиссаси жадал ўсаётгани уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилаётгани туфайлидир.

Шуни ҳам айтиш керакки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими йилдан-йилга такомиллашмоқда. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ва жойларда унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилгани, хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилаётган текширишларни мувофиқлаштириш тартиби жорий этилгани шу йўналишда учраётган муаммоларга барҳам беришга замин яратди. Бу билан назорат қилувчи идораларнинг истаган пайтда хоҳлаган корхонада текшириш ўтказиш амалиётига чек қўйилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоятдаги назорат органлари томонидан 2016 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида 221 та хўжалик юритувчи субъектда режадан  ташқари қисқа муддатли текширишлар ўтказилган.

Режадан ташқари текширишлар натижасида жами 4 миллиард 932 миллион 400 минг сўмлик солиқ ва мажбурий ажратмалар қўшимча ҳисобланган.

Эндиликда текширишларнинг камайиши тадбиркорларнинг вақтини беҳуда олиш, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиш каби ҳолатларга барҳам бериб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратади.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлигини ошириш орқали текширишларни ўтказиш сони ва муддатлари қисқартирилиши кўзда тутилган. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида солиқ идоралари томонидан вилоятда жами 25 минг 740 та субъектнинг фаолияти таҳлил қилинди. Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, 1913 та хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти шубҳали деб топилган ва 114 миллиард 693 миллион 300 минг сўмлик тафовут аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу субъектларга талабнома юборилган ва камчиликларни ўнглаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган. Бу тадбиркорларга йўл қўйган хатосини тезда тўғрилаб олиши учун берилган имконият эканлиги билан ҳам эътиборга молик.

Яна бир жиҳат, бу каби ўзгаришлар тадбиркорлик субъектлари учун жавобгарлик чораларини қўллашни кескин камайтиради. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 8075 марта текшириш ўтказилиб, 1,2 миллиард сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган бўлса, эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан 2016 йил давомида вилоят адлия органлари томонидан тегишли идораларга 196 та тақдимнома, 70  та огоҳнома (уларнинг 6 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича), 25 та маъмурий баённома ва таклиф судларга киритилди. Ушбу таъсир чоралари натижасида 109 нафар масъул шахс интизомий (шундан 13 нафари вазифасидан озод этилган), 19 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жумладан, Китоб туманида фаолият олиб бораётган “Рўзимурод Очилов” фирмаси раҳбари Р.Очилов кредит олиш учун барча ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса-да, АТ “Халқ банки” Китоб тумани филиали томонидан кредит маблағлари асоссиз равишда ажратилмай келган.

Мазкур мурожаат ўрганилиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан киритилган тақдимнома натижасига кўра, “Рўзимурод Очилов” фирмасига 25 миллион сўм кредит маблағи ажратилиб, банк кредит бўлими бошлиғи Б.Рустамовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

Нишон тумани “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси бўлим бошлиғи Х.Зулфиқоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари бузилганлиги сабабли, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Шунингдек, вилоят адлия органлари томонидан 2016 йил давомида тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 68 миллион 396 минг 500 сўмлик 72 та даъво аризаси  киритилган ва уларнинг 44 таси қаноатлантирилган.

Янги фармон билан эндиликда тадбиркорларнинг бу борадаги имкониятлари янада ортди. Чунки шу асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси  самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги фармонида белгиланган вазифалар мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонларга, айниқса, кичик бизнес вакилларига эркин ва самарали иш юритиш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишда янги имкониятлар яратади. Бу ўз навбатида халқимиз фаровонлиги ошиши, мамлакатимиз тараққиёти янада юксак поғоналарга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Report typo