- Амирхон чизаётган суратлар, пластилиндан ясаётган турли буюм ва ўйинчоқлар унинг нозик дидидан дарак беради, - дейди марказнинг мактабга тайёрлов гуруҳи раҳбари Муҳаббат Бекмуродова. - Чизган сурати ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам ёқмагунча, қайта-қайта чизаверади. Яна бир жиҳати - у ҳар сафар олдингидан кўра мураккаброқ ва чиройлироқ суратлар яратишга ҳаракат қилиб, маҳоратини оширишга интилади.
"Баркамол авлод" маркази мутахассисларининг таъкидлашича, мактабдан ташқари таълим муассасаси ҳисобланган бу масканда 400 нафардан ортиқ 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган бола қўшимча таълим олиб, касб-ҳунар ва меҳнат кўникмаларига эга бўлаяпти. Масалан, тўққиз ёшли Барно Анварова марказда инглиз ва рус тилларини ўрганаётир. Қизчанинг бу ерга қатнай бошлаганига ҳали кўп бўлмаган. Аммо Барнонинг қисқа фурсатда инглиз тилида бийрон гаплашиб кетганини кўрган она кейинги фарзанди Беҳрузнинг ҳам шу марказга боришини истади. Аввало мактабга тайёрланиши учун тайёрлов гуруҳига ёзилди. Сўнг ўғлининг қизиқишидан келиб чиқиб, уни "Ўлкашунослик ва экология" йўналишида фаолият юритаётган "Ёш альпинистлар" тўгарагига олиб борди. Ёш альпинистларнинг йил давомида бажарган ишлари, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловлар, мусобақалардаги иштироки акс этган суратларни кўрган она ва бола ич-ичидан қувонишди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Касби тумани "Баркамол авлод" болалар маркази жамоаси шу йил 6-9 май кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ташкил этилган "Баҳорги альпиниада"нинг республика босқичида қатнашиб, 3-даражали дипломни қўлга киритиши барчани қувонтирди.
- "Баҳорги альпиниада" давомида турли машқлар бажариш билан бирга альпинистлар, тоғ гарнизони фахрийлари, нафақадаги зобит ва офицерлар билан учрашувлар ўтказилиши бу касбга бўлган қизиқишимни янада оширди, - дейди жамоа аъзоси Дилшод Нуржобов. - Уларнинг қизиқарли ҳикояларини марказимизга янги келган болаларга ҳам гапириб бердим.
Дарвоқе, "Баҳорги альпиниада"да ғолиб чиққан ҳар бир жамоадан бир нафардан ўғлон "Маҳалла" телеканалидаги "Ўзингга ишон" кўрсатувига таклиф этилди. Бу кўрсатувда қатнашиш бахти касбилик Адҳам Хуррамовга ҳам насиб этди. У кўрсатув давомида ўзининг ақлий ва жисмоний салоҳиятини намойиш этди.
- Ўғлим Адҳам жуда ҳаракатчан ва қизиқувчан бола, - дейди Клара Саломова. - У ёшлигидан саёҳатга чиқишни, табиат қўйнида сайр қилишни ёқтиради. Бир неча йилдан бери "Баркамол авлод" марказидаги "Ўлкашунослик ва экология" йўналиши бўйича машғулотларда қатнашмоқда. Шунингдек, рус ва инглиз тилларини ҳам ўрганаяпти. Тўгаракларга қатнагани учун олинаётган ота-оналар тўлови анча ҳамёнбоплиги боис кўплар фарзандларининг таътилни айнан шу ерда ўтказишларини истайди.
Боз устига тушган маблағлар машғулотлар учун зарур хом ашё ва материаллар олиш, оммавий тадбирларни ўтказиш, шунингдек, муваффақият қозонган тўгарак раҳбарларини рағбатлантиришга йўналтирилади. Буни билган ҳеч бир ота-она берган пули учун ачинмайди.
Доимо болалар билан гавжум тўгараклардан яна бири - "Ёш доирачилар". Бу ерда 20 нафардан ортиқ бола бармоқлари зарбидан ҳосил бўлаётган ёқимли оҳангдан завқланиб, маҳорат ва тажриба орттиришмоқда.
Дарвоқе, яқинда "Зарб-2019" кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олган касбилик ёш доирачилар айни кунларда устози Фазлиддин Чўлиев ёрдамида олдиндаги масъулиятли беллашувда Қашқадарё шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарлик кўришмоқда.
Аслида, Касби тумани "Баркамол авлод" болалар марказида фаолият юритаётган ҳар бир тўгаракда ютуқлар ва янгиликлар бисёр. Буни марказда кўргазмага қўйилган ва масканга ўзгача гўзаллик бағишлаб турган болалар ижодий ишлари намуналари - ранго-ранг суратлар, мунчоқли безаклар, совғабоп буюмлар, ясалган ўйинчоқлар, ҳайкалчалар, миллий либослар, дурадгорлик маҳсулотларининг бежиримлигидан ҳам англаш мумкин.
Айни дамда марказда "Ёз - 2019" концепцияси асосида иш олиб борилиб, турли кўрик-танловлар, кўргазмалар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Ёзги таътил даври эмасми, болалар қатнови янада ошган.
Ўғил-қизлар тажрибали устозлари ёрдамида қизиқиш ва қобилиятини ривожлантириб, ўз келажагини яратишаяпти.
Сожида АЛЛАЁРОВА