Американинг Калифорния штати Вентура шаҳридаги мактаб ўқитувчиси дарс вақтида сиёсий қарашларини баён этгани учун ишдан четлатилди, дея хабар тарқатган CBSNew York телеканали.
Манба маълумотларига кўра, шу билан бирга педагог аёл Дональд Трамп АҚШнинг амалдаги президенти эканлигини исбот қилиб беришга уринган. Бу ҳолат саккизинчи синф ўқувчиларидан бири тарих дарси жараёнини ёзиб олган аудио орқали тасдиқланган.
Аудио ёзувда ўқитувчи мамлакатдаги вакцинация ва сайловлар мавзусида қандай фикр юритгани, шунингдек, ўқувчилар билан фитна назариясини бўлишгани эшитилади.
"Масалан, Хантер Байден (амалдаги президентнинг ўғли) Хитой ва Украина билан битимлар тузиб, у ерларда ноқонуний пул ювди. Унинг ноутбукида болалар билан боғлиқ ахлоқсиз лавҳалар бўлган", дея педагог ўқувчиларга воқеа тафсилотларини гапириб берган.
Бундан ташқари, ўқитувчи ўқувчилари билан вакцинацияга оид қарашлари, ўтган йилги президент сайлови ҳақидаги фикрларини бўлишган, мамлакат суд тизимини танқид қилган.
Дарсни диктофонда ёзиб олган ўқувчи ота-онасини ўқитувчининг феъл-атвори ташвишга солган. Улар ўғлининг таъби хира тортгани ва қўрқувда бўлганини маълум қилган.
Дарслардан биридан сўнг "мен ҳеч қачон вакцинация олмайман, ҳеч қачон бирор бир эмлаш қилдирмайман, деган фикрга келган бола: Трамп ҳамон президентлигини биласизми?", деб сўраган онасидан.
Телеканал маълумотига кўра, шунингдек, ота-оналарни мактаб раҳбариятининг воқеа тафсилотларига аниқлик киритилгунга қадар тарих фани ўқитувчисини ишдан четлатиш қарори ҳам ғазаблантирган. Катталар фикрича, педагогга нисбатан қаттиқроқ чора кўрилиши керак эди.