Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

12.06.2017


ТАРИХ СИРЛАРИНИ ОЧИБ...

Етти ёшидан ўқиш учун туман марказига қатнай бошлади, чунки отаси Саъдулла ака ва онаси Наталья Яковлевна уни таълим рус тилида олиб бориладиган мактабга беришганди. Анатолий бўш вақтларида ўз тенгқурлари билан кураш тушишни яхши кўрарди. Бобоси Абдулла полвон кураги ерга тегмаган курашчи бўлиб, воҳада машҳур эди. Анатолийнинг бўй-басти бобосига ўхшаб кетар, Саъдулла ака ўғлини бобосидек моҳир полвон бўлиб етишишини ният қилганди. Аммо тақдир Анатолийни бошқа бир касбга йўллади. Ўрта мактабни битириши арафасида Тошкентдан Китобга археология экспедицияси келиб, у ўқийдиган мактабга жойлашди. Экспедициянинг мақсади қадимий Кешнинг археологик ёдгорликларини ўрганишдан иборат  эди. Археологлар ҳар куни бу ерга воҳанинг бой тарихи ва маданиятидан гувоҳлик берувчи турли топилмаларни олиб келишарди. Анатолий осори атиқалар сақланадиган хонага кириб, уларни зўр қизиқиш билан томоша қилар, топилмаларни кўздан кечириб, археологларга саволлар берарди. Шу тариқа унда қадимшуносликка  ҳавас уйғонди. Тошкентда ўқиётган акаси (Юрий Сагдуллаев ҳозирда техника фанлари доктори, профессор)дан маслаҳат сўраганида, у укасининг танловини маъқуллади, ота-онаси ҳам монелик қилмади.

1968 йилда ўрта мактабни битирган Анатолий Сагдуллаев ТошДУнинг тарих факультетига ҳужжат топшириб, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтгач, археология бўлимининг талабаси бўлди. Университетнинг археология кафедрасига таниқли археолог олим Михаил Евгеньевич Массон асос солганди. У турмуш ўртоғи Галина Анатольевна Пугаченкова билан бирга бўлажак археологларга дарс берарди. Анатолий Ўзбекистонда археология фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшган, шу соҳада кўплаб илмий асарлар ёзган бу икки таниқли қадимшунос ўтказадиган ҳар бир машғулотни орзиқиб кутарди. Бундан ташқари, у Замира Усмонова, Светлана Лунина, Надежда Крашенинникова каби олималардан ҳам таълим олди.

Ер қаърида пинҳон ётган тарихимизнинг сир-синоатларини фақат археологик қазишма ишлари орқали очиш мумкин. 1969 йил баҳорида - талабаликнинг иккинчи йилида Анатолий илк бор ана шу масъулиятли ишда қатнашиш учун курсдош дўстлари билан доцент Надежда Иосифовна Крашенинникова раҳбарлигида ўзи туғилиб ўсган юрт - Китобга келди. Қаландартепа археологик тадқиқот объектига айланди. Талабаларнинг ҳозирги Китобнинг қадимда ҳоким арки бўлган Қаландартепада олиб борган археологик тадқиқот ишлари бир ой давом этди. Тепалик остидан сопол идишлар, меҳнат қуроллари, ҳайкалчалар ва бошқа ашёлар қазиб олинди.

Китобдан олиб кетилган осори атиқалар университет археология кафедрасида обдон текширилганда улар милоддан аввалги III асрга тааллуқли экани аниқланди. Ёзма манбалар ва археологик тадқиқотлар натижаларидан маълумки, шу даврда Узунқир аҳолиси Шўробсой бўйидан Оқсувдарё бўйига кўчиб ўтиб, шу жойда янги шаҳарга асос солган. Қаландартепани Тепаи Афросиёб деб ҳам аташган ва у улар учун илк манзилгоҳ бўлган. Шаҳристон мудофаа девори билан ўраб олиниб, атрофида работлар жойлашган. 

Анатолий талабалик даврида археология алифбосини ўрганиш йўлида яна бир неча марта қадимий ҳудудлардаги қазиш ишларида қатнашди. Диплом ишини эса Г.А.Пугаченкова раҳбарлигида тайёрлади.

Сурхон воҳасида Қизилтепа шаҳар харобаси бўлиб, унга бронза ва илк темир даврида асос солинган эди. Анатолий бу ерда ўтказган археологик тадқиқотлари пайтида янги маълумотларни аниқлади, шунга оид диплом ишини аъло баҳода ёқлади.

Анатолий Сагдуллаевнинг номзодлик ва докторлик ишларига М.Е.Массон ва Г.А.Пугаченкованинг фарзанди, йирик олим, профессор Вадим Михайлович Массон илмий раҳбарлик қилди. Унинг номзодлик иши бронза ва илк темир даврида Шимолий Бақтриянинг тарихи ва маданиятига бағишланган бўлса, ўн йил ўтиб, яъни 1989 йили “Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятлари илк темир даврида (ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва маданияти тарихи)” мавзуси бўйича тарих фанлари доктори илмий даражасини ёқлади.

Археолог доимо изланувчан ва синчков бўлиши лозим. Буларни чуқур ҳис қилган Анатолий Сагдуллаев бўлажак археологлар билан дарс ўтказишни доимо амалий фаолият – археологик қазишма ишлари билан бирга олиб борди. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг, айниқса, унинг жанубий вилоятларини кўп кезди. Ўзида ўтмиш сирларини яшириб ётган аждодларимиз манзилгоҳлари – қўрғонлар, тепаликлар, шаҳар харобаларини ўрганди.

Анатолий Сагдуллаевнинг киндик қони тўкилган Қашқадарёда олиб борган археологик ишлари ҳам диққатга сазовордир. У ўн йил давомида вилоятда жойлашган археологик ёдгорликларни ўрганиб чиқиб, уларнинг харитасини тузди. Харита археологлар учун кўзгу бўлиб, қаерда қазишма ишларини олиб бориш мумкинлиги бўйича аниқ ҳужжат ҳисобланади. Воҳамизда кейинги йилларда амалга оширилган археологик тадқиқотлар ана шу харита асосида олиб борилиб, уларда топилган кўпдан-кўп ашёлар, осори атиқалар натижасида вилоятимиз тарихининг кўпгина номаълум саҳифалари очилди.

- Қадимий шаҳарлар тарихи археологияга оид ашёлар, меъморчилик ёдгорликлари ва ёзма манбалар асосида ўрганилади, - дейди Анатолий Сагдуллаев. - Шўролар даврида асосан йирик шаҳарлар меъморчилиги, маданияти, ижтимоий-сиёсий тарихи кенг ўрганилиб, ўрта ва кичик шаҳарлар тарихи назардан четда қолиб кетганди. Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари ҳам шулар қаторида бўлган.  Мустақилликка эришганимиздан сўнг Ўзбекистоннинг янги тарихини ёзишга киришилди, шу билан бирга, ана шу тоифага кирган шаҳарлар ташкил топиши саналарига ойдинлик киритиш имкониятига эга бўлдик.

1997 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) археология экспедицияси Шаҳрисабз шаҳрининг ёшини аниқлаш мақсадида Китоб, Шаҳрисабз воҳаси археология ёдгорликларини кенг кўламда ўрганиш ишларини бошлаб юборди. Натижада Шўробсой бўйида Сангиртепа ва Узунқир ёдгорликлари топилди. Энг муҳим кашфиёт – Узунқир ўрнида милоддан аввалги VIII-VII  асрларда Наутака номи билан шаҳар мавжуд бўлгани аниқланганлигидир. Милоддан аввалги III-II асрларда шаҳар ҳозирги Китоб ўрнига кўчади, кейинчалик у Кеш деб атала бошланган. Шаҳарнинг кейинги даврлар тарихи Шаҳрисабз билан боғлиқ. Наутака, Кеш, Шаҳрисабзнинг тадрижий тараққиёт даври 2700 йилдан кам эмаслиги тасдиқланиб, 2002 йил 1 ноябрда шаҳарнинг қутлуғ ёши тантанали нишонланди.

Профессор Анатолий Сагдуллаев қирқ беш йилдан буён ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида педагогик фаолият билан шуғулланиб, бўлажак тарихчи ва археологларга дарс бериб келмоқда. У бир неча йил Ўзбекистоннинг янги тарихи Марказига ҳам раҳбарлик қилди. Умумлаштирилган тарихий ишлар, ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари учун янги дарсликлар яратишда фаол қатнашди. Кўп йиллик фаолияти давомида тарихимизга оид ўнлаб илмий мақолалар ёзди, халқаро ва республика илмий анжуманларида маърузалар қилди.

“А.С.Сагдуллаевнинг фаолияти кўп қиррали ва ранг-баранг, - деб ёзади ўз ҳамкасби ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Э.В.Ртвеладзе. – У йирик тадқиқотчи олим. Ўзининг илмий хулосаларини исботлаш учун манбалардан самарали фойдаланади. У Ўрта Осиё археологияси ва тарихининг долзарб муаммоларига бағишланган қатор илмий тадқиқотлар муаллифи ҳисобланади. Олим Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишга катта ҳисса қўшди. А.С.Сагдуллаев ўлкамизда ўтмишда юз берган тарихий воқеалар ҳақида илмий-оммабоп, мен уларни илмий-бадиий деб таърифлайман, асарлар ҳам ёзиб туради. Унгача республикамизда тарихчи олимлар орасида бу услубда ҳеч ким ижод қилмаган, шунинг учун уни бу жанр асосчиси дейиш мумкин”.

Анатолий Сагдуллаев зуллисонайн олим, рус ва ўзбек тилида ижод қилади. Хусусан, “Қадимги Ўрта Осиё тарихи”, “Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда” китобларини ўзбек тилида, “Оловли камон”, “Александр Македонскийнинг Сўғдиёнага юриши” илмий-бадиий асарлари рус тилида битилган. Талабаларга ўтиладиган дарсларни ҳам  икки тилда олиб боради. Ўзбекистон Миллий университети археология кафедрасида ишлаётган ёш ўқитувчилар Анатолий Сагдуллаевни устоз деб ҳурмат қилишади. Улар орасида тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган ёш олимлар анчагина.

- Инсоният яшаб ўтган энг қадимги давр тарихи ёзма манбаларда ёритилмагани боис, бу давр тарихининг номаълум саҳифаларини археология очиб беради, - дейди профессор Анатолий Сагдуллаев. –  Замонавий археология фани ривожланиб бормоқда, бу соҳада республикамиз ҳудудларида ҳам кенг кўламли қазишма ишлари амалга оширилаётгани натижасида кишилик жамиятининг узоқ ўтмиш тарихи ҳақида янги-янги маълумотларга эга бўлдик. Олдинда  биз археологларни катта вазифалар кутиб турибди. Чунки биргина Қашқадарё воҳасини оладиган бўлсак, унинг қадимги давр тарихининг фақат бир қисмигина ўрганилган, холос.

Тарихчи ва қадимшунослар ҳақида гап кетганда, уларни тарихни тилга киритувчилар деб таърифлашади. Бой ўтмишимиз тарихини тиклаш жараёнида самарали ишлар олиб бораётган археологлар орасида Қашқадарё фарзанди, таниқли археолог олим Анатолий Сагдуллаевич Сагдуллаев ҳам борлиги эътиборга молик.

Мўмин АЗИЗОВ,

 

журналист  

Report typo