Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

17.02.2017


ТАРИХ ВА КЕЛАЖАК ТУТАШГАН МАНЗИЛ

...Энг сўнгги русумдаги замонавий автобус кенг ва равон йўлда шамолдай елиб бормоқда. Автобус ичи қўлида бежирим фотоаппарат, юртимиз ўтмиши ва бугуни, обод ва фаровон манзилларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи китобча тутган хорижий сайёҳлар билан тўла. Улар сайёҳлик дастурига кўра, Қарши ва Шаҳрисабзнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий-маданий объектлари билан танишишга ошиқарди.   

Сайёҳлар автобус ойнасидан кўз узмай йўлнинг икки томонидаги бири биридан шинам ва замонавий иншоотлар, кўркам кўринишдаги савдо ва  маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кузатар, тез-тез фотоаппарати ёрдамида ўзида қизғин таассурот қолдирган манзараю гўзалликни эсдалик учун суратга олаяпти.

Туйқус сайёҳлар орасида ғала-ғовур кўтарилди. Гап нимадалигини аниқлашга уринган гид-таржимон салон ичкарисига қараб юрди.

- Биласизми, - хушмуомалалик билан тилга кирди франциялик сайёҳ Пьер Дешам. – Барча сайёҳлар автобусни бир зум тўхтатишни илтимос қилишмоқда.

- Тинчликми? – хавотирланди гид-таржимон.

- Ҳозиргина қандайдир дарё устидан ўтаётганимизда унинг атрофидаги гўзал манзарага кўзимиз тушди, - гапида давом этди сайёҳ. – Мумкин бўлса, ўша жойни кўрсак, суратга олсак, дегандик.

- Бироқ бу жойда сайр этиш дастуримизда йўқ-ку, - танг аҳволда қолган гид-таржимон бошини қашлади.

Охир-оқибат барибир меҳмонларнинг талаб ва истаги инобатга олинди. Автобус Қашқадарё дарёси устидаги Амир Темур кўпригидан анча  масофани босиб қўйганига қарамай ортга қайтди.

Сайёҳлар бирин-кетин автобусдан туша бошлашди ва дарҳол Амир Темур кўприги томон ошиқишди. Кимдир муҳташам кўприк ва унинг атрофидаги гўзалликни ҳамроҳига ҳаяжон билан таърифлар, яна кимдир кўприкнинг ҳар бир қаричини фотоаппарати тасмасига “чиқ-чиқ”лаш билан овора. Уларнинг барчаси ўз она тилида нималардир деб гапирар, бироқ таржимоннинг кўмагисиз ҳам уларнинг юз-кўзида акс этган ҳайрату лолликни пайқаш мушкул эмасди. Гид-таржимон эса сайёҳлар қуршовида Амир Темур кўприги тарихи ҳақида сўзлай кетди...

- ...Қашқадарё дарёси устидаги кўприкни Амир Темур кўприги, деб аташади. Баъзи тарихчи ва олимларнинг айтишича, мазкур кўприк айнан буюк саркарда Амир Темур ёки унинг авлодлари томонидан барпо этилган. Шу билан бирга, яна бир қатор ишончли тарихий манбаларда кўприк ХVII асрда Абдуллахон II даврида қурилган ёки жиддий равишда таъмирланган, деб ёзилган. Бир сўз билан айтганда, кўприкнинг аниқ қурилган санаси маълум эмас. Муаррих Маҳмуд ибн Валининг (ХVII аср) ёзиб қолдиришича, Абдуллахон  II бошқаруви даврида Нахшаб (Қарши)нинг ободлиги ва фаровонлиги шу қадар юксалганки, у ҳатто жаҳоннинг йирик шаҳарлари билан рақобатлаша оладиган даражага етган...

Шу пайт сайёҳлар қуршовидан 40 ёшлар атрофидаги эркак киши ажралиб чиқди-да, дарё бўйидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Туш маҳали бўлгани учун кун бироз қиздиришига қарамай, атрофга дарёнинг  салқин шабадаси уфуриб турарди. Қолаверса, тўлқинлар шовқини кишига ўзгача кайфият ва завқ улашарди. Ҳалиги сайёҳ елкасига осиб олган сумкасидан ноутбукини чиқариб, ёқди ва нималарнидир излай бошлади.

Гид-таржимон эса бутун жисми қулоққа айланган сайёҳларга маълумот беришдан чарчамасди.

- Мазкур кўприк пишиқ ғиштдан кўп равоқли қилиб қурилган. У ўн тўртта кенг ва пастак арк билан туташиб, ўн иккита бақувват тагзаминга таянади. Кўприкнинг узунлиги 122 метр, кенглиги 8,2 метр, марказий қисмида дарё тубидан йўл қопламасигача баландлиги 5,35 метр. Равоқлар оралиғида кўприкнинг ҳар икки томонида ўрнатилган тиргакларнинг диаметри 4 метрга тенг, асоси тош блоклар билан кенгайтирилиб, цилиндр шаклидаги бақувват ғишт тирговучлар билан мустаҳкамланган. Албатта, вақт ўтиши билан дарёнинг ўзани кенгаяди, кўприкни узайтириш ва қайта таъмирлашга зарурат туғилади. Амир Темур кўприги ҳам, табиийки, бир неча бор таъмирланган, ҳатто жиддий равишда қайта қурилган ҳам. Кўприкнинг XXI аср, яъни бизнинг замонларга етиб келгани ўз вақтида унинг жуда пишиқ ва мустаҳкам қурилганидан далолат. 1914 йили кўприкнинг ҳар икки томонида қўшимча қисмлар қурилган ҳамда кириш жойида пишиқ ғиштдан иккита қоровулхона барпо этилган. Кейинчалик, 1970 йилда улар юк транспорти ҳаракатига халақит бергани учун  бузиб ташланган. Лекин 2005 йилда яна қайта тикланган. Айнан шу йили кўприк таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди. Таъкидлаш жоиз, бир йил аввал мамлакатимиз Президенти Қашқадарёга сафари чоғида Амир Темур кўпригида тўхтади ва кўприк атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш кераклигини таъкидлади. Дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди. Мана, гувоҳи бўлганингиздек, бугун бу кўприк ва унинг атрофи мана шундай таърифга сиғмас кўринишга келган...

- Кечирасиз, - унинг гапини бўлди ҳалиги ўриндиқда ўтирган сайёҳ. - Интернетдан бу кўприк ҳақида кўп маълумот топа олмадим. Бироқ Қарши шаҳрида Амир Темур кўпригига ўхшаш тарихий обида ва манзилгоҳлар анчагина экан. Имкони бўлса, биз уларнинг ҳар бирини кўришни хоҳлардик.

- Албатта.

Гид-таржимон йигитнинг аввал бошда автобусни Қашқадарё дарёси бўйида тўхтатгани ва бу орқали саёҳат дастурига ўзгартириш киритганидан кўнгли хижил эди. Энди эса сайёҳларнинг она шаҳри ҳамда диёри ҳақидаги мақтов ва олқишларидан бўйи осмон баравар ўсгандек бўлди, ғурури кўксига сиғмас даражага келди...

Азизбек НОРОВ

Report typo