Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раъно ЖОНҚУВВАТОВА

18.01.2017


ТАРИХ ЗАРВАРАҚЛАРИГА МАНГУ МУҲРЛАНАДИ

Раъно ЖОНҚУВВАТОВА, Ғузор туманидаги Зарбдор МФЙ раиси:

- Президентимиз Ислом Каримов халқимизни нафақат мустақилликка олиб чиқди, балки уни мустаҳкамлаш ишига бутун борлиғини бахшида қилди. Энг муҳими, бу хизматлар натижасида одамларда эртанги кунга ишонч ортди, келажакка дадил назар ташлай бошлади. Бу ниҳоятда улкан ҳодиса. Ҳар биримиз учун. Чунки кишида эртанги кунга нисбатан хавотир бўлса, касбу корида унум, барака бўлмайди, топгани татимайди.

Бир вақтлар ана шундай кунларни ҳам бошдан кечиргандик. Собиқ тузум давридаги ўша кунлар хусусида Президентимиз қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Мамлакат катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан-кунга йўқотяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти.

Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қиляпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу – ҳаққоний талабдир”.

Президентимизнинг халқпарвар ва доно сиёсати натижасида катта бир давлат ўзини тутиб олди. Тўғри йўлдан оғишмай дадил қадам ташлай бошлади. Иқтисодий салоҳиятимиз юксалди. Аҳоли турмуши фаровонлашди. Ўзбекистонни дунё тан олди. Жаҳон афкор оммаси мамлакатимиз эришаётган ютуқлар замирида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат мужассамлигига тан берди.

1989 йилда депутат сифатида Москвага, сессияга бордик. Ислом Каримовнинг ёшларга меҳри бўлакча, алоҳида ардоқларди. Шу боис бизни, Ўзбекистондан бирга борган депутатларни Москва бўйлаб сайрга бошлади. Шаҳар метросини, хиёбонларни айландик. Китоблар, тасвирий санъат намуналари ёйилган, савдо дўконлари жойлашган Арбат кўчасига келганимизда, замонавий қиёфадаги эр-хотин келиб, бизни суҳбатга тортди. Кейин билсак, улар асли водийдан, бу ерда аспирантурада ўқиётган экан.

Шу пайтлари Гдлян ва Иванов сингари “десантчи”ларнинг алоҳида “хизмат”и сабаб “пахта иши”, “ўзбек иши” деган туҳматлар авж олган, ўзбек халқини дунёга ёмонотлиқ қилишга уринишлар кучайган дамлар эди. Юртдошларимизда юртнинг тақдирига, эртанги кунига ишончсизлик, хавотир юзага келганди.

Шу сабабми, аспирантлар Ислом Каримовга “Ўзбекистоннинг эртанги куни қандай бўлади?” дея савол беришди. Ислом Каримов ҳеч иккиланмай “Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлади. Буюк келажакни биз ўз қўлимиз билан қурамиз”, дея ишонч билан жавоб берганди.

Ўша куни суратга тушдик. Унга ҳар гал разм солганимда кўзимдан ёш чиқиб кетади, собиқ тузум даврида истибдод зулмидан азият чеккан халқни ёрқин келажак сари бошлаган, юртнинг ёруғ келажаги учун ўз умрини бағишлаган улуғ жасорат эгасининг қатъияти сабаб шу нурафшон кунларда умргузаронлик қилаётганимизни ўйлайман...

Дарвоқе, бундан чорак аср илгари айтилган сўз бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида намоён бўлмоқда. Биз ўз қўлимиз билан буюк давлатни барпо қила олдик. Ва бунда Президентимизнинг хизматлари беқиёс бўлди. Шу сабаб ҳам у кишини нафақат биз, балки неча асрлар давомида авлодларимиз ҳам юксак эҳтиром билан хотирасида сақлайди.

Юртбошимиз ҳар бир ўғил-қизга оталарча меҳр-эътибор кўрсатгани, уларга дунёда тенги йўқ шарт-шароитларни яратиб бергани тарих зарварақларига мангу муҳрланади. Чунки мустақиллигимизнинг йигирма беш йили давомида бу йўлда қўйилган мустаҳкам пойдевор йиллар ўтгани сари ўз самарасини бераверади. Фарзандларимиз халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақаларида ўнлаб медалларни қўлга киритмоқда, бу муваффақиятларимизнинг салмоғи бундан кейин янада ошиб бораверади. Халқимизнинг нафақат бугунги, балки келажакда эришажак ғалабалари ҳам Ислом Каримов номи билан боғлиқ бўлади.

У киши бошлаб берган эзгу ишлар муносиб давом эттирилади. Юртбошимизнинг порлоқ хотираси юрагимиздан ҳеч қачон ўчмайди.

Report typo