Энг муҳими, амалга оширилаётган ва қилинажак ишлардан, у суд-ҳуқуқ соҳаси бўладими, иқтисодиётни янада ривожлантиришми, кўзланган мақсад битта – инсон манфаатларини таъминлаш. Қайд этиш лозимки, бу борадаги ишларда Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил бугунги кун талабига айланиб улгурди. Шунга кўра фуқароларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора ошиб бормоқда.
Суд-ҳуқуқ, прокуратура ва ички ишлар тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ўз натижаларини бера бошлаганини барчамиз ҳис этиб турибмиз. Миллий валютамизни эркин конвертация қилишга киришилди. Натижада юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлди.
Ёки биргина ўтган йили янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилганини олинг. Албатта, бу рақамлар ортида юртдошларимизнинг иш билан бандлиги, ўзига, оиласига, жамиятга наф келтириши мужассам.
Бундан ташқари, юртимиздаги 15 та олий таълим муассасасида сиртқи бўлимлар ташкил этилди. Юртбошимизнинг “Мана кўрасизлар, йиллар ўтади, лекин ёшларимизга, келажагимизга қилган бундай эътиборимиз албатта ўз мевасини беради, мен бунга ишонаман”, деган фикрларини нафақат Симпозиумлар саройида ва видеоселектор орқали тадбирни кузатаётганлар, барча юртдошларимиз муносиб олқишлашди, эътироф этишди.
Эшитганмиз, кузатганмиз – дунёдаги айрим халқлар давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ёрқин келажак ҳақидаги ваъдаларига йиллар, асрлар давомида ишониб яшашади. Бу ваъдалар қачондир бажарилади, қачондир йўқ.
Шу маънода Президентимизнинг “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди”, деб айтгани қалбларни тўлқинлантиргани бор гап. Нега? Чунки ҳар бир киши бу ёруғ оламда бахтли яшашга ҳақли. Бунинг учун эса замин, пойдевор керак. Дейлик, яшаш шароити ҳаминқадар, уй-жойи бўлмаган одам ёрқин келажакни тасаввур қила оладими? Албатта, йўқ.
Ана шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар қурилгани эътиборга моликдир. Энг асосийси, халқимизнинг ҳар бир вакили бахтли яшаши учун яратилаётган шароит ва имкониятларнинг саноғи йўқ. Буни шахсан Президентнинг ўзи назорат қилиб тургани, бошқа тизим ва бўғиндаги раҳбарларни ҳам халқ манфаатини ҳимоя қилишга жалб этаётгани муҳимдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги тузилма сифатида жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали жойлардаги қанчадан-қанча муаммолар бартараф этилган бўлса-да, узоқ ҳудудларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар кўплигини тан олиш керак. Сансалорлик, лоқайдлик, қотиб қолган “тизим” бирламчи масалалар ечилмасдан қолишига ёки жуда кечикиб ҳал бўлишига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб Юртбошимиз тегишли мутасаддиларга зиммасидаги масъулиятни яна бир эслатиб қўйди. Айни ўринда депутатлар фаолиятига ҳам муносабат билдирилди. “Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади”, деди Президент. Бу фикрни фақат маҳаллий эмас, барча депутатлар ўзига олиши керак. Камчиликлар борми, демак, депутатлар ишламаяпти. Муаммолар ҳал этилмаяптими, депутатнинг таъсири йўқ. Ўз навбатида у фаол, таъсирчан услубларга эга бўлиш чораларини кўриши даркор. Аксинча бўлса, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилган бўлади.
Президентимиз қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш зарур, деб мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун глобал тармоқда “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш фикрини илгари сурдилар. Бу ташаббус парламентимизнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Умуман олганда, тарихий Мурожаатномадаги ҳар бир масала халқимиз турмуш фаровонлиги ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилгани баробарида биз – парламент аъзолари учун ҳам истиқболдаги вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати