Излаган имкон топади
Бугун юртимизда томорқачилик кун сайин ривожланиб бормоқда. Ҳаракат қилган, меҳнатдан қочмаган киши борки, бир парча ердан ҳам яхшигина даромад топаяпти, янада кўпроғига интилаяпти, изланаяпти. Натижада томорқачиликда ҳам турли янгиликларга қўл урилиб, янги-янги экиш усуллари оммалашиб бормоқда.
Биргина тарвузчиликни оладиган бўлсак, бугунги кунда бу борада вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан Чироқчи тумани деҳқонлари анча илгарилаб кетишган. Бу ерда етиштирилаётган тарвузлар нафақат юртимиз, балки хориж бозорларида ҳам машҳур бўлиб улгурган. Бу полиз маҳсулотини етиштирувчилар асосан деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа эгалари эканлиги ҳам эътиборга молик.
Айни пайтда чироқчилик томорқачилар тарвуз етиштиришнинг беш-олти хил усулини ўзлаштиришган. Эрта ёки кеч ҳосил олиш мақсадига, тупроқ-сув шароитига қараб турли экиш усулларидан фойдаланилади.
Мисол учун, туманнинг Кўкдала ҳудуди миришкорлари бозорга энг эртачи тарвуз чиқариши билан машҳур. У ерда яшайдиган тажрибали деҳқон Улуғбек Жуманазаров ўтган йили май ойининг дастлабки 10 кунлигидаёқ хорижга тарвуз экспорт қилишни бошлаб юборганди. Бу йил эса унинг тарвузлари янада эртачироқ етилмоқда. Шу кунларда у тарвуз экспортини бошлаш арафасида. Деҳқоннинг таъкидлашича, у энг эртачи пишадиган тарвузларни иссиқхона шароитида парваришламоқда. Бу ҳосилни оддий плёнка остида етиштиришга қараганда, 10-15 кун эртачи олиш имконини беради.
Чироқчи тарвузчилигида энг оммалашган иккинчи усул эса экинни ётқизилган ярим цилиндр шаклини эслатувчи оддий целлофан "парник"лар остида парваришлашдир. Бу усулда экилган тарвузлар одатда май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб пишиб етилади.
- Бунинг учун дастлабки ишни февраль ойининг илк кунларидан бошлаймиз, - дейди тажрибали томорқачи Алишер Эргашев. - Аввал махсус стаканчаларга маҳаллий ўғит билан тўйинтирилган тупроқ солиб унга уруғ экамиз ва иссиқхона шароитида ундириб оламиз. Кўчатлар бўй чўзиб қолганидан сўнг, аввал эгатлар устига целлофан тўшалиб, сўнг кўчатлар ўтқазилади. Ҳар бир қатор усти яна целлофан билан яхшилаб ёпиб чиқилади. Қачонки кунлар исиб, экин учун табиатдан келадиган хавфлар ортда қолгач, целлофанлар йиғиштириб олиниб, экинни очиқ майдонда парваришлаш бошланади.
Томорқачининг таъкидлашича, учинчи усул ҳам шунинг соддароқ кўринишидир. Бунда фақат экиннинг усти целлофан билан ёпилмайди, шу боис ҳосил олиниши ҳам 10-15 кунга кечикади. Аммо томорқачилар эртачи тарвузлар тугаб, яна тарвузга талаб ошган бир вақтда ўз маҳсулотини бозорга олиб киради.
- Бунда ҳам кўчатлар аввал стаканчаларда иссиқхона шароитида ундириб олинади, - дейди суҳбатдошимиз. - Қаттиқ совуқ ёки қор хавфи ортда қолгач, ер яхшилаб тайёрланиб, эгатлар олинади. Сўнг ҳар бир эгат устига плёнка тўшаб чиқиш лозим. Ана ундан кейин целлофаннинг керакли жойлари тешилиб, кўчатлар стакандан олинади ва очилган чуқурларга ўз тупроғи билан экилади. Ер устига тўшалган плёнка кўчат томири учун керакли иссиқликни таъминлаб бериш билан бир қаторда, намни узоқ вақт сақлаш, майдонни бегона ўтлар босишидан асраш каби вазифаларни ҳам бажаради.
Тарвуз етиштиришнинг тўртинчи усули эса махсус стаканчада ундирилган кўчатлар ёки уруғни оддий дала шароитида экиб парваришлашдир. Бунда ҳосил ёзнинг ўрталарига бориб пишиб етилади. Бу вақтда эса ҳамма ҳудудларда ҳам тарвуз пишган бўлади. Айни сабаб Чироқчида асосан оила учун, кичик майдонларга экиладиган тарвузларгина кўпроқ шу усулда етиштирилади.
Бешинчи усул - лалми тарвуз етиштириш. Маълумки, ҳудудда ҳар йили катта майдонларда лалми ғалла етиштирилади. Суғорилмайдиган ернинг ўз кучини йўқотмаслиги учун бир йил ғалла экилган ерга келгуси йил албатта дам бериш лозим. Бунда ер кеч куз ёки эрта баҳорда шудгорланиб, келгуси мавсум учун экишга тайёрлаб қўйилади.
- Ана шу вақт оралиғида бу ерга лалми тарвуз экиб, ҳосил олиш мумкин, - дейди тажрибали деҳқонлардан бири Азамат Нодиров. - Бу ернинг янада юмшаб, кучайишини ҳам таъминлайди. Лалми тарвуз экилган майдонда келгусида ғалла янада яхшироқ ҳосил бериши кўп йиллик тажрибамиздан аён. Қолаверса, бу яхшигина даромад ҳам келтиради.
Азамат Нодировнинг таъкидлашича, лалми тарвузлар уруғи ерга об-ҳаво шароитига қараб май ойи охирлари ёки июнь ойи бошларида экилади. Экин униб чиқиб, қулоқ ёзиб қолгач, бир маротаба тагини юмшатиб чиқиш лозим. Бор меҳнати шу. Сентябрь охири, октябрь бошларига бориб, ҳосилни йиғиб олаверасиз. Ҳар гектардан минг донадан тўрт минг донагача сара тарвуз олиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, бугун туман деҳқончилигида тарвузчилик энг ривожланаётган йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Бу ишни кенг йўлга қўйган миришкорлар эса аввало оилалари фаровонлигини таъминлаётгани, шу аснода бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишаётгани эътиборга молик.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ