Мамлакатимиз ҳукумати томонидан жорий йил 25 февралда чиқарилган фармойишда белгиланганидек, “Ташаббус-2016” кўрик-танловининг республика босқичи 24-25 мартда очилиш маросими ва кўргазма тарзида ўтказилади, 6 апрель куни эса унинг ғолибларини тантанали равишда тақдирлаш кўзда тутилган.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ижроси доирасида шу йил 26 февраль куни вилоят ҳокими ҳам фармойиш чиқарди. Унга асосан “Ташаббус-2016” кўрик-танловининг вилоят ҳамда шаҳар ва туман босқичларининг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилий қўмита таркиби, танловни жойларда ўтказиш жадвали ва ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъуллар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, мазкур фармойишда ташкилий қўмита зиммасига ишбилармонлар беллашувини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилиб, Қарши шаҳар ва туманлар ҳокимлари танлов ўтказишга бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан маблағ ажратилиши ва унинг мақсадли ишлатилиши учун масъул эканлиги белгиланди.
Йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди йўналишлари бўйича ўтказиб келинаётган ушбу танловнинг вилоят босқичи Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтади.
Т.НИЗОМОВ.