Йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён "Йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши фермери" ва "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишлари бўйича ўтказиб келинаётган ушбу танловнинг вилоят босқичи 2 май куни Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтади. Унинг ғолиблари - ҳудудлардаги энг яхши тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар республика финал босқичи йўлланмалари учун кураш олиб боришади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги фармойишида белгиланганидек, "Ташаббус-2017" кўрик-танловининг республика босқичи 16-17 майда очилиш маросими ва кўргазма тарзида ўтказилади, 22 май куни эса ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида шу йил 11 апрелда вилоят ҳокими ҳам фармойиш чиқарди. Унга асосан "Ташаббус-2017" кўрик-танловининг вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар босқичлари юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилий қўмита таркиби, танловни жойларда ўтказиш жадвали ва ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъуллар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, фармойишда ташкилий қўмита зиммасига ишбилармонлар беллашувини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилиб, Қарши шаҳри ва туманлар ҳокимлари танлов ўтказишга бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан маблағ ажратилиши ва унинг мақсадли ишлатилиши учун масъул эканлиги белгиланди.
Н.ХЎЖАЕВ