Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

01.06.2021


“Ташаббус-2021” кўрик танлови: ОДАТДАГИДАН ФАРҚЛИ РАВИШДА

Бугун Президент соврини учун “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг дастлабки – туман (шаҳар) босқичида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳужжатларни электрон тарзда топшириш бошланди.

 Кўп йилдан буён тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови жорий йилда бироз бошқача тарзда ташкил этилмоқда. Карантин талабларидан келиб чиқиб, беллашувнинг туман (шаҳар) босқичида одатдагидан фарқли равишда иштирокчилар томонидан маҳсулотлар кўргазмаси намойиш қилинмайди. Ғолиблар 1-4 июнь кунлари ягона электрон платформа орқали тақдим қилинадиган ҳужжатлар асосида танлаб олиниб, вилоят босқичига тавсия этилади. Кўрик-танловнинг вилоят босқичи очилиш маросими ва кўргазмаси эса 10 июнь куни ўтказилади.

 Вилоят ҳокимининг шу йил 31 майдаги фармойишида “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг ҳудудий босқичини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича вилоят ташкилий қўмита таркиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари, тегишли харажатлар сметаси, мазкур беллашувни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш таклифи билан чиққан ташаббускорлар рўйхати тасдиқланиб, бошқа зарур чора-тадбирлар белгиланди.

 Жумладан, ташкилий қўмита зиммасига вилоят ҳокимлигида “Ташаббус-2021” кўрик-танловини ўтказиш штабини ташкил этиш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аҳоли вакилларини ихтиёрийлик асосидан кўргазмаларга жалб қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

 Маълумотларга кўра, нуфузли кўрик-танловнинг республика босқичи ва унинг доирасидаги кўргазма 14-15 июнь, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими эса 16 июнь куни бўлиб ўтади.

 

Report typo