Интилганга толе ёр
2020 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, вилоятимизда 25,7 мингга яқин корхона ва ташкилот фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 15,7 мингга яқини, яъни 60 фоизи хизмат кўрсатиш соҳасида иш юритмоқда.
Бинобарин, хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлиб, у ялпи ички маҳсулотни шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишда етакчи ўринни эгаллайди.
Шу боис бугунги кунда мамлакатимизда мазкур тармоқни тараққий эттиришга устувор аҳамият берилмоқда. Натижада кўрсатилаётган хизматлар таркиби янгиланиши баробарида, сифати ҳам тубдан яхшиланиб бораяпти. Эътиборлиси, юртимизнинг чекка ҳудудларида замонавий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайиши баробарида, кўплаб иш ўринлари яратилмоқда.
Касби туманидаги "Хўжа Касби тижорат" хусусий корхонаси ҳам хизмат кўрсатиш соҳасида янги лойиҳани амалга оширди. Яъни, субъект яқинда туманнинг Муғлон маҳалласи ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини ишга туширган.
- Шу соҳада маълум тажриба ва билимга эгаман, - дейди субъект раҳбари Муслим Ширинов. - Авваллари мустақил равишда автомобиллар устачилиги билан шуғулланганман. Ўтган йили эса шу соҳада тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ишни тубдан кенгайтириш режаси туғилди. Бу режани яқинларим ҳам қўллаб-қувватлашди. Қолаверса, бино ҳам бор, фақат фаолият учун зарур бўлган бир қатор технологияларга эҳтиёж сезаётган эдик. Шу боис банкдан 48 миллион сўм миқдорида кредит олиб, керакли асбоб-ускуналарни харид қилдик ва ишни бошладик.
Бугун корхонада икки киши иш билан таъминланган. Субъектда ҳозирча автомобилларнинг маълум қисмларини техник таъмирлаш имконияти мавжуд бўлса, тадбиркор эндиликда фаолиятини янада кенгайтириб, мижозларга бир неча турдаги қўшимча хизмат турларини ҳам таклиф этмоқчи. Натижада яратилган иш ўринлари сони ҳам ортади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.