Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.05.2019


ТАШАББУС. ҲАМЖИҲАТЛИК. ТАРАҚҚИЁТ

Халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, бизнес ва академик доира, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан тадқиқотлар ўтказиш, шу жумладан, давлат дастурларида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг  ташаббусларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракатнинг асосий фаолият йўналишларидан ҳисобланади. Шунингдек, кенг жамоатчилик фикри, таклифларини ўрганиб, уларни умумлаштиради ҳамда Давлат дастурлари лойиҳаларида акс эттирилишига кўмаклашади.

Ўз навбатида "Минтақавий мулоқот" халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича, Қозоғистоннинг "АРГО" фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси билан фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, ННТлар салоҳиятини ошириш, давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма билан ҳамкорликда эса фуқароларни амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш, жамоатчилик мониторингининг тизимли механизмларини йўлга қўйиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида давлат ва жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида "Ўзбекистонда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни жалб этиш" мавзусида ўтган тадбирда атрофлича маълумот берилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Арзиқулов сўзга чиқиб, Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда умуммиллий ҳаракат ва қатор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ амалга ошираётган мониторинг тадбирлари ҳақида айтиб ўтишди.

Бунда 2019 йил учун Инвестиция дастурининг жойлардаги ижроси ўрганилиб, лойиҳа-смета ҳужжатларининг тайёрлангани, лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли манбалардан маблағлар ажратилгани, уларни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, мутасадди ва масъул давлат идораларининг ҳаракатлари, амалга оширилган ишлар муддатлари, миқдори ва сифатига эътибор қаратилмоқда.

Бу каби тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида жорий йилнинг май-август ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Йиғилишда шунингдек, назарда тутилган тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари иштирокини ошириш масалалари муҳокама этилди. Ҳамкорликдаги вазифалар келишиб олинди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

Report typo