Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

31.08.2017


ТАШАББУСКОР ЁШ ФЕРМЕРЛАР АНИҚЛАНДИ

Мазкур танлов мамлакатимизда жадал ривожланаётган фермерлик ҳаракатининг фаол иштирокчиси ҳисобланган, изланувчан, юрт тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ёш фермерларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаяпти.

Кўрик-танловнинг жойларда бўлиб ўтган илк босқичида кўплаб ёш фермер иштирок этди. Ўз фаолиятида юқори натижаларга эришаётган, илғор ва ташаббускорлиги билан ҳудуд ижтимоий-иқтисодий равнақига муносиб ҳисса қўшаётган 13 нафар ёш фермер вилоят босқичида қатнашиб, ўз маҳоратини намойиш этиш имконига эга бўлди.

Дастлаб тадбир доирасида ёш фермерлар томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчиларнинг мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш ва бу орқали хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, соҳага илғор инновацион технологияларни жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида олиб бораётган ишларига эътибор қаратилди. Фермер хўжаликларининг ўтган даврда эришган ютуқлари, янги иш ўринлари яратиш, маҳалла ҳудудида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулдорликни оширишга қаратилган лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Соҳа мутахассислари ёш фермерларнинг хўжалик бошқаруви, бухгалтерияси, ҳуқуқий ваколатлари бўйича билимини савол-жавоб       орқали баҳолади.

- Фермер хўжалигимиз 2015 йилда ташкил топган, - дейди Қарши туманидаги “Ҳаитов Тош” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Йўлдошев. – Фаолиятимиз асосан пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Жорий йил 6 гектар майдонда ғалла парваришладик. Ҳар гектаридан 50 центнердан ҳосил йиғиб, давлатга сифатли уруғлик дон топширдик. Бироз аввал ушбу бўшаган майдонга такрорий экин сифатида мош эккандик. Кузда маҳсулотни йиғиштириб оламиз. Мошни туманимиздаги экспортчи корхонага сотишга келишганмиз. Ҳозирда 28 гектар жойда пахта парваришлаяпмиз. Ҳамма агротехника тадбирларини ўз вақтида бажардик. Мўл ҳосил кўтариб, шартномавий мажбуриятимизни ортиғи билан уддалашни мақсад қилганмиз. Келгусида даромадимиз ҳисобидан чорвачиликни ривожлантирмоқчимиз. Хориждан 100 бош зотдор сигир олиб келамиз.

Танловда 1-ўрин пахтачилик ва ғаллачиликда юқори ҳосилдорликка эришаётган Касби туманидаги “Акмал Оромов” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Оромовга насиб этди. Иккинчи ўринни Нуриддин Йўлдошев эгаллаган бўлса, Китоб туманидаги, бугунги кунда кўп тармоқда фаолият юритаётган “Ғуломов Сирожиддин Ғуломович” фермер хўжалиги раҳбари Сирожиддин Ғуломов учинчи ўринни қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, вилоят босқичида дастлабки уч ўринни эгаллаган ёш фермерлар танловнинг  жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган республика босқичида қатнашади.

Азизбек НОРОВ

Report typo