Интилганга толе ёр
Маълумотларга кўра, вилоятимизда "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури доирасида ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга тижорат банклари томонидан 92 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилган.
Натижада ҳудудларда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигининг турли соҳалари ва бошқа йўналишларда 373 лойиҳа амалга оширилди.
Ёш ишбилармонлар томонидан энг кўп сармоя киритилаётган соҳалардан бири иссиқхоначилик бўлиб, 51 нафар тадбиркор йилнинг барча фаслларида бирдек маҳсулот етиштириш имконини берувчи "ёпиқ томорқа"ни барпо этиш, бу қурилмаларни замонавий типдаги иситиш, суғориш технологиялари билан жиҳозлаш борасидаги лойиҳаларни амалга оширган. Улардан бири Муборак туманилик Ўктам Қурбонниёзовдир.
Ўктам айни пайтда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида таҳсил олмоқда. Ўқиш билан бир қаторда, туман ҳудудидан бир гектар ер майдони олиб, бу ерда замонавий типдаги иссиқхонани ҳам барпо этган.
- "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси тавсияси билан банкдан 237 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, - дейди у. - Экиш учун помидорнинг "Аламина" навини танладим. Бу бежиз эмас, албатта. Ушбу нав ўзининг серҳосиллиги билан бир қаторда, жаҳон бозорида харидоргирлиги билан ҳам ажралиб туради.
Иссиқхонада ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ўтқазилган помидор кўчатлари айни пайтда шиғил ҳосилга кирган.
Тадбиркорнинг мақсади етиштирилган маҳсулотни тўлиқ хорижга экспорт қилишдир.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.