Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршид МИРЗАЕВ

19.12.2017


ТАСВИРГА КЎЧГАН БЕМАЪНИ ҚИЛИҚ

“Москва-Қарши” йўналишидаги 624-сонли авиарейс билан ушбу аэропортда парвозини якунлаган Қарши шаҳар 1-миттитуманда истиқомат қилувчи эндигина 18 ёшни қаршилаган фуқаро Ольга Богдасарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) юклари божхона назоратидан ўтказилди. Шунда унинг “Samsung” маркали қўл телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 134 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.

Ачинарлиси шундаки, мазкур телефон хотирасидан Ольга ўзининг беҳаё хатти-ҳаракатларини йиллар давомида тасвирга олиб сақлаб келаётган бир нечта видеолавҳа ҳам жой олган экан. Қизиқ, Ольганинг бу ишлари, юриш-туришидан ота-онасининг хабари йўқми? Назорат қилмаганми?

Якунда тегишли суд идорасининг қарорига кўра, юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этган фуқаро Ольга Богдасаровага нисбатан жарима жазоси белгиланди. Ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган телефон аппарати давлат эгалигига ўтказилди ҳамда унинг хотирасидаги беҳаё лавҳалар белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда барча ота-оналар ўз фарзандларини қимматбаҳо ва барча қулайликларга эга телефонлар билан таъминлаб келмоқда. Бу бир томондан яхши бўлиши мумкин, бироқ юқоридаги каби салбий таъсирлари борлигини ҳам унутмаслик лозим.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 81 та ҳолатда 8 минг 701 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа, карта ва суратларнинг божхона чегаралари орқали мамлакатимизга олиб кирилишининг олди олинди.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, миллий анъаналаримизга мутлақо ёт бўлган ғояларнинг жамиятимизга кириб келишига қарши қатъий кураш олиб борилади. Ёшлар маънавияти, уларнинг ёрқин келажагини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, ёт ва ахлоқсиз ғояларни тарғиб қилишга қарши мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилади, жазо эса муқаррар.

Хуршид МИРЗАЕВ,

“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи

Report typo