Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

25.07.2017


ТАСВИРЛАРДА ЮРТ МАДҲИ

Тасвирларга разм солар эканман, кўз ўнгимда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлашга кенг ҳозирлик кўрилаётгани, ушбу йилларда юртимизда амалга оширилган буюк ишлар, тинч-тотув ҳаёт қадри,  халқимизнинг фаровон ва бахтли турмуши ҳақида ўйлар жонланди.

Ҳа, бугун жойларда сизу биз ҳар куни кўраётган бундай тасвирлар, аввало, кишилар диққатини тортади, уларда қизиқиш уйғотади ва унинг таъсирида одамларимиз қалбида эзгуликка хоҳиш пайдо бўлади, пировардида эса барчамизни яратувчанликка, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, юртимизни севишга ундайди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Биринчи Президентимизнинг ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлаши билан 1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ўтган йигирма йил мобайнида мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар жараёнини кенг оммага таъсирчан ва жозибадор шаклларда етказиб, халқимизнинг чинакам бунёдкорлик ишларини, одамлар онгида, руҳиятида, қиёфасида рўй бераётган ўзгаришларни тасвирий намоён этиб келмоқда.

Жумладан, вилоятимизда ўтаётган турли тадбирлар, спорт мусобақалари, воҳа аҳлининг бунёдкорлик ишларию эзгу мақсадларини тасвирлар воситасида ёритиш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларни ватанпарварлик ғояларига содиқ қилиб тарбиялашда вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг ҳам катта ҳиссаси бор. Вилоят миқёсидаги турли тадбирлардан тортиб, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга қадар бўлган жараёнларда ҳам ана шу жамоанинг меҳнати акс этиб туради.

- Тасвирий тарғибот воситаларини тайёрлаш, улар орқали эзгу ғояларни фуқаролар онгига етказиш ниҳоятда масъулиятли вазифа, - дейди вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Дилшод Каримов. – Чунки маълум бир воқеликни одамлар шуурига, қалбига тасвир орқали етказиб бериш осон иш эмас. Ҳар бир тасвир ёки шиорда эзгуликка ундовчи руҳ сезилиб туриши керак. Шу билан бирга, улар дизайни бир қарашда эътиборни тортиши, ундаги мақсад осон илғаб олиниши, содда ва таъсирчан бўлиши, инсон руҳиятини уйғотадиган, кайфиятини кўтарадиган, дилини равшан торттириб, орзуларига қанот бағишлайдиган воситага айланиши лозим.

Бугунги кунда вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан тайёрланган турли ижтимоий ва тижорий реклама материалларини вилоятимизнинг барча ҳудудларида учратасиз. Аслида оддийгина туюладиган ана шу баннерларнинг қанчалик катта вазифа бажараётганини эса ҳар доим ҳам ўйлаб кўравермас эканмиз. Айниқса, дунёда турли қарама-қарши ғоялар, ахборот хуружлари авж олган бугунги кунда одамларни муайян ғояга ишонтириш, халқни уюштириш ва сафарбар этиш, маънавий-руҳий рағбатлантириш, ғоявий тарбиялаш ҳамда улар онгида иллатлар, бузғунчи ҳаракатларга қарши иммунитет ҳосил қилиш каби вазифаларни бажаришда бундай  тарғибот воситаларининг аҳамияти янада ортади. Вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси  жамоаси ҳам ўз ишларида ана шу жиҳатларни  намоён этиш, бундай воситалар орқали юртдошларимизни она Ватанни севиш, миллий қадриятларимизни улуғлаш, тинчлик ва барқарорликни асрашдек эзгу мақсадларга ундашни бош мақсад сифатида белгилаб олган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo