Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ТЕХНИКА АСРИ КИРИБ КЕЛСА ҲАМ, ТИРИКЧИЛИК ТАРЗИНИ ТОШ ДАВРИ ТУТУМЛАРИ ЖИЛОВГА ОЛИБ ТУРИБДИ

Б.САЙФИЕВ

20.06.2024


ТЕХНИКА АСРИ КИРИБ КЕЛСА ҲАМ, ТИРИКЧИЛИК ТАРЗИНИ ТОШ ДАВРИ ТУТУМЛАРИ ЖИЛОВГА ОЛИБ ТУРИБДИ

Сараланган сатрлар

Хуршид Абдурашид Касби туманидаги Пандирон қишлоғида туғилган, айни пайтда пойтахтда яшаб ижод қилади. Ҳали ўттизга кирмай "Ўша мен эдим", "Фақат у қолди" номли шеърий китоблари ҳамда яқинда "Дардисар" романи "Академнашр" нашриётида чоп этилди.

Тўғриси, насримиз давомчилари сифатида қаралган ёш адиблар ҳали ҳикоялар машқ қилиб юрган бир чоғда асосан шеърлари билан танилиб келаётган Хуршиднинг дабдурустдан ҳикоя, қисса эмас, роман эълон қилгани кутилмаган ҳодиса бўлди.

"Дардисар"ни қўлёзма ҳолида ўқирканман (ишчи номи "Мусофир Жин" эди), энг аввал услубнинг равонлиги маъқул келганди. Айниқса, диалоглар, манзаралар ишонарли ва эсда қоларли. Қолаверса, воқеаларнинг эртак ва ривоятларга хос азалий рамз - чироқдан чиқадиган Жин билан боғлиқ экани ўқувчини китоб охиригача ушлаб туради.

Ҳаммаси бугунимиз - шунинг учун асар жонли чиққан. Оёқости бўлаётган дўхтиру куни амал-тақал ўтаётган муаллимлар, мардикорлар, ишсизлик, порахўрлик, қоғозбозлик, расмиятчилик, савиясизлик, ахборот манбаларининг "артис"лар билан ўралашиб қолгани, депутатларнинг "ноёб" - телба-тескари, аҳмоқона ғоялар билан банд экани - бугунги кунимизнинг муаммолари, фожиаси кулги билан қаламга олинади.

Китоб 5 минг нусхада чоп этилган. Унча-мунча асарни босмайдиган "Академнашр" нашриёти ёш адибга шундай ишонч билдираяптими, демак, роман ўқишга арзийди.

*  *  *

Одамзоднинг ҳеч йўқса хаёлларида бахтли бўлишга ҳаққи бор.

*  *  *

Сичқон бир куни оғилхонада кавш қайтариб ётган сигирга арз қилди. "Эй улкан сигир, каминага жой бер. Хўжайиннинг мушуклари мени сиғдирмай қўйди. Алар чунонам кўпайиб кетдиларки, қадам боссам, сезиб қолишар. Ойнинг ярми қоронғи, ярми зулмат бўлса, хўжайиннинг уйининг ярми қопқон, ярми мушук бўлиб қолди. Сендан мадад сўрайман, эй сигирларнинг аълоси, молларнинг доноси". Сигирнинг бечора сичқонга раҳми келди, шекилли, оғилда яшашга рухсат берди. Аммо сичқоннинг бахти кулмади, бу ернинг каламушлари унинг қувончига барҳам беришди. Қиссадан ҳисса шуки, ўз уйингдаги     муаммога, ўзга уйдан ечим излама.

*  *  *

Оч қоринга мия яхши ишлаши хусусидаги гаплар қулоғингизга чалингандир. Мабодо шундай бўлганида  дунёда ҳеч ким очликдан ўлмаган бўлмасмиди! Дунёнинг оч-наҳор яшаётган халқлари тараққиётда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ютуқларга эга чиқмасмиди? Буям бир гап-да энди, нима дейсиз?

*  *  *

Танглайимизни бюрократия кўтарган. Дунё янги асрга қадам қўйди. Техника ривожи мислсиз чўққиларга етди. Сунъий интеллект деган бир балолар пайдо бўлди. Одамзот коинотга чиқиш хомхаёлини пиширди, еб ҳам кўрди! Тасаввур қиляпсизми, бутун дунёда қандай ўзгаришлар рўй берганини! Лекин дунё одамлари тўрт қадам олдинга юришса, биз икки қадам орқага юришга ўрганиб қолдик. Одамзот қоғозларни қирғин қилиш босқичида турган пайт биз буткул қоғозбозликка кўмилиб бўлдик.

*  *  *

Ходимларнинг бир-бирини кўролмаслиги, ишхонадаги раҳбарларнинг феъли, катталигу кичиклик удумлари бу бўлак дунё. Беморлар-чи? Уларда ҳам айб йўқ, дейлик. Уларнинг яқинлари-чи? Уларнинг ҳаёти учун жон бериб курашсангу, ҳаммаси тугагач, улар раҳмат ё далда ўрнига шўртаккина тарсаки билан сийласа. Шунда  ҳам калтак талабларига жавоб бера оладиган, таёққа муносиб ҳамкасблар турганда номуносиб номзодлар "рағбатлантирилса", додингни кимга айтасан?

*  *  *

Яхши одамлар борки, яшагинг келади. Ҳаётда "яхши" деган сифатга мос тушадиган яратиқлар борлиги учун ҳам яшаймиз. Ёмонлар эса ўзлари учун ҳамма нарсани яхшилаб олишади. Уларга "яхши-ёмон" деган категориялар йўқ.

*  *  *

У сайтни очиши билан турли хабарлар лавҳаси экранда намоён бўлди. "Кўзаобод депутати Қўйлибек Қултоев ҳафтада уч кун ишлаб, тўрт кун дам олиш тизимини йўлга қўйиш таклифини берди", "Шаҳар ҳокими Каттаконовга аталган китоб   нашрдан чиқди", "Пенсионерлар ўртасида ўтказилган марафонга ҳеч ким келмади", "Математика олимпиадасида ғолиб чиққан 12 ёшли бола иккита тарвуз, учта бўрикалла қовун билан тақдирланди" ва ҳоказо хабарлар...

*  *  *

Пул топилади, лекин ор топилмайди. Орни бир марта бой бердингми, тамом. Юзингга тупроқ сочилгани шу эмасми?

*  *  *

Муҳаббат одамнинг табиатига баҳор ҳавосини олиб киради. Шунданми, ёш йигит-қизларнинг феълида баҳор ёмғиридай ҳис-ҳаяжон, қор олдидан гуллаган бодомдай шошма-шошарлик бўртиб кўриниб қолади. Севган одамнинг ҳаётга қараши бошқача бўлади. Сал умид учқунини туйса борми, ҳаётга худди латифа эшитгандай кулиб қарайди. Агар ишлар бирозгина орқага кетгудай бўлса, табассумли чеҳралар қора булут қоплаган осмон қиёфасига киради. Одам Ато пайтидан бери муҳаббатнинг  тарҳи ҳам, тарихи ҳам, ана борингки, тадрижи ҳам шундай.

*  *  *

Шоир айтади-ку, "Бунча гўзал инсониятнинг, Китобларда қолган ҳаёти", деб.

*  *  *

Умр ҳам бир йўл аслида. Оддий йўлдан фарқи шуки, унда бекатлар бўлмайди. Бу йўлдан автобусда ё машинада юришнинг иложи йўқ. Йўл қисқариб бораётганини сезган одам ҳаётда нимадир из қолдиришга уринади.

*  *  *

Шаҳримизда одам беандиша бўлса ҳам беҳужжат бўлмаслиги керак.

*  *  *

Тирикчилик тошдан оғир. Замонимизга техника асри кириб келса ҳам, тирикчилик тарзини тош даври тутумлари жиловга олиб турибди.

*  *  *

Ҳикоя қаҳрамони мактабда ўқиб юрган чоғида синфдоши Зулфияни ёқтириб юрадию, лекин қизгинага севгисини айта олмай юради. Зулфия чиройли қиз бўлади, албатта. Кейин бола мактабни битириб қишлоқдан шаҳарга - ўқишга кетиб қолади. У кетиши билан Зулфия эрга тегиб кетади. Тўхтанглар-да. Жобир ака, қаранг, Зулфия бирдан эрга теккани маъқулми ё бир-икки йил кутсинми?

*  *  *

Ҳаётда итнинг орқа оёғи бўлиб яшашдан баттарроқ шарафсизлик бўлмаса керак. Нимаики ишни манфаат учун қилдингми, бу ишда хайр бўлмайди. Одам ўз қадрини билмаса, уни қадрлаш шарт эмас.

*  *  *

Ваъдалар изини қор босмаса, бас.

*  *  *

Ҳамма иллат сифатида қоралайди, ҳамма ёмонлайди, лекин бу ёмон иш ҳеч қачон тугамайди. Қизиқ, ҳамма порадан ҳазар қилса, ким уни пайдо қилади? Кимдир берсаю, кимдир олса шу пора бўлар экан, буёқда ҳамма қоралаб турса, ким оладию ким беради?

*  *  *

Ҳасад дунёдаги энг кўҳна иллат экани шубҳасиз. Ҳобил ўз иниси Қобилни ўлдирган пайтдаёқ бу иллат Ер юзига тарқалиб бўлганди. Одамзот неча минг йилдирки, бу иллатни ҳар томонлама ривожлантириб, тараққий топтирди.

*  *  *

Чўкиш жой танламайди. "Титаник"да чўксанг ҳам, оддий анҳорда чўксанг ҳам якун бир хил. Чўкиб кетгандан учиб кетган яхшироқ эмасми? Яхши. Лекин сен қуш эмассанки, уча олсанг. Бунчалар мураккаб яшаш тарзинг, эй сутэмизувчи жонзот. Чўкма, уч. Юрма, югур. Ҳаракатдан тўхтаган кунинг ўзингга ҳукм ўқийсан. Одам ҳаракатдан тўхтаса, яшашдан маъно йўқ. Орзулар қиласан, уларга етишиш учун ҳаракат қиласан. Лекин орзуларга ета олмайсан. Чунки орзулар бесарҳад бўлур. Орзулар устига орзулар қўшилаверади. Нима исташини билмай ўтиб кетадиган сут эмизувчи жонзот, бу - инсон. Ҳаёт - орзу туғилишидан орзу тугашигача йўл. Эй йўловчи, юравер, қайтганнинг қадами синсин. Юрган дарё, ўтирган бўйра, деб мен эмас халқ айтган.

*  *  *

Мен-ку китоблардан ўқиган, билганимни айтаман. Билмаганимни  айтмайман. Болаларни алдаб ўтирадиган муаллимлар қандай удда қиляпти экан? Ахир ҳозир ёш болада ҳам телефон бор. Агар қунт қилса, ўқитувчининг бисмиллосидан бошлаб, хайр-хўшигача рост-ёлғонлигини текшириб чиқиши мумкин. Бир пайтлар ўқиган тўртта китобинг билан энди бу болаларни лақиллатиб бўлмайди!

*  *  *

Бир пайтлар "Мерлин" деган кино бўларди. Ўша кинодаги Фрикнинг гапини доим такрорлаб юраман. Кимдир "ишларинг қалай", деб сўраса, айтаманки, "юрибмиз ер билан осмоннинг ўртасида, иш кўп, маош кам дегандай". Умр эса ўтиб боряпти.

*  *  *

Дунёда уч хил одам бўлади. Яхши одамлар, ёмон одамлар ва бизнесменлар.

*  *  *

Дунёнинг ҳазилларига тан бермай илож йўқ. У моҳир санъаткор каби ҳам кулдиради, ҳам йиғлатади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo