Маълумки, тегишли давлат стандарти талабларига кўра, тойланган пахта толасининг зичлиги, намлиги, оғирлиги, ҳатто кўринишига ва уни ўраш учун қандай материаллар қай тарзда ишлатилишига қадар аниқ нормалар белгиланган.
Шунга кўра, келтирилган пахта тойлари қайта ишлаш корхонаси томонидан фақат сони саналган ҳолда қабул қилинган ва уларнинг умумий оғирлиги 382 тоннани ташкил этиши керак эди. Ҳужжатларда ҳам пахта тойлари вазни худди шунча кўрсатилган.
Аммо кейинчалик корхона маъмурияти пахта тойларининг соф оғирлиги тўғри эканлигига шубҳаланиб, текшириб кўришганда, улар белгиланган нормадан анча енгил экани маълум бўлади. Умумий ҳисобда, қабул қилинган 1 минг 539 пахта тойидан қарийб 15 тонна маҳсулот уриб қолинганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси топшириғига асосан "Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси мутахассислари томонидан "Қашқадарё минтақавий пахта терминали" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги пахта тозалаш корхоналарида сақланаётган пахта тойлари қайта ўлчовдан ўтказилди. Натижада бу борадаги кўплаб қинғирликлар фош этилди.
Хусусан, "Қашқадарё минтақавий пахта терминали" МЧЖнинг Нишон ва Қамаши терминали омборларида сақланаётган ва Жейнов 119, Шаҳрисабз, Косон, Қамаши ҳамда Бешкент пахта тозалаш акциядорлик жамиятлари томонидан тайёрланган пахта тойларида белгиланган оғирлигига кўра 50 минг 687 килограмм камомад мавжудлиги аниқланди.
Бундан ташқари, "Қашқадарё минтақавий пахта терминали" МЧЖнинг Нишон ва Қамаши терминаллари орқали вилоятдаги пахтани қайта ишлаш корхоналаридан бирига юборилган маҳсулотлар қайта ўлчовдан ўтказилганда, Бешкент, Жейнов ва Қамаши пахта тозалаш акциядорлик жамиятлари томонидан тайёрланган пахта тойлари кўрсатилган вазнидан 11 минг 324 килограмм кам чиққан.
Маълум бўлишича, юқорида номи келтирилган пахта тозалаш корхоналарининг масъул шахслари давлат стандарти талабларига зид равишда пахта тойларини белгиланган килограммдан кам вазнларда тайёрлаган. Ҳужжатларда эса уларнинг вазни давлат стандарти талабларига мос эканлигини кўрсатган.
Айни пайтда мазкур пахта тозалаш корхоналарининг бир гуруҳ масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Азизбек НОМОЗОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бош инспектори