Жорий йил 13 март куни Ғузор туманида савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлардан бири туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли савдо дўконидан қарийб 32 миллион сўм қийматидаги турли буюм ва пуллар, жумладан, 25 миллион 470 минг сўмлик 39 дона телефон аппарати ўғрилаб кетилгани ҳақида билдирган.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида ўғри қўлга олинди. У туманнинг Афғонбоғ маҳалласида яшовчи М.С. экан.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.
БИР ҲОВЛИНИ ИККИ БОР ТУНАГАН ЎҒРИЛАР
Косон тумани Ширинтепа маҳалласида яшовчи Э.О.нинг ҳовлисидаги молхонадан уч бош қўзи йўқолди.
Хонадон эгалари қўзиларни қидириш билан овора бўлишди, аммо топа олишмади. Эртаси куни тунда худди шу молхонадан яна уч бош она қўй ва бир бош қўзиси ўз-ўзидан гумдон бўлиб қолди.
Шундан сўнг Э.О. бу ўғриларнинг иши эканини англаб, туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу ўғриликни содир этган шахслар қўлга олинган. Улар туманнинг Чироқчи маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган А.Д. ва 1999 йилда туғилган А.С. экан.
Айни пайтда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан А.Д. ва А.С.га нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ж.ҚИЛИЧЕВ