Кимлар ўқишга номзод бўлиши мумкин?
Қарор ва ижро
Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги тегишли қарори билан "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. Айни пайтда мазкур ўқув муассасаларида ўқиш истагидаги номзодларни саралаш ишлари бошланган ва аризаларни қабул қилиш жорий йилнинг 1 апрелига қадар давом этади.
Хўш, ушбу академик лицейларнинг ўзига хослиги нимада? Унда кимлар ўқиши мумкин? Ўқувчиларни танлаб олиш тартиблари қандай?
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи Фахриддин Хусейнов бу борада қуйидагиларни гапириб берди.
5 ТА ҲУДУДДА ШУНДАЙ МАКТАБ БЎЛАДИ
- Президент қарорига кўра, мамлакатимиз бўйича 5 та, яъни Фарғона шаҳрида Мудофаа вазирлигининг, Нукус шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг, Шаҳрисабз шаҳрида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳамда Қибрай туманида Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳрида Миллий гвардиянинг "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.
Аввалдан фаолият кўрсатиб келаётган, ҳарбий-юридик йўналишидаги Урганч ва ҳарбий-қурилиш йўналишидаги Самарқанд академик лицейлари эса 2019-2020 ўқув йилида қабул қилинган ўқувчилари ўқишни якунлаганидан сўнг фаолиятини тугатади.
ЎҚУВЧИЛАРНИ САРАЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
- "Темурбеклар мактаби"га жорий ўқув йилида умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлайдиган, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда саралаш танловларидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Изоҳлаш жоизки, айни пайтда ўрта таълим мактабларининг 9-синфида таҳсил олаётган ўқувчилар жорий ўқув мавсуми тугаганидан сўнггина 9-синфни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлади. Шунга кўра, номзодлар унгача саралашнинг дастлабки босқичларида иштирок этишлари мумкин.
ДАСТЛАБКИ ТАНЛОВЛАРДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ?
- "Темурбеклар мактаби"да ўқиш учун номзод дастлаб бу ҳақдаги ариза билан яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўлимларига мурожаат этишлари лозим.
Шундан сўнг улар аввал дастлабки танлов ва ҳарбий-касбий танлов бўйича сараланади. Бу жараёнда аввало номзоднинг ҳужжатлари, уни тавсифловчи маълумотлар тегишли низомда белгиланган тартибда тўпланади ва ўрганилади. Умумтаълим фанларини ўзлаштирганлик даражаси, соғлиғи, жисмоний тайёргарлик ҳолати, шахсий-психологик хусусиятлари босқичма-босқич текширилади.
ДАСТЛАБКИ БОСҚИЧДАН ЎТОЛМАСЛИК МУМКИНМИ?
Дастлабки танлов жараёнида тегишли комиссия томонидан номзоднинг кейинги босқичга ўтказилиши рад этилиши мумкин.
Жумладан, номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётгани, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги, содир этган жинояти учун айблов ҳукми чиқарилганлиги, яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги каби ҳолатлар аниқланса, шунингдек, соғлиғининг ҳолати, умумтаълим фанларини ўзлаштириш даражаси, психофизиологик хусусиятлари белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда у саралашнинг кейинги босқичига ўтказилмайди.
ТЕСТ СИНОВЛАРИ - АСОСИЙ ТАНЛОВ
- Дастлабки саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар тест синовларида иштирок этади.
Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади ва саволлар умумий ўрта таълим фанларининг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.
Номзодлар тестни ўз ихтиёрига кўра уч тил - ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топшириши мумкин.
КИМЛАР ИМТИЁЗГА ЭГА?
- Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар "Темурбеклар мактаби"га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:
- халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари - белгиланган қабул квотаси доирасида;
- ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ФВВ қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари - квотадан ташқари;
- етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлайдиган фуқаролар тегишли комиссия, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида - квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
ЎҚИШНИ БИТИРГАНДАН СЎНГ...
- "Темурбеклар мактаби"да ўқиш муддати - икки йил.
Битирувчилар олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган баллнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёзга эга бўлади.
Бундан ташқари, ҳарбий-академик лицейни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида "Темурбеклар мактаби" бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларисиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқи берилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.