Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

10.04.2017


ТЕМУРИЙЛАР ВА ТИББИЁТ

Манбалардан маълумки, Амир Темур салтанатида "Дор уш-шифо" номли маҳкама бўлиб, у соғлиқни сақлаш ишларига бевосита масъул ташкилот ҳисобланган. Тиббиётга оид барча ишлар ушбу идора томонидан режалаштирилган ва назоратга олинган. Унга раҳбар этиб ҳаким Мир Саййид Шариф тайинланган.

 Бу даврда йирик табиблардан Ҳисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий, Мансур ибн Муҳаммад, Мир Сайид Журжоний, Мавлоно Изаддин Масъуд Шерозий, Мавлоно Фаррух ва бошқалар Соҳибқирон саройида хизмат қилганлар. Мавлоно Жамолиддин ва Мавлоно Сулаймон каби ўз даврининг машҳур табиблари ҳам Соҳибқирон Дамашқни эгаллаганидан сўнг Самарқандга олиб келинган.

Амир Темурнинг шахсий табиби Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий эса нафақат ҳарбий юришларда, балки ҳаётининг сўнгги пайтларига қадар саркарда саломатлиги учун қайғурган, жавобгар бўлган.

Темурийлар даври тиббиётининг эътиборли жиҳати шундаки, барча шифохоналар шифобахш маъданли сувлар ва булоқлар ёнида қурилган. Атрофи гулзору боғлар билан ўралган. Бу ҳам салтанат фуқароларининг саломатлигини тиклашда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Хусусан, темурий малика Милкат оғо ва Мирзо Алоуддавла замонида йирик шифохоналар қурилган. Шифохоналарга машҳур табиблар жалб қилинган. Абу Саид Мирзо жаннатмонанд Оба қишлоғида иссиқ булоқ суви бўйида сиҳатгоҳ қурдирган. Ҳусайн Бойқаро эса бу масканни кенгайтириб, турли давлатлардан ноёб дарахт кўчатлари, гуллар келтириб эктирган.

Маърифатпарвар шоир Алишер Навоий ҳам темурийлар даври тиббиётига ўз ҳиссасини қўшган. Навоий ўз ҳисобидан шифохоналар, ҳаммомлар ва боғлар бунёд эттирган. 1480-1482 йилларда Алишер Навоий ташаббуси билан унинг сармоясига Ҳиротда махсус тиббий мажмуа барпо этилган. Бу мажмуа "Шифоия" номли шифохона, "Ихлосия" мадрасаси ва "Сафоҳия" номли ҳаммомдан иборат эди. "Шифоия" қошида тиббий мактаб ҳам бўлган.

Дарвиш Али ва Мавлоно Камолиддин Масъуд Шервоний Гавҳаршод оғо ва "Ихлосия" мадрасаларида тиббиётдан сабоқ берганлар. Мавлоно Дарвиш Али қон қуйиш ва олиш ишларини яхши билган. Ҳаким Низомиддин Абдулҳай Алишер Навоий томонидан барпо этилган "Дор уш-шифо"да ишлаган. У қон-томирлар ва уларнинг тузилиши, даволаш усуллари ҳақидаги тиббий билимларни такомиллаштирган ва бу борада ўз илмий кашфиётларини амалга оширган.

Бундан ташқари, темурийлар даврида яшаган табиблар ўзларигача тиббий соҳада ёзилган асарларга шарҳлар битишган. Машҳур табиблардан Мансур ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Фақих Илёс табобат ҳақида бир неча асар яратган. "Рисола дар ташрики бадани" - унинг ишларидан бири. Муаллиф бу китобда суяк, асаб, мускул, артериал ва вена қон-томирлари табиати, тузилиши, касалликлари ҳақида маълумотлар бериб ўтган. "Кифояи Мансур" ёки "Кифояи Мажохидия" дея номланган китобида у инсон танасининг турли аъзоларида пайдо бўлиш эҳтимоли бор касалликлар, уларнинг олдини олиш ва даволаш ҳақида маслаҳат ва илмий хулосаларини бериб ўтган. Ушбу китобда оддий ва мураккаб дорилар ҳақида таҳлиллар келтирилган. Бу асарларда табибларнинг ахлоқ-одоб меъёрлари ҳам тилга олингани эътиборга молик.

Алишер Навоийнинг "Маҳбуб ул-қулуб" асарида айтилишича, табиб мулойим сўз, очиқ кўнгил ва камтарин бўлмоғи даркор. У донишмандлар сўзига амал қилиб, уларга эргашмоғи лозим, ҳар вақт бемор кўнглини кўтарувчи, андишали, хушфеъл бўлмоғи керак:

Табиби ҳозиқ хушбўй тан ранжиға шифодир,

Омайиин, тунду бадҳўй эл жониға балодир.

(Мазмуни: Ширин сўзли моҳир табиб тан хастасига шифодур, Бадфеъл қўпол ва нодон табиб эл жониға  балодир.)

Бу сатрлар табобат этикаси ва эстетикаси ҳам ўз даврига монанд гўзал бўлганидан, ахлоқ барча соҳаларда  устунлик қилганидан далолат беради.

Умуман олганда, Амир Темур ва темурийлар даврининг тиббиёт тараққиёти кейинги авлодлар учун ҳам тажриба бериши, ўрнак бўлиши билан аҳамиятлидир.

Манбалар асосида С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

Report typo