Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

23.06.2020


ТЕМУРИЙЛАРГА ТЕГИШЛИ АШЁЛАР

хориж музейларига қандай бориб қолган?

Қашқадарё олималари

Қашқадарёлик аёллар орасида фаолиятИни илм-фанга, етук кадрлар тайёрлашга бағишлаган хотин-қизлар сони салмоқли бўлиб, улар орасида илмий даражага эга бўлганлари сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Ана шундайлардан бири Дилафруз Қурбоновадир. У йигирма тўққиз ёшида тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган эди. Ўн йил ўтиб,  олима тарих фанлари доктори бўлди.

Шаҳрисабзда туғилиб-ўсган    Дилафруз Қурбонова ҳудуддаги  Мирзо Бедил номли ўрта мактабда ўқишни бошлаб, Тошкентдаги нафис санъат лицейида давом эттирди.

Музей - аждодларимизнинг ўтмиш ҳаёти акс этган, уларнинг асрлар оша бизгача етиб келган тарихий-маданий меросини намойиш этувчи,   узоқ мозийдан сабоқ берувчи қутлуғ даргоҳ ҳисобланади. Дилафруз ёшлигиданоқ тарихий воқеалар, буюк боболаримиз ҳақидаги китобларни севиб мутолаа қилар, тарих фанидан аъло баҳоларда ўқирди, она шаҳридаги меъморий обидаларнинг жилвагар нақшларига ҳайрат билан боқарди, ўзича осори атиқа деб билган эски нарсаларни эринмай йиғиб юрарди. Шу тариқа унда музей ишлари бўйича мутахассис бўлиш ҳаваси ва иштиёқи туғилди. Лицейни тугатиб, ўқишга кириш учун  Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига ҳужжат топширди. Бўлажак музейшунослар ана шу илм даргоҳида тайёрланарди.

Дилафруз талабалар сафига қабул қилингач, устозларидан музейшунослик тарихи ва назариясини қунт билан ўрганишга киришди. Бўш вақти бўлди дегунча музейларга йўл оларди. Институтда ўқиши давомида Тошкентдаги турли соҳадаги музейларда бўлди. У нафақат экспонатлардаги ашёларни томоша қилар, уларнинг экспозицияга қўйилиши, жойлаштирилиши, музей фондларида сақланиши ва комплектлаш жараёнларига ҳам эътибор берарди. У айниқса, Темурийлар тарихи давлат музейига серқатнов бўлиб, амалиётни ҳам шу музейда ўтказди, музей иши билан боғлиқ кўпгина масалаларни шу ерда ўрганди. Аввал бакалавр даражасини олди, сўнгра магистратурани тугатиб, 2001 йилда шу музейга ишга қабул қилинди. Дастлаб кичик лаборант бўлиб ишлаган бўлса, кейинчалик музейга келган томошабинларга  кўргазмага қўйилган ашёлар ҳақида маълумот берувчи - гид-экскурсиячи вазифасига ўтказилди.

Музей ўз моҳиятига кўра илмий  муассаса ҳам ҳисобланади. Шунинг учун унда ишловчи ходимлар музей фаолиятига оид илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб боришлари керак. Дилафруз Қурбонова оддий илмий иш эмас, илмий даража бериш мумкин бўлган тадқиқот ишларини олиб бориш ниятида эди. Ўзи ўқиган Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти музейшунослик кафедраси илмий-тадқиқот ишлари режасидаги "Хориж музейларида сақланаётган Темурийлар даврига оид тарихий ва маданий ёдгорликлар" мавзуси унга маъқул бўлди. Бу мавзуни ўрганиш Темурийлар тарихи давлат музейи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, аниқланган ашёлар, фотосуратлар ва муляжлар музейнинг яқинда ташкил этилган шу номдаги бўлимни бойитишда айни муддао эди.

Узоқ давом этган тадқиқотлар, хориж сафарлари натижасида буюк бобокалонимиз ва унинг авлодларига тегишли ашёлар Европа, Осиё, Африка қитъалари, ҳатто ғарбий ярим шарқдаги 24 та музейда сақланаётгани, уларнинг умумий сони 273 та эканлиги аниқланди. Темурийлар тарихий-маданий меросининг салмоқли қисми Санкт-Петербург давлат Эрмитажи, Озарбайжон миллий музейи, Берлин амалий санъат музейидан жой олган.

2009 йил апрель ойида ёш тадқиқотчининг диссертацияси ҳимояси расмий оппонентлар ва мутахассис олимлар иштирокида ўтказилиб, унга юқори баҳо берилди. Дилафруз Қурбонова тарих фанлари номзоди илмий даражасига лойиқ кўрилди.

Дилафруз Қурбонова номзодлик диссертацияси устида ишлаши, танланган мавзуни ўрганиш жараёнида хориждаги кўпгина музей ва коллекцияларда нафақат Амир Темур ва темурийлар даври, балки бой тарихимизнинг турли босқичларига доир миллий-маданий меросимиз сақланаётганига гувоҳ бўлди.

Хўш, Ўзбекистон халқлари миллий мероси дурдоналари хорижга қандай йўллар билан олиб чиқиб кетилган, бу ноёб бойликларни комплектлаш, каталоглаштириш, томошабинларга тақдим этиш жараёнлари қандай кечган? Бу масалалар юртимизда олимлар томонидан ҳозирга қадар алоҳида илмий тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган эди. Шунинг учун Дилафруз Қурбонова "Жаҳоннинг йирик музейларида Ўзбекистонга оид коллекцияларнинг шаклланиши ва комплектлаш тамойиллари" мавзуси бўйича докторлик ишини тайёрлашга киришди.

Тадқиқотчи архив ҳужжатлари, илмий адабиётлар ёрдамида мавзуга оид маълумотларни ўрганиш, хорижга сафар қилиб, бир нечта музейларда бўлиши жараёнида Ўзбекистонга оид бой маданий мероснинг чет эл музейларига энг кўп тарқалиши чоризм ва совет даврида юз берганини аниқлади. Маданий-маънавий мерос талон-торож қилиниши  сиёсати мақсадли уюштирилиб, бу   мудҳиш иш археологик, этнографик, ҳарбий экспедициялар, шунингдек, ташкил этилган кўргазмалар орқали амалга оширилган. Экспедицияларнинг асосий мақсади эса бой       Ўзбекистон ҳудудини ўрганиш орқали миллий меросни тўплаш ва олиб кетишдан иборат бўлган.

Маълумки, Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари аввал Россия империяси томонидан, сўнгра большевиклар томонидан забт этилган. Босқинчилар бунда биринчи навбатда амир ва хонлар хазинасини талон-торож қилиб, олтину кумушлардан ташқари энг ноёб буюмлар, нодир кўлёзмаларни олиб кетганлар. Масалан, 1870 йил августида чор қўшинлари Китоб ва Шаҳрисабзни эгаллагач, 97 жилд қўлёзма қўлга киритилиб, империя пойтахтига жўнатилган. Ярим аср ўтиб, советлар томонидан Бухоро бомбардимон қилиниб, амирлик тугатилади.

Туркистон ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Михаил Фрунзе амирлик хазинасидан олинган олтинлару заргарлик буюмлари, қурол-яроғлар, нодир буюмлар билан қаноатланмай, Ғузор, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китобга ҳам келиб, бу бекликлардан ҳам олтинлардан ташқари, нодир осори атиқаларни тўплаб, Бухорога олиб келишга бош бўлган. Амирлик ҳудудидан қўлга киритилган бойликлардан эшелон ташкил этилиб, Москвага жўнатилган. Пойтахтга талон-торож йўли билан олиб келинган моддий-маданий осори атиқалар мамлакат музейларининг турларига қараб тақсимлаб берилган.

Бундан ташқари, турли кўргазмалар пайтида юқори табақа вакиллари, турли жойлардан келган меҳмонлар томонидан маҳаллий миллат вакиллари қўлида бўлган ашёларнинг сотиб олиниши ёки туҳфа қилиб берилиши, Буюк ипак йўли орқали ўтган савдо йўлларида тижоратчиларнинг бир-бири билан амалга оширган олди-сотди ишлари натижасида алмашув йўли билан хориж давлатларига чиқиб, ўзбек халқининг моддий-маданий бойликлари дунё музейлари фондини бойитган.

Тадқиқотлар натижасида аниқланишича, ҳозирда Ўзбекистонга оид ашёлар жаҳоннинг йирик музейларидан 40 тасида сақланмоқда. Жумладан, Санкт-Петербург давлат Эрмитажида 13 мингдан ортиқ, Россия этнография музейида 10 мингдан ортиқ, Шарқ халқлари музейида ҳам шунча миқдордаги турли амалий санъат, этнография, нумизматика  буюмлари бўлиб, ушбу музейлар фондларини безаб турибди. Европанинг бир нечта музейларини ҳам юртимизга оид ашёларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунончи, Буюк Британиядаги Виктория ва Альберт музейлари экспозицияларида XIX-XX асрга оид 50 дан ортиқ ўзбек миллий кийимлари, Темурийларга оид меъморий қопламаларни кўришимиз мумкин. Миллий меросимиз, ҳатто АҚШга бориб қолганидан ҳам ҳайратланасиз, ҳам фахрланасиз. Нью-Йоркдаги метрополитен музейида 50 га яқин турли буюмлар,  миниатюралар, қўлёзмалар намойиш этилмоқда. Миллий меросимиз дурдоналари Эрондаги Гулистон саройи музейи, Саудия Арабистони, Миср ва Қатардаги ислом санъати асарлари музейлари, Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Тўпқопи саройи музейи   экспозицияларидан ўрин олган. Бундай мисоллардан яна бир нечтасини келтириш мумкин.

Тадқиқотчи томонидан диссертация  мавзуси бўйича 43 та илмий-оммабоп мақола газета ва журналларда эълон қилинди, 2 та монография, 1 та рисола нашр этилди. Илмий   нашрларда 10 та, хорижий журналларда 4 та мақоласи чиқди.

Дилафруз Қурбонованинг докторлик диссертациясини тайёрлашга Ўзбекистон давлат тарихи музейи директори, тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова илмий маслаҳатчи бўлди. "Илмий иши жараёнида Дилафрузнинг тиришқоқлиги, қатъияти, мақсадига эришиш учун қийинчиликлардан чўчимаслигига гувоҳ бўлдим, - дейди таниқли олима. - Менинг унга берган маслаҳатларим, йўл-йўриқларимга тўла амал қилганлиги диссертациянинг ҳар жиҳатдан пишиқ бўлишини таъминлади. Бу  ҳимоя вақтида муҳокамада сўзга чиққан олимларнинг сўзларида ҳам ўз ифодасини топди.

Дарвоқе, диссертация бўйича расмий оппонентлардан бири Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Юлдуз Эргашева тақризида шундай фикр-мулоҳазаларни ўқиймиз: "Тадқиқотчи томонидан эришилган энг муҳим ютуқ шундаки, у жаҳоннинг йирик музейларида сақланаётган Ўзбекистонга оид коллекцияларнинг шаклланиши ва уларни комплектлаш тамойилларини илмий манбалар, архив материаллари ва соҳага оид адабиётлар ёрдамида очиб беришга эришиб, тарихий, муаммовий мушоҳада, мантиқий хулоса йўли билан мавзуга ўзининг илмий асосланган муносабатини билдирган. Бундан ташқари, тадқиқотчининг илмий натижалари асосида диссертацияда илгари сурилган илмий таклиф ва мулоҳазалари ҳам диққатга сазовордир. Тадқиқотчи томонидан амалга оширилган илмий иш илгари илмий муомалага киритилмаган бўлиб, ҳозирги замон тарихшунослиги ва музейшунослигида биринчи марта маълум тизимга солинган ва умумлаштирилган ҳолда комплекс равишда чуқур таҳлил қилинган".

2020 йил 23 январь куни Ўзбекистон миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш мажлисида Дилафруз Қурбонова бажарган диссертация ҳимояси бўлиб ўтди. Сўзга чиққан илмий кенгаш аъзолари - таниқли олимлар тадқиқотчи томонидан амалга оширилган илмий ишнинг долзарблиги ва янгилигини, мавзу ҳар томонлама чуқур ва мукаммал очиб берилганини таъкидладилар. Яширин овоз бериш якунларига кўра диссертация илмий кенгаш аъзолари томонидан якдиллик билан маъқулланиб, олимага тарих фанлари доктори илмий даражасини бериш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Инсоннинг иш фаолиятида илм йўли ўзига хос бўлиб, машаққатларга чидашни, тинимсиз меҳнат, изланишни, матонат, сабр-тоқатни талаб қилади. Мақсади йўлида ҳормай-толмай ишлаган кишигагина толеъ ёр бўлади. Бунинг ҳаётийлиги ва ҳақиқатлигини Дилафруз Қурбонова ўзининг йигирма йиллик илмий фаолияти давомида фан номзодидан фан доктори даражасигача босиб ўтган йўли мисолида исботлади.

Ҳозир Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида катта илмий ходим бўлиб ишлаётган тарих фанлари доктори Дилафруз ўзи ўқиган Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам бўлажак музейшуносларга  дарс беришда давом этмоқда.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

Report typo