Мирзо Улуғбек 1394 йил 22 мартда Соҳибқирон Амир Темурнинг беш йиллик юриши давом этаётган пайтда дунёга келган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур ҳузурига чопар келиб, Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар у келажакда буюк олим ва одил ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Ўшанда Соҳибқирон шодлигидан жанг кечаётган Ироқдаги Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.
Мунажжимлар башорат қилганидек, Улуғбек даврида Самарқанд шаҳри янада равнақ топди. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморчилик, адабиёт, илм-фан юксалди, савдо-сотиқ тараққий этди. Шоир Алишер Навоий “Хамса” асарида Улуғбекни улуғлаб шундай ёзганди:
Темурхон наслидин Мирзо Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек...
Шунингдек, у Самарқандда илмий мактаб, яъни ўша даврнинг академиясини яратиб, ўз атрофига “Афлотуни замон” дея таърифланган Қозизода Румий, Али Қушчи, Мансур Коший, Али ибн Муҳаммад Биржандий, Мирам Чалабий, Ғиёсиддин Жамшид каби 200 нафардан ортиқ олимни тўплаган. Бу даврда у устоз ва шогирдлари билан қизғин ҳамда самарали ижод қилади. Хусусан, “Зижи жадиди Кўрагоний”, “Рисолаи Улуғбек”, “Тўрт улус тарихи” каби буюк асарларни битади, кўплаб илмий изланишлар олиб боради.
Таъкидлаш жоиз, Мирзо Улуғбек номи Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати боис анча илгари маълум бўлганди. У ҳақда даставвал Самарқандга 1403-1405 йиллар саёҳат қилган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ёзган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582 йили Испания ва 1607 йили Парижда нашр этилгач, европалик олимларнинг Амир Темур ва унинг оила аъзоларига бўлган қизиқиши янада ортади. Бунда Улуғбек вафотидан сўнг Истанбулга бориб яшаган ва ижод қилган шогирди Али Қушчи туфайли XVI аср ўрталарида “Зижи жадиди Кўрагоний” асари Европа олимлари томонидан лотин, инглиз, француз ва немис тилларига таржима қилиниб, нашр этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, инглиз астрономи Жон Гривс (1602-1652) биринчи бўлиб 1648 йили Улуғбек илмий фаолияти ва унинг юздузлар жадвалининг бир қисми илова қилинган асарни нашр этади. 1665 йилга келиб яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) “Зижи жадиди Кўрагоний” асаридаги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр эттиради. Шунингдек, 1690 йили поляк астрономи Ян Гевелий “Юлдузлар осмонининг атласи” номли асарида машҳур астрономлар орасида Улуғбекка юқори баҳо бериб, у тузган юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм IV каби алломаларнинг жадваллари билан солиштиради.
1711 йили Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3 бор чоп қилинган, 1807 йили эса бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилади. 1908-1909 йилларда В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонаси харобалари ва асосий астрономик асбоби квадрантни топгандан сўнг олимнинг шахси ва кашфиётлари янада шуҳрат қозонди.
ХХ аср охирида Мирзо Дарвишали Чангий, Фитрат каби маърифатпарварларнинг айтишича, Улуғбек ёшлигидан мусиқа илмидан чуқур сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид рисола ҳам ёзган. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбекнинг математика фанига қўшган ҳиссаси жуда улкан бўлиб, унинг ҳузурида ўнлик касрлар ихтиро қилинган, тригонометрик жадваллар тузилган.
Бугун ҳам Мирзо Улуғбекка ҳурмат-эҳтиром, унинг бой илмий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш жаҳон бўйлаб ортиб бормоқда. Буни дунёнинг турли мамлакатларида унинг ҳаёти ва фаолияти борасида эълон қилинаётган илмий ва бадиий асарлар, хотирасига барпо этилаётган ёдгорликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994 йил апрелда Парижда, октябрда эса Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тантанали равишда нишонланди, халқаро конференциялар ташкил этилди. Литва давлати ва пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. Унинг сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференц-залларида жаҳондаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида буюк астроном Мирзо Улуғбек ҳақида шундай дейди: “... Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам...”.
Ҳақиқатан, Улуғбекнинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари шунчалик аниқ ва илмий исботланганки, у асрлар оша астрономия илмида дастуриламал вазифасини ўтаб келди.
Мирзо Улуғбек асарларида илм инсон маънавиятининг асоси экани таъкидланади. Дарҳақиқат, илм-жаҳолат кушандаси, у инсоннинг фикрини теранлаштириб, тафаккурини ўткирлаштиради. Шу маънода, Улуғбекнинг илмий ва фалсафий қарашлари, умуман, маънавий меросини қанча ўргансак, шунча фойдали.
Азизбек НОРОВ тайёрлади.