Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Соҳиба СУЮНОВА

24.01.2017


TЕНГЛАМАНИНГ АНИҚ ЕЧИМИ БОР, ИЗЛАНИШНИНГ ЭСА ЎЗ МУКОФОТИ...

Шоира опа кенжа фарзандининг математика фанига бўлган қизиқишини вақтида англаб, у билан обдон шуғулланди. Ҳар куни уни ҳам ўзи ишлайдиган мактабга олиб борадиган бўлди. Йўл-йўлакай ўтган дарслар юзасидан ва арифметик амаллардан савол-жавоб қилиб боришарди. Яқинда ўғли математика фани бўйича ўтказилган республика фан олимпиадасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритганида вақтида олиб борилган машғулотлар, ўқиб-изланишлар бесамар кетмаганидан қувонди.

Аббос Жўраевнинг математика фанига бўлган қизиқиши уни рақамлар устида тинмай изланишга ундарди. Онасининг математика фани ўқитувчиси бўлгани эса бу соҳадаги қизиқишларини рўёбга чиқаришда асос бўлди. Дастлаб Қарши тумани Ғубдин қишлоғидаги 1-сонли мактабда, кейинчалик Қарши шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган мактабда олган билими унинг хотирасига мустаҳкам жойлашди ва ўз устида ишлашида    дастуриламал бўлди.

- Аббос болалигидан математика фанига бўлган қизиқиши ва зукколиги билан бошқа фарзандларимдан ажралиб турарди, - дейди онаси Шоира Тоштемирова. – У кўп вақтини китоб ўқишга бағишларди. Математика дарслигидаги бирор мисолнинг ечимини топишни бир марта кўрсатиб берсам бўлди, тезда ўзлаштириб, ўзи мустақил равишда ишлаб кетаверарди. Аббос билан ҳозир ҳам математик ечимлар борасида кўп баҳслашиб турамиз. Тан оламан, баъзи тенгламаларнинг ечимини топишда ундан ортда қолаяпман.

Аббос мактабда ўқиб юрган кезларини эслаб:

- Онам берган мисолнинг ечимини топсам, ўйинда ғалаба қозонгандек қувонардим, - дейди у. - Айниқса, мактабдан келган заҳотим тезда қўлимга математика дарслигини олардим-да, мисолларнинг ечимини топишга шўнғиб кетардим. Кўпинча онамни ҳоли-жонига қўймай, тушунмаган мисолимни тушунтириб    беришларини сўрардим.

Жавоби аниқ, аммо уни топиш учун инсондан анчагина зукколик талаб қилинадиган математик амаллар кўплаб кашфиётлар қилинишига замин яратган. Айниқса, ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирларимиз мазкур фанни янада юқори чўққиларга чиқариб, унинг чексиз имкониятларидан турли  соҳаларда фойдаланиш мумкинлигини исботлаб беришган. Уларнинг бу борада қолдирган катта илмий мероси ҳамон математика ривожига хизмат қилмоқда.

- Олий математикани чуқур ўрганишда аждодларимизнинг асарларига кўп бора мурожаат қиламан, - дейди Аббос Жўраев. - Ал-Хоразмийнинг “Ал-жабр вал-муқобала” асаридан иккинчи даражали тенгламалар ва уларни ечиш йўлларини ўрганганман. Асарни илк бор ўқиб чиққанимда математиканинг асосчилари ўзимизнинг боболаримиз бўлгани мени фахрлантирган. Уларга муносиб авлод бўлиши учун ҳам ўз устимда янада кўпроқ ишлашни ва улкан марраларни эгаллашни мақсад қилиб олганман.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратилган имконият ва шарт-шароитлар уларнинг турли йўналишларда ўз иқтидорини намойиш қилишига замин яратмоқда. Шу маънода Аббосни ҳам инглиз тилини чуқур ўзлаштириш қизиқтирди. Шу билан бирга, у “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаол аъзоларидан бирига айланди. Айниқса, унинг 2015 йили республикамиздаги 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари вакиллари ўртасида математика фанидан ўтказилган фан олимпиадасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритгани изланишларига муносиб рағбат бўлди.

- Танлов вақтида жуда хаяжонландим, - дея хотирлайди Аббос.      – Чунки республикамизнинг барча вилоятларидан келган тенгдошларим орасида кучли математиклар кўп эди. Улар орасидан ўрин олишнинг ўзи бўлмасди. Аммо кўчада мени кутиб ўтирган устозим ва онамни тасаввур қилиб, ўзимни қўлга олишим керак, деб ўйладим. Саволлар билан танишгач, жавоблар мен учун бегона эмаслигини сездим. Шу сабаб улар менга унчалик қийинчилик туғдирмади. Натижалар эълон қилинганида эса мендан ҳам кўпроқ онам қувонганди.

Аббос Жўраев бу йил Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг иқтисодиёт факультети 3-босқичини тамомлади. У ҳозирда илмий иш устида изланаяпти.

Қадрдон қишлоқ кўчаси. Бир пайтлар онасининг қўлидан маҳкам тутиб, оҳиста савол-жавоб қилиб бораётган Аббос бугун қатор ютуқлари билан уйга қайтаяпти. Унинг бўйи анча чўзилган. Янгиликлардан сўз очилганда, энди у эмас, онаси: “Математика фанида нима янгиликлар?”, - дея сўраб қўяди...

Соҳиба СУЮНОВА

Report typo