Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб, жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари лавозимини жорий этиш белгиланган. Қарши шаҳрида мазкур фармон ижроси йўлида амалга оширилган ишлар, тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари билан боғлиқ масалаларга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари, прокуратура, адвокатура, ички ишлар ва божхона органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари иштирок этишди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Анвар Элмуродов, Судьялар олий кенгаши аъзоси Ваҳобжон Файзуллаев, Судьялар олий мактаби кафедра мудири Муҳаммадали Назаров томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Президент фармони ижросини самарали ташкил қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилиб, тергов судьялари ва прокурорларнинг жиноят процессидаги вазифалари ва мажбуриятлари, судга қадар иш юритиш жараёнларида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши бўйича тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, тергов судьясига санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилганлиги ҳам қайд этилди.
- Таъкидлаш ўринли, ҳозирги кунга қадар республикамиз бўйлаб билимли ва тажрибали судьялар орасидан 236 нафар тергов судьялари тайинланди, - дейди вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов. - Шундан 17 нафари Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида фаолият юритадиган тергов судьяларини ташкил этади. Ушбу институтнинг жорий этилиши соҳадаги ортиқча ташвишларнинг олдини олиб, одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган ўқув-семинар давомида янги ташкил этилаётган тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб олинди.
Шоҳиста БОЗОРОВА