Дарҳақиқат, аҳоли ОАВ орқали асосан ўпка сили ва унинг кўринишлари ҳақида маълумотга эгаю, лекин тери сили касаллиги ҳақида етарлича билмайди. Хўш, у қандай касаллик? Келиб чиқиш сабаблари нимада? Бу ҳақда вилоят фтизиатрия диспансери бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Шокир РЎзиев қуйидагиларни маълум қилди:
- Сил касаллиги нафақат инсоннинг ўпкасида, балки тирноқ ва сочдан бошқа ҳамма аъзоларида ўз аксини кўрсатиши мумкин, - дейди мутахассис. - Ҳозирги кунда жуда кам учрайдиган тери сили - организмдаги умумий сил инфекциясининг бир шакли, аксарият ҳолларда иккиламчи сил кўринишида вужудга келади. Яъни терида касалликни чақирувчи микроб сил таёқчаси (Кох бацилласи) бўлиб, терига тушгандан кейин ҳар хил турдаги аллергик ўзгаришларни юзага келтиради. Хасталик асосан бацилла тарқатувчи беморлар йўталганда, аксирганда, кўзини ишқалаганда, ярадан ажраладиган ажралмалар, пешобдан юқиши мумкин. Жорий йилда диспансеримизда ушбу касаллик билан боғлиқ битта ҳолат кузатилди. Унда Қарши шаҳрилик 7 ёшли қизчага бўйин териси сили ташхиси қўйилди. Қизча уч ой давомида тўлиқ муолажаларни олганидан сўнг, тўрт ой уйида даволаниш тавсия этилди. Ҳозир уйда биз айтган дориларни тўлиқ ичиб бораяпти. Муҳими, қизча деярли соғайиб кетди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, тери сили касаллигининг бир нечта турлари бўлиб, улардан бири бирламчи оддий тери силидир. У кўпинча болалик ва ўсмирлик даврларида учраб, узоқ вақт давом этади. Одатда беморларнинг юз ва бурун терисида қисқа муддат ичида тошмалар дўмбоқча шаклида тошиб, чуқур бўлмаган аниқ чегарали, сарғиш-қизил рангли, атрофга ёйилиб қўшилиб кетадиган ва қийин битадиган яралар ҳосил бўлади. Ярани босиб кўрганда, ранги ўзгариб, қизил-сариқ тусли ажралма ажралади. Бундай кўринишдаги касаллик бирламчи оддий тери силидан дарак беради. Кейинги тур Скрофулодерма тери сили деб номланади. Бунда жараён асосан бўйин, қулоқ атрофи, оғиз бўшлиғида кўпроқ учрайди. Тери ва тери ости ёғ қатламида овал шаклида, оғриқсиз пушти рангли, зичлашган тугунлар ҳосил бўлиб, тугун устидаги тери ўзгармаган бўлади. Қисқа вақт ичида тугунлар катталашиб, тугун усти териси қизил кўкиш рангда ўзгариб, марказий қисми юмшайди. Касаллик узоқ вақт давом этиши натижасида терида тешиклар очилиб, ичида сарғиш тусдаги йиринг ёки қон аралаш йирингли оқма яра ҳосил бўлади, яралар оғримайди, секин-аста оқма яраси тугаб, яра ўзи бита бошлайди, чандиқланади, лекин шу ўчоқлар атрофида яна тугунлар ҳосил бўлиши кузатилади. Ҳосил бўлган чандиқ инсон терисида умрбод сақланиб қолиши ҳам мумкин.
Тери силининг яна бир тури Сўгалсимон дейилиб, у оддий тери силига нисбатан кам учраб, асосан эркаклар орасида кўп тарқалган. Силнинг бу тури кушхона ишчилари орасида кўпроқ учрайди. Ушбу тур қўл, бармоқлар ва оёқ кафтида ранги қизғиш-кўкимтир, юзаси дағал кўринишда, нўхатдек келадиган тугунчалар пайдо бўлиши билан кузатилади. Касаллик секин ривожланиб, 10 йилларгача давом этади ва атрофи чандиқланиш билан якунланади. Шунингдек, мазкур касалликнинг тарқалувчи тери сили формаси асосан сил микроби гематоген тарқалиши натижасида келиб чиқади. Терининг барча қисмида ҳар хил тошмалар пайдо бўлиб, ярали ажралмасида ҳам сил таёқчаларини аниқлашнинг имкони бўлмайди.
Терининг сил касаллиги билан шикастланганини аниқлаш учун текширувлар комплекс тарзда махсус муассасаларда олиб борилади. Шифо топишда ҳам умумий даволаниш тартиби талаб этилади. Силга қарши қўлланиладиган дориларнинг тери силида умуммаълум ҳамда локал (яъни суртмалар ҳолида) усулларда қўлланиши мақсадга мувофиқдир. Даволашда нафақат силга қарши дори-дармонлар, балки физиотерапевтик усуллар ҳам талаб этилади.
Демак, тери сили касаллиги қулоққа чалинганда қанчалик таажжубли ва бедаво дарддек туюлмасин, у ўз вақтида аниқланиб, комплекс даво чоралари қўлланилганда бемор бутунлай тузалиб кетиши мумкин. Фақат биз ўз соғлиғимизга, фарзандларимиз саломатлигига эътиборли бўлсаккина, бу каби касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА