ХХ аср ўзбек халқ оғзаки ижодининг минг йиллик намуналарини ёзиб олишдаги олтин даврдир. Ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб тўпланган халқимизнинг оғзаки маданий мероси бугунги кунда дунё халқ оғзаки мероси билан тенглаша оладигина эмас, балки улар орасидаги сермаҳсули эканлиги билан ҳам эътиборлидир. Шу даврнинг буюк бахшилари Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан шоир Жомурод ўғли, Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир шоир Сафар ўғли ва бошқа ўнлаб бахшилар ижодидан ёзиб олинган юзлаб халқ достонлари халқ маънавиятининг, миллий қадриятларнинг кўзгусидир. Бироқ ўтган асрнинг 60-йилларига келиб, биз номларини санаган бахшилар вафотидан сўнг ўзбек фольклоршунослигида достончилик тугади, деган фикр пайдо бўлди. Айни шу пайтда майдонга Қодир бахши Раҳимов чиқиб келди. Бу бахши кўп йиллик анъаналарга эга бўлган достончилик санъатининг йўл-йўриқларини билиши ва турли мусиқа асбобларини черта олиши ҳамда сеҳрли овози билан эътибор қозонди. Унинг янгроқ овози, ўйноқи сози ва матнни қўшиб олиш маҳорати барчани ларзага солди. Фикримиз далили сифатида Қодир бахши Раҳимов 1972-1974 йиллар Ўзбекистонда ва Москвада собиқ иттифоқ миқёсида биринчи ўринни олганини, 1976 йилда Парижда дунё миқёсидаги халқ ижодкорлари кўрик-танловида ғолиб бўлгани, икки марта Тошкентда ўтказилган Туркологлар конференциясида зафар қучгани ва Олма-отада ўтказилган Шарқ халқлари эпос мусиқаси кўрик-танловида 1-ўринни олганини таъкидлаш лозим.
Ўзбек фольклоршунослигида Қодир бахшигача 70 га яқин достон билади, деб Пўлкан шоир тан олинган. Бизнинг кузатишларимиз бўйича эса Қодир бахши 80 га яқин достонни ёд олиб, ижро этди.
Бахши ютуқларининг 3 асосий омили бор эди. Аввало, у устозлар репертуарини эринмай ўрганди. Шу билан бирга, нафақат юртимиздаги, балки Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондаги бахшилар билан учрашди, уларнинг айтиш усулларини кузатди ҳамда ҳар биридан ниманидир ўрганган ҳолда ўзи қайта ижро қилишга, ижод қилишга интилди. Сўнг халқдан эшитган ривоятлар, афсоналар, эртаклар, асотирларни қайта ишлаб, воқеаларни бадиий таҳлил қилиб ўз ижодий лабораториясидан ўтказди.
Қодир бахшининг яна бир улуғвор фазилати одамларга меҳри, шогирдларга эътиборида бўлди. Ўнлаб шогирдлар етиштирган бахши барчасини авайлади, боласидай азиз билди ва уларга ишонди. Бугунги кунда Халқ бахшиси деган фахрли унвонга эга ўн нафар бахши Қодир Раҳимовнинг шогирдлари экани унинг тенгсиз истеъдоди, меҳри туфайлидир, десак хато эмас. Унинг шогирдларга меҳрини биргина Шоқул бахши Мирзаевга бўлган муносабатида кўрамиз.
II. ОЛТИН УЗУКЛИ ДЎМБИРА
Шоқул бахши устози Қодир бахши Раҳимов ҳақида шундай дейди:
- Дастлаб, дўмбира чертиш санъатим, товушим бўлмаса ҳам далда бериб кўнгил кўтаришдан чарчамас, куйни буздинг ё матнда хато қилдинг, ёхуд сўз, соз ва овоз мос тушмади, деб танбеҳ бермасди, аксинча, хатоларимни оталарча меҳр билан тузатиб ўтарди. Қодир бахши биз шогирдларини 1986 йилда Ўзбекистон телевидениесига олиб борди. Телевидение ва радио ходимларига барчамизни таништирди, кўрсатувга олдирди. Қайтишда поезднинг купе вагонига жойлашдик. Суҳбат орасида: “Қодир ака, учта саволим бор. Сўрасам майлими?” дедим. “Майли, айт қани? Билмасам, ўзинг жавоб берасан”, деди.
-Терма айтаётганда ёки тўқимоқчи бўлсам, пиёлани ўйлаб қўйиб, шалола, гуллола, уяла, бўяла каби сўзларни мисра охирига улаб, охирги мисрага пиёлани, яъни ўйлаб қўйилган сўзни қўшаман. Шу тўғрими? - дедим.
Устоз ётган жойидан туриб ўтирди, менга разм солиб: “Бу терма тўқишнинг биринчи сири. Шуни билганингдан термага зўр экансан-да”, деди.
Сўнг кейинги саволга ўтдим:
- Ўзбекларда худо берган, Хизр кўрган, деган гаплар бор. Сизга Худо берганми ё Хизр кўрганмисиз?
Бахши бир оз ўйланиб туриб жавоб қилди: “Эй, Шоқулбой укам-а! Саволниям оласан-да. Аввало гап шундаки, Худо ҳамма бандасига нимадир беради, аммо бандаси нима берганини билмайди. Хизрни эса кўрган эмасман. Мени устозларимдан ўрганганимгина эмас, Фозил шоир, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоирларнинг китоблари одам қилди. Китобни кўп ўқиш керак.
Сўровда давом этдим:
- Ота ўғилни, устоз шогирдни билар экан. Йигирма икки шогирдим бор, дейсиз. Шуларнинг қайси бири бўладиган шогирд?
Бу саволдан устознинг аччиғи чиқди: “Мени ўлади деб ўйлаяпсанми?.. Мен етти яшардан етмиш яшаргача бахшилар билан бирга юрдим. Бирови ҳали юзимга тик қараган эмас. Мен ҳам биронтасининг кўнглини қолдирганим йўқ”, деб ўйланиб қолди.
Ўша пайтлар поезд Қаршига кеч келар эди. Кечқурун бахшининг Деҳқонободдаги уйида гурунглашиб ётдик. Нонуштадан сўнг қайтишимни айтганимда, хотини Робия чечага дўмбирасини олиб келишни буюрди ва кейин дўмбиранинг у ёқ, бу ёғига бир қараб: “Ма, бу сенга!” деб созини узатди (бахшининг навбатма-навбат чаладиган уч дўмбираси бўларди). Дўмбиранинг тўпагига тилла узук тақилган бўлиб, ярқираб турарди. Робия янга узукни олмоқчи бўлганди: “Тегма, узуги билан бирга олиб кетади”, деди. Мен тузукроқ раҳмат ҳам айтмасдан: “Устоз, қишлоққа борганда, уйга ўтинг”, деб чиқиб кетдим. Энг катта хатоимни вақт ўтиши билан кейин англадим. Ўша вақтда қўлида чертиб юрган биргина тилла узукли дўмбирани менга бераркан: “Шогирдларимдан бир нарса бўлсанг, сен бўларсан”, деб поездда берган саволимга сирли жавоб қайтарган экан. Ўша дўмбирани олган кундан сўнг устоз билан бошқа кўриша олмадим. Чунки кўп ўтмай, яъни 1986 йилнинг августида вафот этди. Мен учун дунё бўшаб қолганди гўё. Устознинг иккинчи ўғли Абдимуроднинг: “Устозингнинг руҳи шунча йилдан буён излаб юрибди. Худо берган талантни халққа бермай, яна олдига олиб кетасанми?” деган аччиқ, аламли дашномидан сўнг 2013 йилдан ижодга қайтдим”.
Шоқул бахшининг ушбу хотирасида фольклоршуносликда кам ёритилган айрим соҳалар, бадиий-эстетик принциплар ўз ифодасини топган.
Биринчидан, устоз-шогирд муносабатидаги меҳр-муҳаббат, устознинг шогирд тайёрлашдаги ўзига хос усули акс этган. Бу аввало шогирдга кўпнинг олдида дашном бермаслик, обрўсини сақлаш ва кўтариш. Зарурият туғилганда хатони устоз ўз ижроси давомида тузатиш, зийраклик ва ҳушёрликка ўргатиш.
Иккинчидан, термалар ёки достонлардаги назмий ўринларда бандларни ташкил этишда оҳангдорлик, яъни қофиянинг тўла ва таъсирчанлигига эришиш.
Учинчидан, бахшилар ўз репертуарларини оғзаки эшитиш орқалигина эмас, энг машҳур бахшилардан ёзиб олиб нашр этилган асарларни ўқиш, ўзлаштириш орқали ҳам бойитиш, ҳамма саводхон бўлган пайтда бахши-шоирларнинг ҳам кўп китоб ўқиши.
Бу фикрларимиз бахшилар ижоди, уларнинг репертуари ҳамда бадиий эстетик қарашларини ўрганишни, шу соҳада тадқиқотлар олиб боришни талаб қилади. Таҳлил ва тадқиқотлар эса сўниб бораётган бахшичилик санъатининг яшовчанлигини узайтиришга ва бу қадимий анъанани давом эттиришга имконият яратади.
Абдиолим ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси