Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

04.08.2018


ТЕЗЛИК ҲАМ, ҚУВВАТ ВА СИФАТ ҲАМ ОШМОҚДА

Коммуникация тармоқлари ичида эса темир йўл транспорти тизими алоҳида аҳамиятга эга. Йўловчиларнинг тезкор ва хавфсиз ҳаракатланиши, катта миқдордаги юкларнинг ташилишида шоирона тил билан айтганда, “пўлат излар” ва “темир тўлпорлар”нинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакат транспорт тизимининг муҳим бўғини - темир йўлларни ривожлантириш, янги линиялар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Бу борада кенг     миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаяпти. Хусусан, Қизилқум чўлларида Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ - Нукус, “аср қурилиши” дея ном олган, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги Ҳисор тоғ тизмаларини кесиб ўтган  Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўллари барпо этилди. Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линияси ҳамда унинг Қамчиқ довонини тешиб ўтказилган 19,2 километрлик туннель қурилди. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.

- Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги темир йўл линияларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш билан бир қаторда, тармоқни мутлақо замонавийлаштириш, поездларнинг тезкор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, йўловчилар ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Қарши локомотив депоси бошлиқ ўринбосари Шуҳрат Қудратов.

- Темир йўл линиялари босқичма-  босқич электрлаштирилиб, эскирган, катта миқдордаги сарф-харажатни талаб этадиган тепловозлар ўрнини ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан юқори самарадорлиликка эга, тезкор ва қудратли электровозлар эгалламоқда. Буни вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, воҳамизда ҳам электрлаштирилган пўлат излар тармоғи тобора кенгайиб бормоқда. Замонавий электровозлар узоқни яқин, мушкулни осон қилаяпти. Жумладан, вилоятимизда 2015 йилда “Мароқанд-Қарши” темир йўлида қурилиш ва электрификация ишлари ниҳоясига етказилган бўлса, ўтган йили 325 километрлик “Қарши - Термиз” темир йўл участкаси тўлиқ электрлаштирилди. Бу борадаги яна бир йирик лойиҳа эса “Қарши - Китоб” темир йўл линиясида амалга оширилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Қарши – Китоб” темир йўл линиясининг умумий узунлиги 124 километрдан иборат. Лойиҳада бу йўналишда 3 та вокзал,   8 та станция, 46 та кўприк ва 107 та сунъий иншоот қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган эди. Айни пайтда бу борадаги ишлар якунига етказилмоқда. Яқин кунлар ичида тезюрар “Afrosiyob”  поезди мазкур йўналиш бўйлаб ҳаракатлана бошлайди. Бу ўз навбатида Тошкент - Самарқанд - Қарши - Китоб йўналишида ягона туристик йўналишни яратиш ва xалқаро туризмни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, мазкур лойиҳа поездлар ҳаракати вақтини қисқартириш, ортиқча харажатларни тежаш, қўшимча 200 га яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради. Воҳадаги қадимий ёдгорликларни кўришга ошиқаётган сайёҳлар сонининг ортишига замин яратади.

- Темир йўлларнинг электрлаштирилиши, тепловозларнинг электровозларга алмаштирилиши йўловчи ва юкларни ташишда транспорт харажатларини кескин қисқартиш имконини бермоқда, - дейди Қарши локомотив депоси мутахассиси Бахтиёр Пармонов. – Хусусан, темир йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти, ҳаракатланиш тезлиги ошиб бормоқда. Мисол учун, битта тепловозда максимал 2 минг 200 тоннага қадар юк тортилса, замонавий электровозда бу кўрсаткич 3 минг 700 тоннани ташкил этади. Ёки бошқа бир мисол,  бугунги кунда “Тошкент-Қарши” йўналиши бўйича одатдаги йўловчи поездлар 511 километрлик масофани максимал 6 соатда босиб ўтади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатланиш имконига эга “Afrosiyob” поездида эса бу йўл 3 соатгача қисқаради.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда темир йўл тизими тезлик жиҳатдан ҳам, қувват жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам бирдек ривожланиб, замонавийлашиб бормоқда. Бу ишларни амалга оширишда эса шубҳасиз, соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг улкан ҳиссаси бор. Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан август ойининг биринчи якшанбаси мамлакатимизда “Темир йўл транспорти ходимлари куни” сифатида эълон қилиниши кўп сонли темирйўлчилар меҳнатининг муносиб эътирофи бўлди.

Саҳифа материалларини

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Суратлар муаллифи Собир НАРЗИЕВ.

Report typo