Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • ТИББИЙ ХИЗМАТ САЛОМАТЛИКНИНГ 8-10 ФОИЗИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ, ХОЛОС. ҚОЛГАНИ ЭСА...

Шоҳиста БОЗОРОВА

05.04.2019


ТИББИЙ ХИЗМАТ САЛОМАТЛИКНИНГ 8-10 ФОИЗИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ, ХОЛОС. ҚОЛГАНИ ЭСА...

Албатта, ҳар қандай инсон учун саломатлик энг муҳим бойлик ҳисобланади. Қолаверса, соғлом инсон жамиятда ҳам катта кучга эга бўлиб, яратувчанлик вазифасини бажаради.

 Мутахассисларнинг фикрича, тиббий хизмат соғлиғимизнинг атиги 8-10 фоизини таъминлайди. Саломатлигимизнинг 15 фоизи ирсий омилларга, 20 фоизи атроф-муҳитга ва 55 фоиздан кўпроғи  ўзимизга боғлиқ. Демак, бу борада ўзимиз масъулиятли бўлишимиз лозим. Тўғри ва рационал овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Жисмоний фаоллик ва чиниқиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш - саломатлигимиз гарови. Меҳнат қилиш ва дам олиш меъёрини билиш,  зарарли одатлардан воз кечиш, тиббий маданият ҳам соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги асосий омиллардан саналади. Абу Али ибн Сино касалликларнинг олдини олиш учун  жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш зарурлигини кўп маротаба таъкидлаган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳар томонлама комил шахсни тарбиялаш учун тиббий-психологик хизматни ривожлантириш, боғча ва мактаб ёшидаги болалар, ёшлар, шунингдек, катта ёшдаги аҳоли билан ижтимоий, руҳий ва жисмоний соғломлаштириш ишларини ташкил этиш керак.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 январдаги "Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида"ги қарорлари бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

- Соғлом турмуш тарзи кенг маъноли тушунча бўлиб,  унумли меҳнат, вақтида дам олиш, бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, шахсий гигиенага риоя қилиш, тартибли овқатланиш, зарарли одатлардан ўзини тийиш, руҳий ва маънавий озиқланиш, шифокор кўригидан мунтазам ўтиб туриш каби тушунчаларни ўз ичига олади, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси бўлим бошлиғи Гулноз Бердимуродова. - Бунда биринчи эътибор носоғлом ёки норацион овқатланиш оқибатида юзага келувчи ноинфекцион касалликлар - юрак-қон томирлар патологияси, эндокрин тизим ва онкологик касалликларни камайтиришга қаратилади. Шунга асосан тиббиёт бирлашмалари ходимлари, талабалар, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари устоз ва ўқувчилари, халқ таълими ҳамда мактабгача таълим муассасалари ходим ва тарбияланувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни ошириш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Қатнашчиларга эслатма ва буклетлар тарқатилмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсонлар ўртасидаги хушмуомалалик, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг узоқ ва соғлом умр кўришдаги ўрни худди жисмоний машқлару парҳезга амал қилиш фойдаси билан тенг экан.    Соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги асосий омиллардан яна бири атроф-муҳит муҳофазасидир. Ўзимиз нафас олиб турган табиатни асраш,  атрофга, ариқларга, каналларга чиқиндиларни тўкмаслик орқали ўз муҳитимизни асрай оламиз ва турмуш тарзимизни янада яхшилаймиз.

- Ўзбекистон юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, оналар ва болалар саломатлиги ҳимояси, бирламчи тиббий санитария ёрдами, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни бепул даволаш ташкил қилинган дунёдаги саноқли давлатлар қаторида туради, - дейди Г.Бердимуродова.  - Барча ҳудудларда йилда бир марта тор   доирадаги мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилади. Сурункали касаллиги бўлган фуқаролар диспансер рўйхатига олиниб, белгиланган даволаш мезонларига асосан йилига 3-4 марта диспансер кўригидан ўтказилиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилади. Бироқ, бу саломатликдаги ҳамма муаммони тиббий хизмат орқали ҳал қилиш мумкин, дегани эмас. Соғлиқ аввало одамнинг ўзига керак, шунинг учун унга бефарқ қараш ярамайди.

"Жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш  - саломатлик гарови!" шиори остидаги тадбирлар соғлом  авлодлар камол топишига замин яратади. Зарур тавсияларга амал қилиш тана аъзолари ва тизимларининг    меъёрий фаолиятини таъминлайди, эрта қариш ва организмни ташқи муҳитнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo