Мамлакатимизда ушбу касалликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Ўзбекистон БМТнинг ОИВ инфекциясига чалинганларнинг камситилишига қарши кураш бўйича халқаро декларациясига қўшилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз қонунчилигида тўлиқ кафолатланган. 2013 йил 23 сентябрдан кучга кирган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси фаолият кўрсатаяпти, чет давлатлардан мамлакатга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш билан қамраб олиш ишларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, чет давлатлардан юртимизга кириб келаётган 3 ойдан кўпроқ муддат хорижда бўлган фуқароларнинг исм-фамилияси, ёши, яшаш манзили, қайси давлатдан келаётгани ҳақидаги маълумотлар жамланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилиши ва улар ОИВ инфекциясига текшириш бўйича тадбирларга жалб қилиниши керак.
Хўш, бугун вилоятимизда мазкур режа асосида нима ишлар қилинаяпти? Чет давлатлардан қайтган фуқароларимиз ОИВ инфекцияси текшируви билан тўла қамраб олинаяптими?
Ҳозир ОИТС атамасини эшитмаган одам бўлмаса керак. Чунки баъзида жиддий, баъзида эса ҳисобот учун ўтказилаётган тадбирлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали такрорланавериб, бу сўзнинг сийқаси чиқиб кетган. Ўзи инсон табиати шунақа: нимани кўп такрорлайверсангиз, шунга нисбатан эътиборсиз бўлиб бораверади. Буни ён-атрофимиздаги айрим одамларнинг аянчли тақдиридан ҳам билиб олиш мумкин.
Россия давлатидан ишлаб қайтаётган таниш-билишларни кутиб олиш учун баъзида Қарши аэропортига чиқишимга тўғри келади. Аэропортда асосан келувчиларнинг юки, қўл телефонлари, ҳужжатлари кабиларга эътибор қаратилади.
- ОИВ инфекциясига текшириш борасида бирон-бир гап бўлмадими? - сўрайман бир нечта сумкани ҳансираб кўтариб чиқаётган танишимдан. У бўлса ҳайрон бўлиб:
- Нимага энди текшириши керак, нима, мен сенга касалманми?! – дейди таажжуби ортиб.
“Касалмассан, дўстим, - дейман ичимда. - Аммо икки йил давомида қайларда бўлмагансан. Не азобларни кўрмагансан. Ишинг юришмаганда аламингдан бўкиб ичганларинг, насл-насаби номаълум аёллар билан муносабатинг, итдан бир суяк қарз бўлиб юриш, ҳар қандай жирканч ишларни-да қилишга рози бўлиш, тайини йўқ ётоқ жойлар, ит ётишу мирза туришлар – буларни нормал турмуш тарзи, деб бўладими? Ўша ёқда шундай ишлаб, шундай яшаб келаяпсан-ку, нега энди ҳайратланасан гапларимдан? Ҳар қандай юқумли, жирканч касалликлар мана шундан келиб чиқмайдими?!”
Келаётганларнинг ҳаммаси ўзини фаришта қилиб кўрсатади, гўё ҳаммаси у ёқда тек яшаган. Аслида эса...
Маълумотларга кўра, ОИВ инфекциясини юқтириб олганларнинг аксарияти меҳнат мигрантлари ҳисобланади ва бу касаллик асосан жинсий йўл орқали кўп тарқалаяпти. Яқинда мен касалмасман, дегувчиларнинг биттаси бир йўла бир неча кишининг ҳаётига хавф солиб турганининг гувоҳи бўлдик. Россия давлатида бўлиб қайтган воҳадошимиз Боқибой Тўхтаев (исм-фамилия ўзгартирилган) хотини билан бир муддат яшагач, у билан ажрашади ва бошқа бир аёлга уйланиб олади. Лекин у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган. Аёл эса ҳомиладор. Вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган эр ўзида ОИВ инфекцияси борлигини билмаган, натижада нафақат аввалги хотини, балки ҳозирги хотини ҳамда бўлажак фарзандининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйган.
Энди савол туғилади: нега унинг инфекция юқтиргани вақтида аниқланмади? Ахир у ҳам меҳнат мигранти сифатида хорижда бўлиб қайтганди-ку? Самолётда келдими ёки поезду автобусдами, юртимизга киргач, ОИВ инфекциясига текширувга жалб этилиши керак эмасмиди? Қолаверса, улардан ушбу касалликни бошқа бировга юқтирмаслик тўғрисида тилхат олиниши, агар юқтирадиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида белгиланган жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилиши керак эди-ку!
- Ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларининг рўйхатини шакллантириш, уларни ОИВ инфекцияси текширувига имкон қадар тўлиқроқ қамраб олиш бўйича ишлар олиб борилаяпти, аммо бу борадаги фаолиятни ҳалича қониқарли, деб бўлмайди, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Оқмирза Пардаев. - Баъзида юқоридаги каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қамров масалаларига жиддий эътибор беришга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан ташқари, амалдаги мавжуд меъёрий ҳужжатлар асосида барча ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида ОИВ инфекциясига текширилади. Касаллик аниқланган тақдирда 14-ҳафтасидан бошлаб махсус профилактика дорилари берила бошланади. Босқичма-босқич ўтказиладиган тадбир натижасида бола соғлом туғилишига эришилади. Айримлар қонуний никоҳдан ўтмай туриб турмуш қураётгани боис уларни рўйхатга олишда муаммолар юзага келиши эса бор гап.
Мутахассис таъкидлаганидек, бундай нохуш ҳолатлар кам бўлса-да, учраб турибди. Бироқ, унутмаслик керак, ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақтида ижроси таъминланса, натижага эришиш мумкин. Бизда эса негадир вақти ўтказиб юборилади ёки иш охиригача етказилмайди. Агар шу ишларга масъул бўлган мутасаддилар меҳнат мигрантларини ОИВ инфекцияси текширувига вақтида жалб этишганда бугун бундай ҳолат рўй бермасмиди? Агар ҳомиладор аёллар патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олинганда ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳомиладор аёл боласига бу ўлатни юқтирмаган бўлармиди? Афсуски, юқоридаги ҳолатда касаллик аниқланганда ҳомиладорликнинг белгиланган ҳафтаси ортда қолганди.
Соҳа мутахассислари вилоятимизда ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатлари бирмунча пасайган, деган тахминий ҳисоб-китоблардан таскин топишади. Хўш, бу ниманинг эвазига пасайган бўлиши мумкин? Бизнингча, бу шу касалликка чалинганларни текширув билан етарлича қамраб олинмагани эвазига бўлса керак. Оилаларнинг арзимас сабаблар билан ажрашиб кетаётгани, никоҳдан ўтиш қоидаларига амал қилинмаётгани, хорижга кетаётган ва у ердан юртига қайтиб келаётганларнинг аниқ рўйхатини олишда муаммолар бўлаётгани ҳам касалланганлар сонида ноаниқликни келтириб чиқариши оддий аксиома.
Мана шуларни инобатга олган ҳолда келиб-кетувчиларнинг рўйхатини шакллантириш, касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар, бандлик, божхона бошқармалари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган ишлар кўламини амалда (қоғозда эмас) кенгайтиришлари зарур. Ахир чора-тадбирлар режасида ҳамкорларнинг ҳар бирига аниқ вазифалар қўйилган-ку. Айримларнинг тегишли тартиб асосида олиб бориладиган ОИВ инфекциясига текширувдан четда қолаётгани ана шу ҳамкорликда узвийлик йўқ эканлигини кўрсатмайдими? Боз устига, айрим ота-оналар ўзларининг ҳою ҳаваслари йўлида тўй кунини аввалдан белгилаб, ёшлар никоҳини расмийлаштиришни кейинга суришади, уларни тиббий кўрикка юборишни эса хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ваҳоланки, масала миллат саломатлигига дахлдор. Мана ўша мутасаддилар ҳам, шошқалоқ ота-оналару ўзбошимча ёшлар нимани унутиб қўйишган!
Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзида шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда ихтиёрий равишда текширувдан ўтиши мумкин. Бу тиббий кўрик махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Аммо текширувга ўз хоҳишига биноан келаётганлар жудаям камчиликни ташкил этади. Бу эса жойларда ОИВ/ОИТС касаллиги бўйича таъсирчан тарғиботни янада кучайтиришни, текшириш хоналарини ҳар бир тиббиёт муассасасида ташкил этишни тақозо этади. Токи шундай текширувни мақсад қилиб келган фуқаролар дардини ҳеч кимга билдирмай, айтолмай қайтиб кетишмасин.
ОИТС – XXI аср ўлати, бугунги ва келажак ҳаётимизга хавф туғдираётган катта муаммо. Унинг олдини олиш ишларига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг, айниқса, шу ишларга масъул бўлган мутасаддиларнинг ҳаққи йўқ.
Мусо МУРОДОВ