- Кейинги йилларда ҳамширалик иши тубдан ривожланиб, улар фаолияти янада чуқурлашгани ниҳоятда муҳим воқелик, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. – Айни пайтда тизимдаги тиббиёт муассасаларида 30 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходими фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 3847 нафари олий, 2838 нафари биринчи ва 1292 нафари иккинчи тоифага эга.
Қайд этиш керакки, мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга, замон талаблари даражасидаги тиббиёт муассасаларини бунёд этишга, малакали кадрлар тайёрлашга эътибор кучайди. Бу замон талаблари даражасидаги тиббиёт муассасаларининг бунёд этилиши, соҳага замонавий технологияларнинг кириб келиши ва малакали кадрлар тайёрлаш ва бошқа жабҳаларда яққол кўзга ташланди.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари шу йил 5 январь ҳамда 7 февраль кунлари тиббиёт соҳаси ходимлари билан ўтказилган селектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳвол ҳақида тўхталиб, муаммо ва камчиликларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берганди.
Дарҳақиқат, соҳани жонлантиришга, тизимда тартиб-интизомни мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас. Чунки тиббий хизмат сифатидан аҳоли норози, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти қониқарсиз, бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.
Президентимиз таъкидлаганидек, тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак.
Бу борада ҳамширалар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкланади. Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят аҳолисининг алоҳида эътиборга муҳтож қатламини патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олиш учун Қарши шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида хизмат қилаётган 3272 нафар патронаж ҳамширасининг иш фаолияти қайта кўриб чиқилди.
Эндиликда ҳудуддаги мавжуд қишлоқ врачлик пункти ёки оилавий поликлиника ҳамшираларига аҳоли хонадонлари шундай мутаносиб равишда бириктирилганки, бунда ҳомиладор ёки янги туққан аёллар, чақалоқлар, ёш оилалар, қариялар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар бўладими, хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Амалда бажарилган ҳар бир фаолият журналда қайд этиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, ўрта тиббиёт ходимлари – тиббиётнинг том маънодаги таянч тармоғи. Шу боисдан ҳам улар хизматига талаб йилдан-йилга ортмоқда. Талабдан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан эътиборан Қарши тиббиёт коллежи қошида ҳамширалар тайёрлайдиган қўшимча курс ҳам ташкил этилди.
- Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти, машаққати бор, - дейди Яккабоғ туманидаги Совуқбулоқ қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Соҳиба Эргашева. – Касбимизга бўлган меҳр, халқ хизматида бўлиш иштиёқи, эл дардига дармон бўлишдек шарафли бурч бизга билдирилган ишончни оқлашга ундайди.
Дарҳақиқат, шундагина ҳамширалар ҳар бир оиланинг аъзоси, меҳрибон ва жонкуяр кишисига айланади. Зеро, уларнинг вазифаси ҳам эл дардига дармон бўлмоқ.
Мустақиллик йилларида аҳоли хизматида бўлиб, беморларга соғлиқ ва қувонч улашиб келаётган ҳамширалар меҳнати Президентимиз томонидан муносиб рағбатлантириб келинаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай ғамхўрликни ўз касбларига ҳурмат ва эътибор намунаси деб билаётган ҳамширалар астойдил меҳнат қилишаяпти, тинмай изланиб, билим ва малакаларини оширишга интилишмоқда.
Мусо МУРОДОВ