Айтиш ўринлики, тикувчилик вилоятимизда нисбатан кўпроқ сармоя йўналтирилаётган етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда ишлаб чиқаришни ташкил этишга у қадар катта маблағ талаб этилмаслиги, потенциал харидорларнинг мавжудлиги бунга асосий сабабдир. Айни шу омиллар сўнгги вақтда ҳудудда тикувчиликка ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари салмоғи сезиларли ошишига олиб келди.
Нишон туманидаги, фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган “Ўктам Холиқов” хусусий корхонаси қисқа вақт ичида мазкур соҳада жиддий ютуқларга эришди, ўз маҳсулотлари билан ички бозордан муқим жой эгаллай олди. Ҳозирги кунда бу корхонада турли трикотаж маҳсулотлари, аёллар либослари тайёрланмоқда.
- Бироз аввал ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун тижорат банкидан 30 миллион сўмга яқин миқдорда кредит олгандик, - дейди корхона раҳбари Барно Холиқова. – Ушбу маблағ эвазига хомашё сотиб олдик, янги тикув машиналари харид қилдик. Натижада замонавий бичим ва фасондаги кийим-кечакларни тикишни ўзлаштирдик. Футболка, кўрпа-тўшак, чойшабдан ташқари эндиликда ички кийимлар тайёрлаяпмиз. Маҳсулотларимиз сифати харидорларга манзур бўлаяпти. 6 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган тикувчилик цехимизда мураккаб амалларни бажариш, матога ёзув, расм босиш имкониятига эгамиз.
Сир эмаски, ҳар доим талаб таклифни тақозо этган. Яъни бирор нарсага эҳтиёж пайдо бўлса, ўшани ишлаб чиқаришга эътибор ҳам кучаяди. Косон туманидаги “Жабборова Дилрабо” масъулияти чекланган жамиятининг ташкил топишида ҳам шу жиҳат муҳим роль ўйнади, дейиш мумкин.
- Ўтган йилнинг охиридан иш бошладик, - дейди тадбиркор Акбар Ҳазратқулов. – Фаолиятимизни самарали йўлга қўйиш учун тўлиқ ўз маблағимиздан фойдаландик. Цехимиздаги замонавий тикув дастгоҳлари чет элдан келтирилган. Ҳозирча 4 кишини иш билан таъминлаганмиз. Маҳсулотларимиз тури саноқли. Шундай бўлса-да, ички бозорни ўрганаяпмиз, талабдан келиб чиқиб, янги турдаги маҳсулотларни тикишни ташкил этиш режамизда бор. Бироз аввал Қарши шаҳрида ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этгандик. Бу тадбир янги харидорларни топиш, ҳамкорлик ўрнатишда қўл келди. Ушбу ярмаркада ўзимиз ишлаб чиқараётган кўрпа-тўшак, чойшаб, сочиқ кабиларни намойиш этдик. Унинг якунларига кўра 60 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома туздик. Таълим ва тиббиёт муассасалари асосий буюртмачиларимиз саналади.
Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган тикувчилик маҳсулотларининг асосий улуши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган ишбилармонларга кенг имтиёз ва қулайликлар тақдим этилгани ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаяпти.
М.ШУҲРАТОВ