Эзгу ташаббус асосида
Президентимиз томонидан ёш авлодга эътиборни янада кучайтириш, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. "Китоб карвони" акцияси шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Халқ таълими вазирлиги томонидан "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижод уйи билан ҳамкорликда 118 мингта бадиий адабиётлардан иборат китоблар карвони республикадаги барча мактабларга жўнатилди. Куни кеча 72 номдаги 10 мингдан ортиқ китоб вилоятимизга ҳам етиб келди.
"Китоб карвони"дан ранг-баранг мавзудаги бадиий адабиётлар билан бирга, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқи қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбом ва "Рус адабиёти дурдоналари" асарлар мажмуаси ўрин олган. Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчилар ўртасида китобхонликни янада тарғиб қилиш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий ва жаҳон адабиётини тизимли тарғиб қилиш орқали ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний фазилатларга ва ўзбек тилига нисбатан меҳр ва муҳаббат уйғотишдан иборат.
Айтиш ўринли, 107 минг нусхада чоп этилган туркумда Гоголь, Лермонтов, Толстой сингари дунё тан олган адиблар асарлари жамланган, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабада Ўзбекистоннинг ўрни ҳақидаги китоб-альбом эса 11 минг нусхада ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашрдан чиқарилди.
Мазкур китоблар таълим муассасаларига етказилгандан сўнг "Китоб тақдимоти", "Адабиёт кунлари" каби тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Қолаверса, мактаб кутубхоналари босқичма-босқич яна бойитиб борилади.
Маълумот ўрнида, бундан аввал вилоятимизда 40 мингдан ортиқ китоблар тўплами ортилган "Китоб карвони" Қарши шаҳридан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига юборилган эди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.