Яқин ўтмишда бошимизда қилич сермаган собиқ шўролар тузуми бу кўзгуни хиралаштириб, халқ кўзидан нарироқ қилишга, унинг аҳамияти, қадр-қимматини йўққа чиқаришга уринди, маълум маънода бунга қисман эришди ҳам. Ўзбек тили иккинчи даражали тилга айланди, турли йўллар билан камситилди, пастга урилди. Жой номларидан тортиб, ҳужжат юритиш ишларигача бу камситиш яққол кўзга ташланарди. Гўёки ўзбек тилининг имкониятлари жуда кам, камбағал тилдай муносабатда бўлинарди. Аслида бу тилнинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалиши, ниҳоятда нодир ёзма меросга эгалиги унутилишга маҳкум қилинди. Ваҳоланки, ўзбек тили дунёдаги тиллар орасида қадимданоқ ўз мавқеига эга ҳисобланган, имкониятлари кенг адабий тил сифатида алоҳида нуфуз касб этган эди. Бунга унинг узоқ ўтмишига назар ташлаш орқали амин бўлиш мумкин.
Ҳозирги ўзбек адабий тили ўз тарихий тараққиёти давомида энг қадимги туркий тил, қадимги туркий тил, эски туркий тил, эски ўзбек тили каби даврларни ўз ичига олади. У мазкур тилларнинг қонуний вориси сифатида улардан кўпгина анъаналарни мерос қилиб олган ва уларни давом эттириб келмоқда.
Бизга қадимги ёзма манбалар орқали маълум бўлган қадимги туркий тил турк хоқонлигининг давлат тили саналган. Шунингдек, тўққиз ўғуз - қадимги туркий халқлар давлатида ҳамда қорахонийлар давлатининг дастлабки даврларида ҳам қадимги туркий тил давлат тили мақомида қўлланган. Қадимги туркий тилда битилган Култегин, Тўнюқуқ, Унгин, Ирқ битиги каби ёзма обидаларда бунинг исботини топиш мумкин.
XI-XIV асрларда амалда бўлган эски туркий тил қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, чиғатой хонлари давлатларида давлат тили ва адабий тил сифатида қўлланилган. Шу тилда битилган "Қутадғу билиг", "Девону луғотит турк", "Ҳибатул ҳақойиқ", "Қиссайи Юсуф", "Қиссаси Рабғузий", "Хусрав ва Ширин", "Гулистони бит-туркий", "Муҳаббатнома", "Ўғузнома" каби қатор ёзма манбалар ўша давр тилининг бор нафосати ва бадииятини яққол очиб берган.
XV аср бошларидан XIX асрнинг биринчи ярмигача амалда бўлган эски ўзбек адабий тили тарихий жиҳатдан қарлуқ-чигил, ўғуз, қипчоқ каби туркий қабила тиллари таъсирида вужудга келган. Айниқса, Амир Темур асос солган буюк темурийлар давлатчилигида бу тил ҳар томонлама камол топди, унинг давлат тили сифатидаги мақоми ва мавқеи ошди. Буюк жаҳонгир, миллат таянчи ва ифтихори бўлган Амир Темурнинг машҳур "Темур тузуклари" асари ҳам шу тилда битилган. Шу даврда Алишер Навоий, Бобур, Лутфий, Атоий, Саккокий ва бошқа бир қанча забардаст шоир-адиблар ижод килишган. Улар ўз асарлари билан тилимизнинг ифода нозиклиги ва кенг қамровлилигини кўрсатиб бердилар.
Ўша давр ўзбек тилининг равнақи ва такомилида, шу билан бирга, унинг тарихий тараққиётида, айниқса, ҳазрат Навоийнинг хизматлари улкан ва беқиёс. Унинг катта журъат билан бу тилда битилган "Хамса"си, шунингдек, турли жанрларда битилган назмий ва насрий асарлари замонлар оша "Хитодин то Хуросон"гача бўлган барча элларни лол қолдириб келмоқда. Юртбошимизнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" асарида келтирилган қуйидаги фикрлар буюк Навоийнинг таърифини тўлақонли очиб беради: "Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз".
Ўша даврда тил равнақи, унинг тараққиёти учун Навоий ва унинг издошлари қанчалик жон куйдирган бўлишса, ХХ аср бошларида жадидчилик ҳаракати намояндалари бўлган Авлоний, Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат кабилар тил софлиги учун шунчалик фидокорлик билан кураш олиб бордилар. Матбуотдаги чиқишлар, ўтли мақолалар, оташин нутқлари орқали тил мусаффолиги, унинг асиллигини сақлашга ҳаракат қилдилар. Бироқ собиқ шўро тузумининг совуқ, шафқатсиз муносабати туфайли бу каби интилишлар барҳам топди. Орадан маълум бир муддат ўтиб, бошидан кўпгина савдоларни ўтказган ўзбек тили, ниҳоят, истиқлол арафасида қаддини тиклашга муяссар бўлди. Истиқлол кўпгина бошқа қадриятлар қаторида она тилимизнинг ҳам ҳақиқий ўрни, шарафини тиклади, унга қайтадан жон бағишлади. Лекин бунга осонликча эришганимиз йўқ. Ўша долғали давр собиқ шўро тузумининг сўнгги талвасаси, охирги хуружи авж олган йиллар эди.
Маълумки, мустақиллик арафасида ўзбек тилининг мавқеини ошириш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини белгилаш ҳаракатлари бошланганида, бир-бирига зид бўлган турли фикрлар ўртага ташланган эди. Ўринли-ўринсиз, айни вақтда, қизғин баҳс-мунозаралар, тортишувлар юзага келган эди. Бу масалани ҳал этишга Юртбошимиз сўзи билан айтганда: "Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик".
Истиқлолдан сўнг тилимизнинг қадрини кўтариш масаласига катта аҳамият қаратилиб, бу борада муҳим ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Давлатимиз Бош қомусида: "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ўзбек тилидир", дея мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбек тили давлат тили сифатида мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган ва қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган бўлди.
Шунингдек, демократик тамойилларга амал қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан бир қаторда тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида сўзлашиш, таълим олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилди.
Ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш мақсадида 1993 йил 2 сентябрда мамлакатимизда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Шу қонун асосида янги таҳрирда "Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари" ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августда қабул қилинган қарори билан тасдиқланди. Буларнинг бари, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг кейинги тараққиёти, жаҳон тиллари орасидаги нуфузини оширишга хизмат қилаётир.
Миллий мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз ҳаётида яна бир муҳим тарихий воқеа содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майда "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди. Янги ташкил этилган мазкур университет фаолияти ҳам тилимизнинг кейинги ривожи ва тараққиёти учун хизмат қилиши шубҳасиз.
Узоқ тарихий тараққиёт даврини бошидан кечирган, бугунга келиб, қадди расо бўлган, қадрини жаҳонга кўз-кўз этаётган ўзбек тили шу нуфузи, шу обрў-эътиборини ҳамиша баланд тутиб, миллатимизнинг энг қимматли қадрияти, чинакам миллий бойлиги бўлиб мангу қолажак.
Одилжон БЕГИМОВ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўзбек ва рус тиллари кафедраси мудири