Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

19.10.2023


ТИЛ, ОНА, ВАТАН - МУШТАРАК ТУШУНЧАЛАР

 

Улар борича суйилади, қадрланади

 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни

Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашган бўлиб, бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Қайд этиш жоиз, глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа саналади. Хўш, давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш қандай омилларга боғлиқ? Филология фанлари доктори, профессор Нафас ШОДМОНОВ билан суҳбатимиз айни шу фикрлар атрофида кечди.

- 1989 йил ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилгани, мана, ўттиз тўрт йилдан буён кўтаринки руҳ, зўр ифтихор билан кенг нишонлаб келинади. Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, ўтган жуда катта тарихий давр мобайнида ўзбек тили мақомини юксалтириш бўйича ҳаракатлар бўлганми?

- Аввало, таъкидлаш ўринли, она тилимиз ўз қадимийлиги, бойлиги, ифода имкониятлари ва қулайлиги ҳамда жаҳон миқёсидаги нодир бадиий, тарихий ва илмий асарлар захирасига эгалиги билан давлат тили мақомига ҳақли эди.

Тарихда тилимизни давлат тили даражасига олиб чиқишга интилиш кўп кузатилган. XI асрда Қорахонийлар давлатида туркий адабий тилнинг "Буғрохон тили" номи билан расман истифодага киритилгани, Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари, хусусан, Шоҳруҳ Мирзо, Бойсунғур Мирзо ва Ҳусайн Бойқаро, шунингдек, Шайбонийхон саройларида давлат тили даражасига олиб чиқилгани манбаларда зикр этилган. Аммо улар қонун билан мустаҳкамланмагани, амал қилиш  доирасининг торлиги сабабли мазкур сулола ва ҳукмдорлар салтанатининг тугаши биланоқ  поёнига етган эди.

"Туркестанские ведомости" газетасининг 1875 йил 11 февраль 27-сонида шарқшунос ва тилшунос олим, профессор Арминий Вамберининг Лондонда Туркистондаги чоризм сиёсати тўғрисида ўқиган маърузасидан иқтибослар босилган. Унда Туркистондаги мустамлака бошқаруви амалга оширган тил сиёсати, хусусан, суд ҳокимияти тилини руслаштириш ислоҳотлари фақат руслар учун манфаат келтиргани, ўлка аҳолиси эса бундан ахлоқий ва мулкий таназзулга тушгани қайд этилган.

1891 йилга келиб, чоризм маъмурияти фаолиятини кучайтиришнинг навбатдаги босқичи бошланган. Генерал-губернатор ўлкадаги барча хизмат ёзишмаларини тўлиқ рус тилига ўтказиш ҳақида фармойиш чиқарган. Унга кўра, 1892 йилнинг 1 июлига қадар маҳаллий тилда битилган хизмат ёзишмаларини рус тилига аниқ таржима қилган ҳолда тақдим этишга рухсат берилган. Бундан кейин иш юритиш фақат рус тилида олиб борилиши керак эди.

Абдулла Авлоний "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур", дея айни ҳақиқатни таъкидлаган эди.

Истиқлолга эришганимиздан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди. Уни такомиллаштириш масаласи қайта-қайта кўриб чиқилди. Демократик тамойиллар устуворлиги таъминланиб, мамлакатдаги бошқа тилларда сўзлашувчи миллат ва элатлар учун ҳам ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Айни пайтда чет тилларни ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Давлатнинг тил сиёсати тўла ўрнатилди.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 21 октябрда "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2020 йил 20 октябрда "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлар имзоланиши соҳада ишларни жонлантириш ва жадаллаштиришнинг ҳуқуқий асосларининг тўла таъминланишига асослар яратди.

Давлат тили Байроқ, Герб, Мадҳия ва Конституция қаторида давлат рамзига айланди. Қонун қабул қилинган кун Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.

- Бирор тилга Давлат тили мақоми берилиши қонунда қайд этилиши қанчалик муҳим? Бу нарса тил ривожи учун нима берадию, унинг истеъмолчилари - одамларга қандай наф келтиради?

- Давлат тили тўғрисидаги қонун мамлакат аҳолиси зиммасига уни ҳимоя қилиш, ривожлантириш ва келажак авлодларга безавол етказишдек катта масъулият юклайди. Чунки тил - халқни бирлаштирувчи энг муҳим восита. Давлатнинг тил сиёсати унинг истеъмолчилари манфаатини ҳимоя қилади. Бу манфаат тилнинг тараққиёти ва амалий доираси кенгайишини тақозо қилади. "Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз", "Тилга эътибор - элга эътибор" ҳикматлари орқали ҳам шу мазмун таъкидланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани таъкидланади. Халқ ўз қадриятлари билан мавжуддир. Шундай экан, унга, унинг қадриятлари қаторида энг муҳими саналган тилига ҳурмат барча учун қонунан мажбурийдир. Афсуски, мана шу мажбуриятнинг оммавий ҳис этилиши қийин кечаётганга ўхшайди.

Халқ, миллат учун қадриятлар орасида энг  суюги Ватани ва тилидир. Фарангларда "Она тилимиз - она Ватанимиз" деган мазмундаги ибратли нақл бор. Форслар "Забони мо - Ватани мо" дейишади. Бошқа халқларда ҳам бу фикрнинг ўзига хос кўринишлари учрайди. Уларнинг барчасида бир маъно мужассам: бирор элни эъзозлаган унинг тилини ҳам эъзозлайди.

Тафаккур тил воситасида шаклланади. Инсон қайси тилда фикрласа, дунёқараши ва тутумлари ҳам ўша миллатникига монанд бўлади. Рус тилшуноси Далнинг таъкидлашича, инсон қайси тилда тафаккур қилса, шу тилда гапирувчи миллатга мансуб бўлади. Инсон қалбини ёки миллат руҳини у гапирган тилда фикрлаш орқалигина англаш, тушуниш мумкин. Тиллар турлича бўлгани учун тафаккурлар, тафаккурлар турлича бўлгани учун турмуш тарзлари, қадриятлар ва муносабатлар хилма-хилдир. Шунинг учун ҳам тил ҳар бир халқ маънавиятининг асосий устуни ҳисобланади. Бу устунни омон сақлаш учун курашиш - ҳар доим долзарб. Бу Ватан шаъни, халқ эътибори учун курашиш, десак асло муболаға бўлмайди.

Халқнинг ҳар бир зиёлиси унда фаол бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз. Тилимизнинг минглаб йиллар мобайнида шаклланган, нашъу намо топган сайқали, оҳанрабоси, жаҳон маданий меросига қўшган ҳиссаси ва маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш борасида тутган ўрни янада юксалишига ҳаммамиз масъулмиз.

- Бунинг учун бизга нима халақит беради ва нималарни бартараф этишимиз керак?

- Биринчидан, қонун устуворлиги доирасида давлат тилининг мақомини яхши ўрганиш, унга амал қилишни тарбиялашга қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтириш лозим. Бир қонунни ҳурмат қилмаслик бошқасини менсимасликка олиб келади. Ҳар қандай қонун қандай йўл билан бузилмасин, қонунбузарлик ҳисобланиши фуқароларга, айниқса ёшларга чуқур сингдирилиши керак.

Умуман олганда, тил халқнинг бебаҳо маънавий мулки сифатида доимий қадрланиши шарт, кишилардаги тилга бефарқлик муносабатини йўқотиш билан бошқа муаммоларнинг катта қисми ечилиши ҳам айни ҳақиқат. Европа мамлакатларида миллий тилларини ҳимоя қилишга қаратилган жуда кўп чоралар бор. Миллат, давлат тилини бузганлар ёки ёзган матнларида 5 фоиздан ортиқ хорижий тил сўзларини қўллаганларга нисбатан катта-катта молиявий чоралар қўлланади.

Иккинчидан, ўқувчилар учун ўзбек тили фанининг асосан нутқ ўстириш ва саводхонликни таъминлашни назарда тутувчи дарсликларини яратиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш зарур. Афсуски,   дарсликлар орасида айнан шу фан дарсликлари жуда кўп алмашувчандир. Бунинг сабабини тил илмининг жадаллик билан ривожланиши ва қоидаларни дарсликка киритиш иштиёқининг кучлилиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳолбуки, ўқувчи учун қоидани билишдан кўра нутқ ва савод муҳимроқдир.

Учинчидан, олинма сўзларни тартибга солиш ҳам жуда муҳим. Бир тилдан бошқасига сўз ўтиши табиий жараён. Буни ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайди. Лекин бу жараённинг ҳам ўз қонуниятлари бор. Тилимизга кириб келган ғарбча сўзларнинг деярли барчаси рус тилидаги варианти билан бир хил экани таажжубланарли ҳол.

Аслида бунинг асоси шўролар ҳукумати томонидан ўтган аср 30-йилларида сўзлар рус тилидан бошқа тилларга ҳеч ўзгаришсиз қабул қилиниши тўғрисида чиқарилган қарор билан изга туширилган. Орадан 90 йил вақт ўтаяпти ҳамки, ҳануз бу қарор ижросидан чиқа олмаяпмиз. Ахир, ҳар бир тилнинг ўз фонетик, урғу олиш, орфоэпик ва орфографик қонуниятлари мавжуд-ку. Шундай экан, нега улар икки тилда бир хил бўлади?

Минглаб бундай сўзлар она тилимиз талаффуз меъёрларини қўпол бузиши билан бирга унинг ўзбекча муқобили унутилишига ҳам олиб келади. Шунинг учун сўз қабул қилинганда улар ўзбек тилининг талаффуз хусусиятларига мослаб қабул қилиниши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ. 

Масалан, лотин ёзувига асосланган имло қоидаларида сентябрь ва октябрь ойлари sentabr, oktabr шаклида ёзилиши қайд этилди. Бунинг илмий асоси сифатида туркий сўзларда учта ундош товуш бир жойда келмаслиги таъкидланди. Умуман, ё, ю, я ҳарфлари имлоси шу қоида асосида қайта кўриб чиқилди, маъқулланди. Лекин ҳамон айрим зиёлилар ҳеч қандай илмий асоссиз бу тартибни танқид қилиб, аввалгисидай қолдирилишини таклиф қилмоқдалар. Бу - улуғ маърифатпарвар Мунавварқори зикр этганидек, мураккаб жоҳилликдан бошқа нарса эмас.

Сўз қабул қилишдан аввал ички имкониятни яхши текшириш керак. Тилимизда олинмаларнинг ярмидан кўпроғини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш имконияти бор. Фақат бунинг учун бироз ҳафсала, изланиш керак. Масалан, футбол шарҳловчиларимиз рус ҳамкасбларидан инглизча "foul" сўзини ўрганиб, фаол қўллашга тушдилар. Инглизлар уни "faʊl" тарзида талаффуз қиладилар, руслар "фоол" тарзида қўллай бошладилар. Бизнинг шарҳловчилар ҳам худди шундай қўллашмоқда. Унинг мазмунига келсак, ачиган, сасиган, ифлос; ифлос қилмоқ, бузмоқ, бузилмоқ; (ўйинда қоидани) бузиш маъноларини англатади. Ўзбекчада охирги маъноси билан олинди. Умуман, футбол шарҳининг ўзида "рефери", "оффсайд", "пенальти", "аут", "лайнсмен", "плей-офф", "фаворит",  "аутсайдер" ва ҳоказо ўнлаб сўзлар ишлатилмоқда. Аслида, шу сўзларга эҳтиёж бормиди? Ўзбекчада улар англатган маъноларнинг ўнлаб  кўринишлари бор-ку.

Қолаверса, ҳужжатларда фамилия ва исмларнинг ҳам русча талаффузда ёзилаётганига нима дейиш мумкин? "Ўрални"ни "Урал", "Холтўраев"ни "Халтураев", "Мавлуда"ни "Мавлюда" деб ёзишга ким айбдор?

Тўртинчидан, маънавият, маданият ва таълим соҳалари мутасадди ташкилотлари томонидан воизлик, нотиқлик, бадиий ифодали ўқиш ва муншаот (фикрни маълум услубда ёзма ифодалаш) бўйича мунтазам танловлар ўтказилиб, ғолиблар кенг тарғиб қилинса, халқнинг нутқ такомилига эришилади. Гўзал нутқ - юксак маданият белгиси, дея бежиз айтишмаган.

Бешинчидан, ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ёки уюшмада тилшуносларга мурожаат кўламини кенгайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш зарур. Улар идора варағи ("фирменний бланк"), бино пешлавҳалари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таништирма (этикетка)си ва ҳоказолар омма орасига бехато чиқишини таъминлаб бериши зарур. Ҳолбуки, улардаги қўпол хатолар саводли кишиларни ранжитишидан    ташқари ёшлар саводига, ҳатто тарбиясига ҳам салбий таъсирини ўтказиб келмоқда.

Булардан бошқа вазифалар ҳам бор. Она тилимиз ва она Ватанимиз шуҳрату равнақи учун бефарқ бўлмаган киши уларни билади ва бажаради. Миллий тафаккуримиз ойинаи ҳаёти мусаффолиги учун ҳар бир ҳаракатимиз муқаддас ишдир.

Дунёда тиллар кўп, аммо ҳар бир халқнинг тили ўзи учун азиз, қадрли. Уни севиш, софлиги учун курашиш, у билан фахрланиш учун инсонда миллий ғурур бўлиши керак. Ватан танланмаганидек, тил ҳам танланмайди. У онамиз, она халқимизнинг тили. ТИЛ, ОНА, ВАТАН - муштарак тушунчалар. Улар борича суйилади, қадрланади.

  Б.САЙФИЕВ суҳбатлашди.

Report typo