унинг қашшоқлашувига олиб келади
Мулоҳаза
Маълумки, она тили нафақат унда сўзлашувчи инсонларнинг ўзаро муомала воситаси, балки миллатнинг фахри, ғурур манбаи, маънавий бойлиги ҳамдир. Миллатнинг тарихи, бугуни, келажаги энг аввало унинг она тилида акс этади. Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур".
Давлат суверенитетининг асосий шартларидан бири ҳам, шубҳасиз, тил мустақиллигидир. Шу боис ҳам, бундан 30 йил муқаддам мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан истиқлол сари дадил қадам ташланган эди. Бу тарихий қадам билан ўз она тилимизни секин-аста йўқолиб кетиш хавфидан сақлаб қолдик.
Аммо энди қаршимизда бошқа бир муаммо пайдо бўлдики, дунёни ўргимчак тўридек қамраб бораётган глобализм кайфияти бугунги кунда сиёсий-иқтисодий жиҳатдан қудратли мамлакатлар тиллари мавқеини кескин ошириб юборди. Натижада дунё миқёсида, айниқса, инглиз, хитой, рус тилларига қизиқиш ўзининг ҳадди аълосига етиб бормоқда. Хусусан, она Ўзбекистонимизнинг шаҳар ва қишлоқларида жойлашган минглаб ташкилот, дўкон, дорихоналар биноларининг пештоқларида ўзбекчадан кўра кўпроқ инглизча ёзувларга кўзимиз туша бошлади. Ҳатто, айрим туманларимизга кириб борар экансиз "Welcome to Kamashi", "Welcome to Kitab", "Welcome to Shahrisabz" каби жумлаларга кўзингиз тушади!..
Тўғри, мамлакатимиз тобора дунё билан юзлашиб бормоқда. Ана шундай бир пайтда бу жумла юртимизга келаётган хорижлик меҳмонлар учун бирдек тушунарли бўлиши мумкин. Лекин "Қамашига хуш келибсиз!", "Шаҳрисабз шаҳрига хуш келибсиз!" каби пешлавҳалар билан ҳам уларнинг эътиборини тортиш мумкин-ку. Қолаверса, хорижлик меҳмон аввало маҳаллий халқнинг соф маданияти, урф-одатлари, шу жумладан, тили, ёзуви билан ҳам танишишни хоҳлайди. Америка ёки Европанинг қайсидир давлатидан келган сайёҳ учун Ўзбекистонда ўз тилида ёзилган пешлавҳани учратиш унчалик ҳам қизиқарли туюлмаслиги тайин.
Ёки бугун тобора урфга айланиб бораётган "I love Kasbi", "I love Karshi" каби жумлалар ўрнига "Мен Қарши шаҳрини севаман" ёки "Жонажон шаҳрим - менинг фахрим" каби пешлавҳаларни ўрнатсак ҳам унинг таъсирчанлиги ошса ошадики, асло пасайиб қолмайди.
Аслида "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг 19-моддасида "Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин", деб қатъий белгилаб қўйилган. Аммо бугун бу қонун талабини таъминлаш масаласи жуда оғриқли аҳволда қолмоқда.
Футболга қизиққаним боис, шу соҳадан ҳам мисол келтиришни лозим топдим. Масалан, футбол бўйича миллий чемпионатимиз номини "Супер лига", ундан бир поғона қуйи лига номини эса "Про лига" деб атадик. Тўғри, ўзини ривожланган давлатлар қаторида кўришга интилаётган бир қатор давлатларнинг чемпионатлари худди шундай ном билан аталади. Аммо буни аввалгисидек "Олий лига", "Юқори лига", "Кучлилар давраси" ёки шу каби соф ўзбекча номлар билан ҳам аташ мумкин. Ахир номнинг қайси тилда бўлиши чемпионатнинг савиясига таъсир этмайди. Масалан, немис футболи ўз тилидаги "Бундестим" ёки "Бундеслига" каби номлар билан бутун дунёни забт этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тилларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлаётган бир нечта омиллар мавжуд. Улардан энг асосийси техника тараққиётидир. Мисол учун, кўплаб замонавий технологиялар, дастурлар, программалар ривожланган мамлакатларда яратилмоқда. Натижада бизга ушбу технологиялар билан биргаликда уларнинг тили ҳам фаол кириб келаяпти. "СМС ёз", "Сохранить қил", "Отправитни бос", "Лайк йиғдим", "пайнет", "планшет", "дисплей", "переслать", "подписчик" каби ибора ва атамаларни фаол ўзлаштиришимизга ана шу жиҳат сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, халқаро миқёсдаги урбанизация жараёни ҳамда дунё мамлакатлари ўртасидаги фаол глобаллашув ҳам кичик ёки ўрта доирадаги тилларнинг заифлашувига олиб келаяпти. Айнан шу омил туфайли тилимизга кўплаб янги сўзлар кириб келмоқдаки, натижада дўконни "маркет", каттароғини "супермаркет", тўйхонани "ресторан", шаҳарни "сити" тарзида ва яна минглаб сўзларни шу каби ажнабий вариантлари билан аташга одатланиб бораяпмиз. Гамбургер, хот-дог, офис, менежер каби сўзларни фаол ўзлаштирдик.
Тилимизни четдан кириб келаётган сўзлар билан шу тарзда "бойитиб" бориб, унинг мусаффолигини сақлаб қолиш чораларини кўрмас эканмиз, она тилимиз тез орада қашшоқлашиб, йўқолиш хавфи ортиб кетиши эҳтимол.
Шу ўринда бир савол юзага чиқади: хўп, муаммо аниқ, аммо уни ҳал этиш, яъни тилимиз софлигини сақлаб қолиш учун нима қилишимиз керак? Тилимизни қандай юксалтириш, улуғлаш ва дунёга ёйиш мумкин?..
Бунинг энг содда ва энг таъсирчан йўли - она тилимизда бийрон гаплашиш, тийран гаплашиш ва яна, яна гаплашишдир! Она тилни туққан онани севгандек севиш билан, она тилда сўзлаш, эшитиш ва ёзиш билан унга хизмат қилиш мумкин.
Шу билан бир қаторда, ўзбек тилида интернетдан тўлиқ фойдаланиш имконини, жумладан, дунёнинг жамики фаол тилларидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан эса ана ўша фаол тилларга таржима қиладиган электрон тизимларни, луғатларни имкон қадар тезлик билан яратишимиз керак бўлади.
Хўжамурод ЖАББОРОВ,
Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори