Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ

23.11.2017


ТИЛЛАНИ ОЛИБ ЎТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур ҳолатда божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 5 августда рўйхатдан ўтказилган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақидаги қарор асосида йўловчилар декларацияда ўзлари билан олиб ўтаётган барча буюмлар қаторида қимматбаҳо тош ва металлардан ясалган буюмларни ҳам қайд этишлари шарт.

Бундан ташқари, Бухарестда имзоланган почта тўловлари хизматлари тўғрисидаги битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 18 апрелда рўйхатга олинган почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига асосан халқаро хатлар ва қиймати эълон қилинмаган посилкаларда тангалар, банк чипталари, кредит чипталари ёки даъвогарнинг бирор бир қимматбаҳо буюмлари, йўл чеклари, платина, олтин ёки кумушдан ясалган буюмлар ёки ишлов берилмаган кўринишдаги қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматбаҳо предметларни жўнатиш тақиқланади.

Белгиланган бу каби тартиб-қоидаларга риоя қилмаганларга нисбатан эса амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

Мисол учун, Нишон тумани ҳудудида жойлашган темир йўл разъездига келиб тўхтаган 319-сонли Душанбе-Москва йўналишидаги йўловчи поезди божхона назоратидан ўтказилганда, ана шундай қонунбузарлик ҳолатига дуч келинди. Ушбу поезд 10-вагонида йўловчи сифатида келаётган Муҳаббат Сафарованинг қўл юклари орасида йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ҳамда яширинча жойлаштирилган қиймати 2,7 миллион сўмлик, оғирлиги 22,4 граммдан иборат бўлган олтин ва кумушдан ясалган 1 жуфт сирға ва 4 дона узук борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда, Нишон тумани ҳудудида жойлашган “Қарши-Керки” чегара божхона пости орқали пиёда ҳаракатланиб кетаётган Рамила Джораеванинг ҳам қўл юклари ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилди. Унинг қўл сумкаси ички томонига хуфёна тарзда жойлаштирилган қиймати 2,6 миллион сўмлик, оғирлиги 10,29 граммдан иборат бўлган олтиндан ясалган 1 жуфт сирға ҳамда 1 дона узук, шунингдек, 200 АҚШ доллари мамлакатимиздан ноқонуний равишда олиб чиқилишига чек қўйилди.

Якунда ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича Муҳаббат Сафарова ҳамда Рамила Джораевага нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жарима жазолари тайинланди ва ашёвий далил сифатида олинган қимматбаҳо буюмлар ҳамда 200 АҚШ доллари белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Бу борадаги жорий амалиёт эса шундан иборатки, давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни ҳисобга олиш ва сақлаш тартибига мувофиқ, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан, ҳар қандай турдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлардан (олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлар – палладий, иридий, родий, рутений, осмий), қайта ишланмаган ва қайта ишланган табиий қимматбаҳо тошлардан (олмослар, бриллиантлар, ёқутлар, зумрадлар, сапфирлар, шунингдек табиий марварид), ярим қимматбаҳо тошлардан ясалган олиб қўйилган заргарлик маҳсулотлари, таркибида қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, табиий марваридлар мавжуд бўлган буюмлар сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига берилади ва шу асосда ҳал қилинади.

Шуни айтиш жоизки, бу борада ўрнатилган тартиб-қоидалар иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, четдан турли хилдаги маҳсулотлар  ноқонуний кириб келишининг олдини олишга хизмат қилади.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo