Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

08.05.2020


ТИНЧ-ОСОЙИШТА ЎТАЁТГАН ҲАР КУНИМИЗНИНГ ҚАДРИ БЕБАҲО

Миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритган, кўплаб халқлар бошига адоқсиз кулфатлар ёғдириб, саноқсиз оилаларни пароканда қилган қаттол урушда фашизм устидан қозонилган Ғалабага бу йил 75 йил тўлди. Бу бир инсоннинг ўртача умрига тенг вақтдир.

Мана бу статистик маълумотларга эътибор беринг: 1941 йилда вилоятимиз аҳолиси сони 479,4 минг кишини ташкил этган. 1941-1945 йиллардаги урушда воҳамиздан 47 минг 3 киши (шундан 95 нафари хотин-қиз) фронтга юборилган. Жанг майдонида ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар 24 минг 926, урушдан қайтиб келганлар 22 минг 77 кишини ташкил этади. 1950 йилга келиб, вилоятимиз аҳолиси сони 396 минг киши бўлган, холос. Яъни шу йилларда Қашқадарё аҳолиси сони 84 минг 800 кишига камайиб кетган. Афғон урушида эса 105 нафар қашқадарёлик ҳалок бўлган.

Айни пайтда вилоятимизда 39 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва 3082 нафар фронт ортида ҳизмат қилган меҳнат фахрийлари истиқомат қилмоқда.

- Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида 2020 йил 30 март куни    Президентимизнинг фармони эълон қилинди, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурбон Сариқов.  -  Унга асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилиши белгиланди. Бугун вилоятимиздаги барча Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ушбу пул мукофотлари тантанали равишда топширилмоқда. Улар ҳар ойнинг 15 санасигача 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари ҳамда ҳар йилнинг 1 октябридан кечиктирмасдан зарур кийим-кечак ва пойабзаллар билан таъминлаб келинмоқда. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳомий ташкилотлар билан биргаликда уруш қатнашчилари ва ногиронлари, уруш орти меҳнат фронти фахрийлари ва якка-ёлғиз, 100 ёш ва ундан ошган қариялар, тинчлик-осойишталикни сақлаш йўлида ҳалок бўлган жангчилар оилалари, беморлар хонадонларига борилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида маҳалла фаоллари бошчилигида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳашарлар ташкил этилиб, уруш қатнашчиларининг уй-жойлари таъмирланиб, обод этилди. Муқаддас қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш, муҳофаза деворларини таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шу кунларда ўзининг 96 баҳорини қаршилаётган, нафақат Муғлоннинг, балки Касби туманининг ҳурматли ва эъзозли,  кекса отахонларидан  бири, серажин юзларидан нур ёғилиб, кўзларида ҳаётдан мамнунлик ифодаси акс этиб турган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло бобо Шерматов қарийб асрга тенг умрининг яхши-ёмон кунларида фақат шукроналик билан яшайди. Ёшларга тинчликнинг улуғ неъмат экани, бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида насиҳат қилишдан чарчамайди.

- 1942 йил июнда роппа-роса 17 ёшимда  ҳарбий комиссариатга ариза бердим-да, урушга кетдим, - дейди  Хайрулло бобо. -  2-Белоруссия фронтида ўқчи полкда бўлим командири бўлиб хизмат қилганман. Смоленск вилоятида биринчи жангга кирганман. Варшавани озод қилдик. Германия чегарасигача душманни қувиб борганмиз. Урушни, ажал билан ҳаёт олишувини ўз кўзим билан кўрганман. Жанггоҳда югуриб кетаяпмиз, ўнг томонимда қозоғистонлик, чап тарафимда украиналик йигитлар. Шундоққина  ёнимизга снаряд келиб тушди. Биз ерга юзтубан ётиб олдик. Снаряд портлади. Устимга тупроқ сачради. Бир оздан сўнг туриб, атрофга аланглайман. Ёнимда ҳамроҳимнинг жасади ётибди.  Бу ҳолат кўп вақт кўз олдимдан кетмай юрди. У кунларни эслаш мен учун жуда оғир. Бугун халқимиз бошига тушган вазиятлар ҳам бир синов. Насиб бўлса, ҳаммаси изига тушиб кетади. Чунки Аллоҳим раҳмдил. Ўзи бизни қўллаб-қувватлайди. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етиб яшайлик.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo