Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

16.01.2018


ТИНЧ-ОСУДА, ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНЛАРИ

Шунга муносиб равишда бу йил мазкур қутлуғ сана мамлакатимиз бўйлаб янгича тартибда ва буткул ўзгача шукуҳда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 декабрдаги фармойишига биноан, республиканинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган ҳарбий техника ва жанговар қурол-яроғлар намойиши, ҳарбий оркестрлар концертлари, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, шунингдек, “Ватанпарвар” клублари ҳарбий-техник ва спорт имкониятлари намойиши каби қатор кўргазмалар, фестиваллар ташкил этилди. Байрам муносабати билан 6 та туманда кўпкари, 7 та туманда катта кураш мусобақалари ўтказилди. Барча тадбирлар ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, кенг жамоатчилик, кексаю ёш билан бирдек қизғин ўтди.

Кенг миқёсдаги асосий тантаналар 14 январь куни Қарши шаҳридаги “Эл-юрт таянчи” монументи ўрнатилган майдонда бўлиб ўтди.

Тадбир вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакилларининг “Эл-юрт таянчи” монументи пойига гуллар қўйиши билан бошланди. Бу ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Ушбу монумент тинч-осойишта ҳаётимизнинг рамзини ифода этади гўё. Шу сабаб ҳам ҳар йили ҳарбийларимиз ана шу монумент пойига гулчамбар қўядилар. Аждодларимиз эъзозлаган қадриятларга, тинч-фаровон ҳаёт шукронаси рамзига ҳурмат бажо келтирадилар.

Шу куни хиёбон, унинг атрофи Қарши шаҳри, туманлардан келган минг-минглаб аҳоли вакиллари учун ҳақиқий сайилгоҳга айланди. Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик анъаналарини том маънода давом эттираётган, халқ манфаати, юрт ободлиги,  адолат ва қонун устуворлиги, бунёдкорлик, яратувчанлик ва аҳил қўшничилик тамойилларига асосланиб ички ва ташқи сиёсат юритаётган мамлакат фуқароларининг чексиз ватанпарварлик ҳисси, ғурур ва ифтихор манбаига айланиб кетди байрам.

Қашқадарё дарёси устида тикланган кўприк ҳам ўзига хос қиёфа касб этган. Бир йил аввал тубдан реконструкция қилиниб, атрофи обод ва гўзал хиёбонга айлантирилган бу кўприк Соҳибқирон Амир  Темур томонидан бунёд этилган. Ватан ҳимоясини муқаддас бурч деб билган, авлодларига тинчлик-аҳилликда яшашни васият этган Соҳибқирон қиёфаси, улкан жаҳонгирлиги акс этди бу манзилда.

Марказий кўча бўйлаб Қуролли Кучларимизда фойдаланилаётган турли жанговар техникалар, махсус зирҳли машиналар саф тортди. Майдонда асов тулпорларни ўйнатиб, юртимиз байроғини баланд ҳилпиратиб юрган чегара қўшинларининг отлиқ аскарлари ҳам йиғилганлар қалбида жасорат, ватанпарварлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини янада  жўш урдирди.

- Ҳали ҳаётимда бундай манзарани, ҳарбийларимизнинг бу қадар қудратини кўрмаган эдим, - дейди Қарши туманилик Дилафрўз Ҳасанова. – Тўғриси, ҳарбий соҳа ҳаётимда, қалбимда ўчмас оғриқ қолдирган. Турмуш ўртоғим ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Бироқ фарзандларимга отаси бизнинг тинч-осойишта кунларимиз учун жонини фидо этганини тушунтираман. Ўйлайманки, бугунги тадбирдан уларда ҳам мард ҳарбийларимизга бўлган ҳурмат-эътибор янада ошди.

Албатта, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб хизмат қилаётган, машаққатли меҳнати, керак бўлган пайтда эса ўзининг ҳаётини ҳам бағишлаб Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли бурчини адо этаётган барча хизматчилар ҳар қанча эҳтиромга муносиб, лойиқ.

- Мен ҳам катта бўлсам, албатта ҳарбий бўламан, - дейди Қарши шаҳридаги 15-мактаб ўқувчиси Шуҳратбек Норбеков. – Ота-онам, ҳамманинг тинчлигини қўриқлайман.

Ҳа, моҳир посбонларимиз бошқараётган, тепасида юртимиз байроғи виқор билан ҳилпираб турган қудратли жанговар техникалар шу куни қанчадан-қанча жажжи болакайлар қалбида  ҳарбийлик касбига иштиёқ, меҳр уйғотгани, бу касбни минглаб ёшларнинг орзусига, мақсадига айлантиргани айни ҳақиқат. 

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши велоспортчилари, чегара қўшинлари отлиқ аскарлари ва ҳарбий машиналар шаҳримиз кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, иштирокчилар кайфиятига янада шижоат бағишлади.

Байрамнинг расмий қисми вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Тантанали тадбирга вилоят фаоллари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Вилоят ҳокими тадбир иштирокчиларини самимий қутларкан, Ватанимизнинг тинч ва осудалиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти қалқони бўлган миллий армиямизнинг салоҳиятини янада юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини юқори даражага кўтариш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида вилоятимиздан ҳам бир гуруҳ ходимлар борлиги қувонарли. Тадбирда мазкур мукофотлар ҳам тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

Президентимиз фармони билан ана шундай юксак мукофотга сазовор бўлганлар ичида Алимардон Хидиров ҳам бор.

- Мукофотни соҳа ходимлари меҳнатига берилган юксак эътибор намунаси деб биламан, - дейди “Жасорат” медали соҳиби, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Шаҳрисабз шаҳар қутқарув  отряди қутқарувчиси Алимардон Хидиров. – 2005 йилдан буён қутқарувчи бўлиб ишлаб келаяпман. Президентимиз мен каби оддий бир йигитнинг меҳнатларини ана шундай юксак мукофотга лойиқ кўрган экан, буни амалга оширган эмас, энди қилажак ишларим учун берилган рағбат деб биламан. Бу йўлда бор куч ва ғайратим, шижоатим ва садоқатим билан меҳнат қиламан. 

Тадбирда, шунингдек, 2017 йилда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати тизимларида ўтказилган “Йилнинг энг илғор мутахассиси” кўрик-танловларининг ғолиб ва совриндорларига дипломлар, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига биноан, вилоят ҳудудида жойлашган бир қатор ҳарбий қисм ва муассасалар раҳбарияти қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Тантанали тадбир вилоят санъат усталарининг катта концерт дастури билан якунланди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo