Ҳокимият ва бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фаоллар, нуронийлар ва ёшлар қатнашган байрам тантанасини жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов кириш сўзи билан очаркан, мамлакатимизда Бош қомус асосида тинчлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминлангани, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан, спорт соҳаларида салмоқли муваффақиятларга эришилаётганини қайд этди. Ўз навбатида бахтимиз қомуси, тараққиётимиз асоси бўлган Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда биринчи Президент Ислом Каримовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Воқелик шуни тасдиқлайдики, қонунлар қанчалик адолатли, мукаммал бўлса, ижтимоий муносабатлар муаммосиз тартибга солинади. Бу ўз навбатида, тараққиёт ва тинчликка бевосита таъсир этади. Конституциямизнинг биз учун муқаддаслиги шундаки, унда ҳар қандай тараққиёт гарови бўлган тинч-тотув, осойишта ҳаёт асослари белгилаб берилган. Энг асосийси, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, ушбу меъёрга нечоғлик амал қилиниши жамоатчилик назорати, халқ диққат-эътиборида туради.
Бош қомусимизнинг устувор аҳамияти байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.
Шунингдек, тадбир доирасида 24 нафар фидойи юртдошимизга "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони ҳам топширилди.
Президентнинг 2017 йил 13 июлдаги қарори асосида ташкил этилган мазкур мукофот жамият ҳаётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор юртдошларимизни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланган фуқароларни табриклаб, уларга мукофотни тантанали топширди.
- 40 йилдан буён далада ишлаб, рўзғор юритиб келарканман, камтарона меҳнатим мени маҳалла ифтихори даражасига кўтарганидан хурсандман, - дейди Миришкор туманидаги "Янги Миришкор агропилла" масъулияти чекланган жамияти ишчиси, Оқмачит қишлоғилик Фароғат Отаева. - Бу йил уйда ипак қурти боқиб, 200 килограмм пилла топширдим. 60 га яқин товуқ, қорамол-қўйларимиз бор, томорқадан ҳам унумли фойдаланамиз. Яна оила аъзоларимиз қўлидан тандирчилик ҳам келади. Бу йил 400 дона тандир сотдик, буям оила бюджетига катта улуш бўлиб қўшилди. Умуман, меҳнатдан кам бўлганимиз йўқ. Мукофот байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: байрам тантанаси лавҳалари ва "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланганлардан бири гуруҳи.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.