Бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган халқимиз азал-азалдан турли миллат вакиллари билан оға-инилардек, дўст-биродар бўлиб яшаган. Табиатан меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз шўролар замонида қатағону қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига ўз уйидан бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Бу ўзбекона фазилатлардан баҳраманд бўлган корейс, немис, турк, поляк, юнон, қрим-татар миллатига мансуб кишиларнинг кўпчилиги шу элда доимий қўним топди, халқимизга хос дўстона муносабатлар боис қаддини тиклади. Уларнинг зурриёдлари эса шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб вояга етди, шу масканда оилали бўлди, обрў-эътибор қозонди. Улар учун Ўзбекистон ҳақиқий Ватан бўлиб қолди.
Миллатлараро тотувлик истиқлол йилларида янада мустаҳкамланди. Халқимизнинг минг йиллик анъаналари, азалий қадриятлари қаторида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик хислатлари янада яққолроқ намоён бўлди.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1992 йил 24 январда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилгани ҳам турли миллат вакилларининг конституциявий ҳуқуқларидан кенг фойдаланиши, ўз миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириши учун зарур шарт-шароитлар яратилишида муҳим ўрин тутди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, баҳамжиҳатликда юрт равнақи, эл фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб яшамоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Барча миллат вакиллари давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этмоқда.
Айни пайтда вилоятда туркман, татар-бошқирд, рус, тожик, араб миллий-маданий марказлари фаолият олиб бормоқда. Мазкур маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган Наврўз, Мустақиллик, Янги йил байрамлари, Конституция қабул қилинган кун сингари муҳим саналарга бағишланган оммавий байрам тадбирларида "Сударушка", "Ал-Арабия", "Қуёш" каби миллий-маданий марказлар қошида ташкил этилган миллий-этнографик гуруҳлар фаол иштирок этмоқда. Уларнинг чиқишларида ҳам юртимиздаги миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топмоқда.
Воҳанинг жануби-ғарбида, Қарши шаҳридан эллик чақирим олисда Жейнов деб аталган шаҳарча бор. Бу ернинг аксарият аҳолиси этник араблар. Қаршидан Жейновга қараб кетаверишда Денов ва Миришкор қишлоқларида ўзбеклар, Фазли ва Қамаши қишлоқларида этник тожиклар, Жейновдан ўтгандан сўнг Чандир ва Помуқда эса этник туркманлар яшайди. Бу аҳоли масканларининг барчасида кишилар бир-бири билан қуда-андачилик қилишиб, аҳилликда умргузаронлик қилишмоқда.
- Жейновлик арабларнинг асосан тўртта уруғи бўлиб, улар Аввона, Баввора, Харрук, Анхуй маҳаллаларига бўлиниб яшашган, - дейди араб миллий маданий маркази раҳбари Холиқберди Бобомуродов. - Бу масканларда арабларга хос соф миллий урф-одатлар кўп жиҳатлари билан тўлиқ сақланган. Араб аёллари киядиган гиззи (аёллар бош кийими), хатабак (тақинчоқ), бухнак (безак тури), бурунга тақиладиган натти (балдоқ) Марказий Осиёда яшовчи бошқа миллатларда учрамайди.
Ҳар бир миллат бошқаларга ўхшамаган удумлари, ўзига хос яшаш тарзи билан гўзал. Демак, тараққий этган давлатларда ҳар бир элнинг миллий хусусиятларига ҳурмат билан қаралишида улкан маъно бор. Шу жумладан, биз яшаётган ҳудудда ҳам миллатлар орасидаги тенг ҳуқуқлилик, ҳар бир элнинг урф-одатлари, анъаналарига, тили ва удумларига ҳурмат билан қараш тамойиллари қонун йўли билан кафолатланган.
Республикамизда ягона бўлган араб миллий-маданий маркази 1993 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулло Саидов ташаббуси билан тузилган эди. У киши умрининг охиригача мазкур ташкилот раҳбари бўлиб ишлади. Шу йиллар давомида марказ жуда кўп хайрли ишларни амалга оширди. Ҳатто араб давлатлари элчихоналари билан алоқалар йўлга қўйилди. Араблар тарихи, бугунги ҳаёти, уларнинг кийиниш тарзи ва удумлари ҳақида китоблар, фотоальбомлар, мақолалар чоп этилди, кўрсатув ва телефильмлар яратилди.
Марказ қошида "Ал-Арабия" номли ансамбль тузилган бўлиб, иштирокчилар нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги танлов ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Мазкур ансамбль Тошкент шаҳрида ўтказилган "Ўзбекистон - умумий уйимиз" фестивалида "Энг яхши миллий қўшиқлар ижрочиси" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритгани ҳам эътиборга лойиқ.
Татар-бошқирд маркази эса 2001 йилда ташкил топган. Унинг қошида "Қуёш" ашула ва рақс дастаси ташкил этилган. Уларнинг туманларда, ўқув муассасаларида хайрия концертларини уюштириб бориши ҳам яхши анъанага айланиб улгурди.
Ўзбек ва туркман халқларини эса умумий тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар ўзаро боғлаб туради. Тақдир синовлари даврида бир-бирига елкадош бўлиб, саодатли дамларда қувончини баҳам кўриб келган бу икки халқ азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, ўзаро савдо-сотиқ қилиб келади, бир дарёдан сув ичади.
Биргина вилоятимизнинг ўзида, асосан Нишон, Миришкор ва Муборак туманларида 50 мингдан зиёд туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. 2007 йилдан вилоятимизда туркман миллий маданий маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Туркман миллий маданий маркази вилоят бўлими томонидан ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги ўзаро тотувлик, дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиб келинади. Чандирда фаолият юритадиган "Аланг" туркман фольклор ансамбли вилоятдаги турли байрамларда, тадбирларда фаол иштирок этади.
Туркманларнинг худди печакдай қилиб пишириладиган нон шаклидаги таоми - ишлики воҳада анча машҳур. Ёйилган хамир ичига гўшт солиниб, темир идишда қумга кўмиб ёки қозонда озгина ёғда қовурилиб пишириладиган бу таомни ҳамма севиб тановул қилади.
- Ўзбек ва туркман халқи ҳақида сўз кетса, бозори ҳам, мозори ҳам бир эл, дея таъриф берилади, - дейди туркман миллий маданий маркази раиси Норбой Жўраев. - Икки халқ ўртасидаги қардошлик, ҳамкорлик ришталари мустаҳкам, мангу. Биргина мисол. Айни пайтда Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида 70 нафарга яқин талаба, Косон педагогика-иқтисодиёт ва Қарши тиббиёт коллежларида 170 нафардан ортиқ ўқувчи қўшни Туркманистондан келиб ўқийди. Шунинг ўзиёқ икки халқ ўртасидаги ўзаро ишончни, ҳамкору ҳамфикрлиликни кўрсатмайдими?!
Тожиклар билан эса воҳа аҳли оға-ини киришиб кетган, қариндошлик ришталари узвий боғланган. Ҳар бир қишлоқ, маҳаллада этник тожиклар билан бир қаторда тақдир тақозоси билан қўшни Тожикистондан келган кишилар ҳам кўплаб топилади. Улар ўзбек ва бошқа халқлар билан тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб, оға-ини, қуда-анда бўлиб кетишган. Яхши-ёмон кунида бир-бирига тиргак, ҳамдарду ҳамфикр бўлиб келган.
- Чунки икки халқнинг маданияти, менталитети ўхшаш - ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, сабр-матонат каби фазилатлар уларга бирдек хос, - дейди тожик миллий маданий маркази раиси Абдурасул Эргашев. - Тан олиш керак, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат бобида ўзбекларга тенг келадигани йўқ. Ҳеч эътибор берганмисиз, кундузими, кечасими ўзбекнинг эшигини тақиллатсангиз, дарҳол очади ва қўлини кўксига қўйиб "Келинг, меҳмон", дея илтифот кўрсатади. Шундай юртда, меҳмондўст ўзбек халқи билан бирга яшаётганимдан фахрланаман.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида ўзига хос бой тажриба тўпланди. Бунда миллатларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини асраб-авайлаш билангина чекланмасдан, балки барча миллат ва элатларнинг умумий бирдамлигига, улар эътиқод қилаётган динларда бағрикенглик таомилини мустаҳкамлашга ва бир ғоя атрофида жипслашишга катта эътибор берилган.
Бугун вилоятимизда ўзбек тилида эркин сўзлаша оладиган рус, корейс, татар, туркман, араб, арман, озарбайжон, беларусь ва бошқа миллатларга мансуб фуқаролар кўп. Уларнинг миллий урф-одатлари ўзбек халқи томонидан алоҳида эътибор билан кузатилади, қаттиқ ҳурмат қилинади.
Айниқса, миллий-маданий марказлар томонидан ўқув юртларида, маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, "Ўзбекистон - умумий уйимиз", "Ватан ягонадир, Ватан биттадир", "Қудратимиз - бирлик ва ҳамжиҳатликда" каби шиорлар остида ўтаётган фестиваллар кўп миллатли воҳамиз аҳолисининг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган.
- Маҳалламизда турли миллатга мансуб кишилар яшайди, - дейди Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рамиз Зоҳидов. - Улар бизга қўшилиб тўй-маъракамизда бўлади, биз ҳам уларнинг яхши-ёмон кунида елкадош турамиз. Рус, татар, тожик, туркман, корейс, қозоқ каби миллат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб келмоқда. 2016 йилда ўтказилган "Энг намунали фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари" танловининг республика босқичида бизга "Маҳаллада миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун" номинацияси ғолиблиги берилгани ҳам бежиз эмас.
Кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик - бу бизнинг миллий бойлигимиз десак, асло муболаға эмас. Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб юртдошларимизнинг ҳар бири, шубҳасиз, буни теран ҳис қилади, англайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида "Жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади. Уларнинг ўртасига нифоқ соладиган экстремистик ва радикал ғояларни тарқатишга Ўзбекистонда мутлақо йўл қўйилмайди", деган сўзлари ҳам бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Ш.БОЗОРОВА, Н.ХЎЖАЕВ
Суратда: Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласида турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшашади.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.