Аслида ота-боболаримиз ҳам сувнинг ўзгача рақси, яъни турли шаклларда отилиб туриши кишига ором беришини яхши билган. Бир қанча тарихий асарларга ишланган миниатюралардаги, Афросиёб деворий расмларидаги фавворалар тасвири юртимизда қадим замонлардаёқ фавворалар бўлганидан дарак беради. Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва темурийлар даврида фавворалар қуриш янада ривожланган. Хусусан, Амир Темур саъй-ҳаракати билан бунёд этилган кўшку саройларда, шаҳар атрофидаги муҳташам боғларда ўша замон меъморларининг нодир ижоди бўлмиш биллур фавворалар бунёд этилган. Маҳобатли масканларга кўрк берган фавворалар гўзаллиги билан дилларга ором бағишлаган. Шу билан биргаликда, аждодларимизнинг меъморчилик санъати нақадар юксак бўлганидан далолат бериб, ўша даврда бу ерга ташриф буюрган сайёҳлару меҳмонларнинг ақлини шоширган. Ҳали европаликлар сувдан бундай гўзаллик яратиш мумкинлигини тасаввур ҳам эта олмаган бир пайтда, Испания элчиси Клавихо Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг Дилкушо боғидаги мўъжаз иншоотни кўриб, бениҳоя ҳайратга тушган ва: “Подшоҳ саройида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди”, дея ўз таассуротларини баён этган.
Мустақиллик йиллари эса юртимизда фавворалар қуришнинг янги даври бошланди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг муносиб турмуш тарзи ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, айниқса, шаҳар марказларида кўплаб истироҳат боғлари, яшил майдонлар ва замонавий фавворалар бунёд этилди. Хусусан, вилоятимиз маркази – Қарши шаҳри ҳам бугун том маънода фавворалар шаҳрига айланган.
- Шаҳарда мўътадил иқлимни пайдо қилишда фаввораларнинг ўрни бўлакча, - дейди Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси фавворалардан фойдаланиш бўлими бошлиғи Шоира Юсупова. - Бизда ёзда ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлади. Бундай шароитда фавворалар атрофга салқинлик бахш этади. Шу сабаб ҳам иссиқ ёз кунлари фавворалар атрофи шаҳарнинг энг гавжум жойларига айланади. Ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари бу ерда сайр қилишни жуда хуш кўришади. Шундан келиб чиққан ҳолда, сўнгги йилларда юртимизда фавворалар қуришга катта эътибор берилаётгани диққатга сазовор. Масалан, айни вақтда шаҳримизда 30 дан ортиқ фавворалар ишлаб турибди. Яна, ҳозирги кунда шаҳримиздаги ҳар бир миттитуман, маҳалла, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари яқинида фавворалар бор. Аҳоли ёзнинг иссиқ кунлари ўзига яқин ҳудуддаги фавворалар ёнига чиқиб, бемалол дам олиши мумкин. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Барча фавворалар атрофи кўкаламзорлаштирилиб, ўтирғичлар ўрнатилган.
Қарши фаввораларининг ўзига хос жиҳати шундаки, улар шакл жиҳатидан бир-бирига сира ўхшамайди. Ҳар бири ўзига хос санъат асарини эслатади. Қарши олимпия захиралари коллежидан амфитеатр рўпарасига қадар чўзилган фавворалардан ҳавога сапчиётган сув оқ туман ҳосил қилиб, ўзига хос овози билан тошқин дарёни эсга солади. Энг муҳим томони, кўп ташкилот, таълим масканлари ана шу фавворалар яқинида жойлашган. У бир вақтнинг ўзида икки четидаги йўлаклар бўйлаб ишга, ўқишга қатнайдиган минглаб инсонларга салқин шабада улашиб туради.
Қарши темир йўл шоҳбекати ёнидаги яна бир фаввора эса ўзининг замонавий, мураккаб механик қурилиши, бир вақтнинг ўзида бир неча шаклда тулғониб, ранго-ранг жилоланиши билан ҳамшаҳарларимиз, шаҳримиз меҳмонларининг ҳайратини ошириши табиий. Айниқса, темир йўл орқали шаҳримизга кириб келаётган меҳмонларнинг диққатини биринчи бўлиб жалб қиладиган ҳам, уларга бу шаҳарнинг гўзалликлари ҳақида илк таассуротни берадиган воситалардан бири ҳам ана шу фаввора. Ёхуд мотамсаро она ҳайкали рўпарасидаги ярим ой шаклли фавворани эсланг. У майин ҳаракатлари билан кишини хотиралар уммонига ғарқ этади гўё. Шунингдек, Одина масжиди ёнидаги замонавий, мусиқали фаввора ранго-ранг жилоланиб, ўзига хос тўлқинлар ҳосил этса, Наврўз майдонидаги 3 та фаввора бироз узоқдан қараган кишига тоғнинг учта оқ чўққисига ўхшаб кўринади.
Хуллас, Қарши фаввораларининг ҳар бири ўзига хос санъат асари. Уларда замонавий ва миллий меъморий анъаналар мужассамлашиб кетган. Оқшомлари уларда турли нурлар товланади, бу эса сувнинг шовуллаши орқали ҳосил бўлган ўзига хос оҳанглар билан уйғунлашиб кетади. Фаввораларнинг ўзига хос рақсини томоша қилиш, оҳангларини тинглаш асносида дам олувчилар бир нафасда бор ташвишларини унутадилар. Шаффоф, тиниқ сувнинг рангин нурларга беланган кўйи тепага чиқишию, бетакрор тулғониб, жилваланиб пастга тушиши қалбларга олам-олам завқу шавқ бағишлайди. Ёзнинг иссиқ кунларида улар атрофида маза қилиб ҳордиқ чиқараётган кишиларнинг кўнглида албатта, шукроналик туйғуси кечиши тайин.
- Ёз ойларида деярли ҳар куни кечда фарзандларим билан фаввора ёнига чиқишга одатланганмиз, - дейди Қарши шаҳрилик Розия Жўрақулова. – Бу ердаги салқин шабада, мусаффо ҳаво, атрофдаги гўзаллик кишига ўзгача роҳат бағишлайди. Чарчоқлар чиқиб кетади, кайфият кўтарилади.
Дарҳақиқат, фавворалар атрофини кузатар экансиз, бу ерда фақат бир нарса – завқу шавқ, қувонч ва шодлик бўлиши эътиборингизни тортади. Сув пуркаб турган мўъжаз иншоотлар юртимиздаги тинчлик, фаровонлик, халқимизнинг бахту иқболини англатиб тургандек бўлади, гўё. Аслида ҳам шундай. Зеро, тинчлик ва осудалик ҳукм сурган мамлакатгина улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошира олади. Одамларнинг дам олиши, кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун имкониятлар, шарт-шароитлар яратилади. Энг муҳими, кўнгилларга шодлик, қувонч сиғади, шунга эҳтиёж туғилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
С.НАРЗИЕВ ва Ж.НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.