Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Тош ПЎЛАТОВ

26.01.2017


ТИНЧЛИК – ҒОЙИБДАН ТУШГАН ҲОДИСА ЭМАС

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, дунёнинг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Уруш авж олган мамлакатлар иқтисодиёти орқага кетмоқда, маданият, илм-фан заволга юз тутиб, инсоннинг олий ҳуқуқлари, муқаддас қадриятлари поймол қилинмоқда.

Дунёда шундай нотинч вазият давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм суриб, халқимиз турмуши тобора фаровонлашиб бораётгани ўз-ўзидан бўлаётган ҳодиса эмас. Бунинг асосий сабаби, энг аввало, давлатимиз томонидан барча таҳдид ва хавф-хатарлардан халқимизни ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тизимли равишда амалга ошириб келинаётгани билан боғлиқ.

Бир қарашда тинчлик-осойишталик бизга ғойибдан тушган ҳодисадек туюлади. Гўё юртимиздаги осойишталикка ҳеч ким дахл солмоқчи эмасдек, бунга ҳаққи ҳам йўқдек, гўё ҳамма ишлар ўз-ўзидан бўлаётгандек. Аммо геосиёсий ўйинлар майдонида ҳамма ҳам бизнинг эзгу ниятларимиз билан ҳисоблашишни истамайди. Бу – бор гап.

Сабаби, юртимиз жамоавий хавфсизлик тизими изчил йўлга қўйилмаган минтақада, нефть ва газ каби энергия ресурслари бой стратегик марказда жойлашган. Шу боисдан бу ҳудудда бутун дунёда энергия тақчиллиги  шароитида кўпгина давлатларнинг бир-бирига мос келмайдиган манфаатлари ўзаро тўқнашади. Бундан ташқари, юртимиз диний  экстремизм, терроризм ва гиёҳвандлик илдиз ёйган Афғонистон каби нотинч давлатлар билан чегарадош.

Шу маънода тинчлик-осойишталик биз учун ниҳоятда қадрли неъмат. Сабаби, нотинч, зиддиятли кунларни ҳам кўрдик. Бошдан кечирдик. Нотинч кунлар қандай машъум оқибатларга олиб келишига ҳам гувоҳ бўлдик. Узоққа бормайлик. Яқин ўтмишимизда содир бўлган бир неча воқеаларни эсга олайлик.

1989 йилнинг май ойи охирлари, июннинг бошлари бутун Фарғона вилояти жанжал ва тўполонлар алангаси ичида қолиб кетганди.

Айтиш мумкинки, қадимдан ўзининг бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқатлилик фазилатлари билан шуҳрат қозонган халқимиз ҳеч қачон бировга нисбатан адоватда бўлмаган, қўл кўтармаган. Бироқ, собиқ иттифоқдаги бузғунчи кучлар таъсирида ана шундай фавқулодда кутилмаган фожиа содир этилди ва бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Мингга яқин киши жароҳатланди. Саккиз юздан ортиқ уйга ўт қўйилди. Давлат ва жамоат идораларининг биноларига зиён етказилди. Оммавий чиқишлар ва тўполонларда ўттиз мингга яқин одам иштирок этди. Етказилган зиён бир неча миллион сўмдан иборат бўлди.

Кейинчалик аниқ тарихий далиллар асосида маълум бўлдики, ана шу тартибсизликларга, халқимиз, юртимиз манфаатларига мутлақо зид бўлган ҳаракатларга миллий кийимларни кийиб олган, аслида бошқа миллатларга мансуб бўлган, махсус тайёргарлик билан кўчага чиқарилган кишилар ташкилотчилик қилишган, улар тинч аҳолини қўзғаб, жанжал чиқаришга даъват этган. Улар месхети турклари ва бошқа миллат вакилларига қарши иғво ва бўҳтон гапларни тарқатиб, содда оломонни ғалаёнга келтиришга уринган ва баъзи ҳолатларда бундай ёвуз ниятларини амалга оширишга эришган ҳам.

Собиқ совет давлатининг марказий матбуоти, жаҳондаги кўпгина оммавий ахборот воситалари бор ҳақиқатни айтиб, жаҳон аҳлини огоҳ этиш, бундай тўполонларнинг олдини олиш ўрнига, бамисоли оловга ёғ сепгандек, воқеаларни бир ёқлама ёритишга ҳаракат қилди. Асосий айбдорлар бир четда қолиб, улар жабр кўрган, қанча-қанча қурбонлар берган халқимиз шаънига маломат ёғдиришга уринди.

Қаранг-а, “сценарий”лар шакли, ташкилотчилари ҳар хил бўлиши мумкин, бироқ мақсад битта бўларкан.

1999 йил 16 февраль воқеаларида ҳам, 2000 йил Узун ва Сариосиё туманларидаги, 2004 йил Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари ортида ҳам панада туриб, бузғунчиликни авж олдиришга уринувчи манфур кучлар турганди. Улар юртнинг тинчини, элнинг фаровонлигини кўролмайдиган жирканч кимсалар эди.

2005 йил 13 май кунлари Андижон шаҳрида одамларнинг қурбон бўлишига ҳамда фуқаролар ва давлат мулкига катта моддий зарар етказилишига олиб келган қатор террорчилик ҳаракатлари ҳам ана шундай сценарий асосидаги ҳаракатлар эди.

Андижондаги террорчилик ҳаракатлари ташқи бузғунчи кучлар томонидан Ўзбекистоннинг мустақил сиёсатига, унинг миллий манфаатларига қарши пухта режалаштирилган ва ташкил этилган хуруж бўлиб, мавжуд конституциявий тузумни ўзгартириш ва бу кучларнинг геосиёсий манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган ислом давлатини тузишга қаратилгани аниқланган.

2004 йил август ойидан бошлаб бу бузғунчи кучлар “Туркистон исломий ҳаракати”, “Ҳизб-ут таҳрир” ва унинг оқимларидан бири бўлган – “Акромийлар” халқаро террорчилик ва диний экстремистик ташкилотларини жалб қилган ҳолда, 2005 йил май ойида ҳокимиятни эгаллаш ва конституциявий тузумни ағдариш мақсадида Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган.

Террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш бўйича сценарий ва батафсил режа пухта ишлаб чиқилган. Жумладан, қуролли гуруҳларни тузиш, уларни жанговар тайёргарликдан ўтказиш, қурол-яроғ ва ўқ-дори билан таъминлаш, ҳужум уюштириладиган объектларни, хусусан ҳарбий қисмлар ҳамда ҳарбийлашган тузилмалар бўлинмалари, уларнинг қурол-аслаҳа омборларини аниқлаш ва разведка қилиш олдиндан режалаштирилган.

Улар террорчилик ҳаракатларига тайёргарлик жойи сифатида Қирғизистоннинг жанубий вилоятларини танлаган, у ерда 2005 йилнинг январидан апрелигача хорижий инструкторлар 70 нафарга яқин диний экстремистга қўпорувчилик-террорчилик усулларини ўргатган.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси қуролланган жангарилар Ўзбекистон ҳудудига бостириб кирган ва террорчилик ҳаракатларида фаол иштирок этган.

Террорчилик хуружи билан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонга қарши ахборот уруши ҳам тайёрланган.

Террорчилик ҳаракатлари билан бир қаторда аҳолининг гўёки “тинч намойиши”ни уюштириш ҳам режалаштирилган. Уларнинг режасига кўра, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўладиган “гуманитар”, “хайрия” деб аталмиш халқаро ташкилотлар бу ерда ҳам пайдо бўлиши керак эди.

Шу мақсадда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор хорижий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва чет эл хайрия жамиятларининг олдиндан хабардор қилинган вакиллари ҳали воқеалар бошланмасидан аввал Андижонга чегарадош ҳудудларда тўплана бошлаган.

Андижон воқеаларида юзлаб кишилар ҳалок бўлган, давлат ва  жамият манфаатларига жуда катта миқдорда моддий зарар етказилган.

Табиийки, бу мудҳиш жиноятни содир этган кимсалар қонуний жазоларини олишди, юртнинг тинч кунини кўролмаганлар элнинг қарғишига дучор бўлди.

Шукурки, у кунлар ортда қолди. Юртимизда тинчлик-осойишталик, барқарорлик таъминланди. Бунинг натижасида эришган ютуқ ва натижаларимиз оламшумул, ҳавас қилгулик.

Аммо шуни ҳам чуқур англаш зарурки, тинчлик – ғойибдан тушган ҳодиса эмас, унинг учун курашмоқ керак. Юқорида келтирилган мисоллар фикримизни тасдиқлайди. Тинчлик бардавомлигини таъминлашнинг асосий шарти эса огоҳликдир. Огоҳлик хавф-хатардан асрайди, фалокатларнинг олдини олади. Айниқса, тинчлигимизга нималар таҳдид солаётгани, катта-катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашган ҳудудларда қандай сиёсий ўйинлар кетаётганини олдиндан кўриб, англаб олинса, уларга қарши чора топишга вақт ҳам, имкон ҳам бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаб келади, тинчликдек бебаҳо неъматни асрашга халқимизни даъват этади, тинчлик учун албатта огоҳлик зарурлигини доимо уқтиради.

Зеро, мустақиллик берган улуғ неъматлардан бири – тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, унинг қадрига етиш, бардавомлигига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг  инсоний бурчимиздир.

Тош ПЎЛАТОВ

Report typo