"Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" - бугунги кунда барча гўшаларимизда ушбу шиор ҳар бир кишининг дилидан тилига кўчган, ҳар бир киши қалбидаги кўтаринки сўзлар сифатида жаранг сочмоқда.
Дарҳақиқат, Ватан - ягона, Ватан - бетакрор. Шу боис, унинг ҳар қарич ерини зарга, ҳар ҳовуч тупроғини олтинга қиёс этамиз. Она заминимизни муқаддас билиб, ҳар бир неъматини кўзимизга тўтиё айлаймиз. Истиқлол эса ана шу эзгу анъаналаримиз, туйғуларимизга жўшқинлик бағишлади. Ватаннинг қадр-қимматини янада теранроқ англаб етишга ундади. Муҳими, бугун халқимиз яратувчанлик, бунёдкорлик иштиёқи билан яшамоқда. Бунинг ифодаси, аввало, юртимизнинг кўркам қиёфаси, турмушимиз фаровонлигида кўзга яққол ташланмоқда.
Мустақиллик ҳақиқатан ҳам буюк воқеа бўлиб ҳаётимизга кириб келди. Бу сананинг буюклиги шундаки, мустақиллик Ватанимиз тарихида янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берди. Давлат раҳбари томонидан "Энди эскича яшаб бўлмайди", деб қатъий айтилди.
Кечаги кун манзаралари эса... Бир ёқлама ривожланган, фақат пахта етказиб беришга йўналтирилган, бирорта ҳам ишлаб чиқариш саноати бўлмаган, ночор иқтисодиёт, жар ёқасига келиб қолган мамлакат, бўм-бўш пештахталару охири кўринмайдиган навбатлар, бир неча кунга етадиган ғалла захираси... Кўримсизгина мактаблар, касалхоналар. Энг ёмони, халқнинг иродаси синган, эртанги кунга ишончи йўқолган, бугунидан норози эди.
Ўтган давр мобайнида Ватанимиз босиб ўтган йўлни, амалга оширилган тарихий ишларни холисона сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларга, аввало, қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришилганини ҳар биримиз чуқур англашимиз лозим. Энг муҳими, бу кунларга етиш осон бўлмагани, айни пайтда рўй бераётган ўзгаришларни ҳаётий воқеалар, ўзимиз, оиламиз тақдири, фарзандларимиз эришаётган муваффақиятлар мисолида англаб етишимиз муҳим аҳамиятга эга.
Шуни ҳам чуқур англашимиз лозимки, эгаллаган марраларимиз, аввало, мустақиллик берган неъмат - тинчлик ва осойишталик туфайлидир.
Тинчлик. Қулоққа ҳам, қалбларга ҳам ёқадиган сўз. "Тинчлик - фаровонлик йўлдоши", "Тинч элнинг боғи гуллар", "Тинчлик билан эл кўкарар, ёмғир билан ер", "Тинчлик - бахт, соғлик - тахт" каби сўзларни жуда кўп эшитамиз. Юрт тинч бўлмаса, кўнгил хотиржам бўлмайди. Хонадонлар тинч бўлмаса, юрт ҳам тинч бўлмайди.
Шу ўринда айтиш ўринлики, республикамиз минтақамизда ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган деярли барча халқаро ҳужжатларга қўшилган. Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган, уларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда. Хусусан, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги, "Фуқаро муҳофазаси тўғрисида"ги, "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги, "Мудофаа тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қатор қонунлар халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлмоқда.
Бир нарсани унутмаслигимиз керак: тинчликни ҳеч ким яратиб бермайди. Унинг учун курашиш, уни асраш, қадрига етиш керак. Чунки инсон хотиржам ва осойишта бўлсагина, мақсади сари дадил интилади, ўзини чинакамига бахтли ҳис қилади.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак" рисоласида халқимиз ва унинг ҳаёти, тақдири хусусида сўз боради. Унда энг муҳим масала сифатида, тинчлик ва уни нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам барқарорлаштириш борасида чуқур мулоҳазалар баён қилинади.
Ўзбек халқи азалдан тинчликсевар, обод ва фаровон ҳаёт сари интилган ва шунинг учун курашган халқдир. Ўзбекистон халқига нега биринчи ўринда тинчлик керак, омонлик керак? Бу саволга ҳар биримизда жавоб бор. Чунки тинчлик бор ерда ривожланиш бўлади. Тинчлик бор ерда эртанги кунга ишонч бор ва яна энг муҳими, тинч юртда ўғил-қизларнинг тақдирига, уларнинг орзу-интилишларига қанот берилади, истеъдодлари юзага чиқарилади, илм-фан, спорт, маданият, умуман, барча соҳаларда юксак натижаларга эришиб, дунёга танилишига зарур шароитлар яратилади.
Шундай экан, тинчлик - неъмат, унинг шукри эса огоҳлик, десак муболаға бўлмайди. Тинчликни асраш фақат чегара посбонларининг ёхуд бу ишга мутасадди бўлган кишиларнинг вазифаси, деган киши хато қилади. Юртимиз ривожи, тараққиёти, истиқлолимизу истиқболимизга муносиб ҳисса қўшадиган, Ватанини севадиган, киндик қони тўкилган муқаддас заминни ардоқлайдиган, ҳимоя қиладиган фарзандларни тарбия қилиш барчамизнинг шу юрт олдидаги қарзимиздир. Шундагина истиқлол абадий, тинчлик-осойишталик бардавом бўлади. Тотини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайдиган бу неъматларнинг мевасини эса сизу биз, фарзандларимиз кўради, бу улуғ бахтни улар ҳам асраб-авайлашади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати